Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 2 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмиталари 2007 йил 2 ноябрь куни Р.Р.Шредер номидаги илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасида “Илмий-ишлаб чиқариш базасини ривожлантириш – қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида муваффақият гарови” мавзуида конференция ўтказдилар.
 
Конференцияда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг академик Р.Р.Шредер номидаги Боғдорчилик ва узумчилик илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси боғдорчилик ва узумчилик соҳасида янги ҳамда яхшиланган навлар яратиш устида иш олиб бораётган йирик илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш муассасасидир. Муассаса таркибига академик Р.Р.Шредер номидаги бош институт ва унинг Самарқанд, Фарғона филиаллари, Тоғ боғдорчилиги ва узумчилиги филиали, Виночилик филиали, Жанубий Ўзбекистон тажриба станцияси, Наманган, Сўх ва Бухородаги учта таянч пункти ҳамда 15 та тажриба хўжалиги киради. Барча илмий муассасалар ва тажриба хўжаликларининг умумий майдони 11 минг гектарни ташкил қилади.
Мамлакатимизнинг ана шу йирик илмий маркази хилма-хил соҳаларда ҳар томонлама тадқиқотлар олиб бориш имконини бермоқда. Бу тадқиқотлар боғдорчилик ва узумчилик хўжаликларида кўчат етиштиришдан бошлаб, мева ҳамда узумни қайта ишлашгача бўлган барча масалаларни қамраб олади. Кўп йиллик тадқиқотлар натижасида республикада янги машина ва механизмлардан фойдаланиб, тез ҳосилга кирадиган боғлар ва узумзорлар барпо этишнинг комплекс технологияси ишлаб чиқилди, мева ҳамда узум етиштиришни кўпайтиришнинг энг муҳим захираларидан бири сифатида боғлар ва узумзорлар барпо этиш мақсадида тоғлар ва тоғ олди зоналардаги ерларни ўзлаштириш муаммосига катта эътибор берилмоқда. Ушбу зоналарда боғ ва узумзорлар яратиш, уларни парвариш қилишнинг агротехника усуллари ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин тармоқда жуда катта таркибий ўзгаришлар юз берди. Замонавий қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базанинг яратилиши, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги ва бошқа қонунларнинг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ислоҳ қилишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ва қарорлари қабул қилинганлиги мева-сабзавотчилик ва узумчилик ширкатларини фермер хўжаликларига айлантириш, агросаноат фирмаларини ташкил этиш ҳамда мева-сабзавотчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш, шунингдек мамлакатда мева-сабзавот маҳсулоти ва узумни экспорт қилиш учун зарур база яратишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш учун асос бўлди.
Тошкент шаҳрида “Агроминитех” халқаро кўргазмаси ўтказилганлиги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фермер хўжаликларига ва кичик бизнеснинг бошқа субъектларига мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотини қайта ишлаш бўйича минитехнологиялар ва ихчам ускуналар сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар бериш ҳамда лизинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори қабул қилинганлиги ҳам тармоқни жадал ривожлантиришга ёрдам берди.
Конференция иштирокчилари тармоқни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиб, ҳозирги вақтда бозор муносабатлари шароитида боғдорчилик ва узумчиликни янада жадал ривожлантириш, фан билан ишлаб чиқариш алоқасини мустаҳкамлаш ва илмий-тадқиқот ишларининг самарадорлигини ошириш борасида мазкур тармоқ олдида катта вазифалар турганлигини қайд этдилар. Шу муносабат билан серҳосил, юқори сифатли, зараркунандаларга, касалликларга, совуққа, қурғоқчиликка ҳар жиҳатдан чидамли, сув истеъмол қилиш коэффициенти паст бўлган, экологик барқарорлиги, ҳосилдорлиги ва сифати бўйича мавжуд навлардан устун турадиган мева ва узум навларини яратиш; Ўзбекистоннинг ҳар хил тупроқ-иқлим зоналарида мева ва узум навларини етиштиришнинг ресурс ва меҳнатни тежайдиган, экологик жиҳатдан хавфсиз технологияларини ишлаб чиқиш; турли зоналарда тупроқ унумдорлигини ошириш усулларини такомиллаштириш; узумдан майиз қилиш ва уни сақлашнинг комплекс технологиясини ишлаб чиқиш; боғлар ва узумзорлар учун энергияни тежайдиган агроусуллар қўлланилишини таъминлайдиган техник воситаларни яратиш; бозор иқтисодиёти ва мулк шаклларининг хилма-хиллиги шароитида ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш асосида боғдорчилик ва узумчиликнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш каби муҳим йўналишларда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Фикр алмашиш асносида норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, тармоқни модернизациялаш, замонавий инновация лойиҳаларини жорий этиш, қайта ишловчи корхоналар тармоғини кенгайтириш, илмий марказнинг барча минтақаларда филиаллари ташкил топиши ҳамда ривожлантирилишига эришиш ҳақида таклифлар билдирилди.
Конференция ишида тегишли вазирлик ва идораларнинг вакиллари, олимлар, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ халқаро лойиҳаларнинг, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаларининг, фермер хўжаликларининг раҳбарлари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov