Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 2 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари” мавзуида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамғармаси билан биргаликда ташкил этилган семинар 2007 йил 2 ноябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлиги биносида бўлиб ўтди.
Семинарда қайд этилганидек, ҳозирги вақтда фуқаролик жамиятининг таянч демократик бўғини бўлмиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ҳамда ваколатларини кучайтириш масалалари мустақил Ўзбекистонни ривожлантиришда устувор йўналишга айланди. Мамлакатимиздаги тўққиз мингга яқин фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ишида 100 мингдан ортиқ фаол иштирок этмоқда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини тартибга соладиган тегишли ҳуқуқий база яратилган бўлиб, улар ўз ваколатларини амалга ошириши учун қонун ҳужжатларига мувофиқ катта имкониятлар берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг Ўзбекистон мустақиллигининг 16 йиллигига бағишланган қўшма мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, “Давлат ҳокимияти марказий органларининг бир қатор ваколат ва вазифаларини, авваламбор иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал этиш, бюджет ташкилотларини, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш ишларини молиялаштириш, одамларни иш билан таъминлаш ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатларини маҳаллий ҳокимият, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳаллаларга босқичма босқич ўтказиш жараёни амалга оширилмоқда”.
Семинар иштирокчилари давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ижро этиши юзасидан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларини қарор топтириш ва ривожлантириш учун ҳамма шароитлар яратиб берилганлигини, ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини амалга оширишда фуқароларга ёрдам берилаётганлигини таъкидладилар. “Фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ 2006 йил май–июнь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ҳамда улар маслаҳатчилари сайлови бўлиб ўтди. 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси мажлисида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг шаҳарча, қишлоқ ва овуллар фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) томонидан айрим фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш ҳамда нотариал ҳаракатларни амалга оширишга доир қисми ижро этилиши масаласи кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари 2006–2007 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг сайёр мажлисларида муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2006 йил 25 декабрдаги Қарори билан тасдиқланган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришга доир 2007–2008 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини амалга ошириш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органлари, “Маҳалла” жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига амалий ёрдам кўрсатмоқдалар, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) учун амалий машғулот ва семинарлар ўтказмоқдалар, маҳалла қўмиталарини бинолар, ташкилий-техника ва тегишли адабиётлар билан таъминлашга қаратилган зарур чора-тадбирларни кўрмоқдалар. Туман ва шаҳар ҳокимликлари ёрдамида фуқаролар йиғинларида корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ободонлаштириш муаммолари юзасидан ҳисоботлари тингланмоқда. Ижтимоий соҳа, коммунал хизматлар ҳақини тўлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва уй-жой бинолари ҳамда ҳовлиларни намунали сақлаш, шунингдек иссиқлик ва электр энергиясидан ҳамда сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш масалаларини ҳал қилишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан ҳамкорлиги йўлга қўйилмоқда.
Масалани муҳокама қилиш асносида семинар иштирокчилари фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини кучайтиришга қаратилган аниқ мақсадли ишларни давом эттириш, уларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва керакли адабиётлар, газета ҳамда журналлар билан таъминлаш, шунингдек фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги кичик корхоналарнинг тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадларга солиқ имтиёзлари бериш зарурлигига эътиборни қаратдилар.  Семинар иштирокчилари қишлоқ ёшлари орасида олиб борилаётган спорт, оммавий-сиёсий, маънавий-маърифий, маданий ва бошқа тадбирлар самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўладиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг кенг иштирокини таъминлаш борасида ҳам таклифлар билдирдилар.
Семинар ишида сенаторлар ва Олий Мажлис депутатлари, Тошкент вилоятидаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари ва вилоят фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, “Маҳалла” жамғармаси, Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти, Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Тошкент давлат юридик институти, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov