Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 1 декабрь

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
ўн иккинчи ялпи мажлиси тўғрисида
АХБОРОТ

2007 йил 1 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Парламент юқори палатаси аъзолари ўз ишларини «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган бола ҳуқуқларининг кафолатлари мужассам этилганлиги ҳамда мустаҳкамлаб қўйилганлиги таъкидланди. Қонунда болаларнинг ҳуқуқларини, шу жумладан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқларини кафолатлайдиган нормалар ҳам назарда тутилмоқда. Сенаторлар ушбу Қонунни маъқулладилар.
Манзил-колония ҳудудини ўзбошимчалик билан ташлаб кетган маҳкумга нисбатан уни сақлаш режимини ўзгартириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган «Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 542-моддасига қўшимча ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 61-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам сенаторлар томонидан кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг «Ҳукм, ажрим ва қарорни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш тартиби» деб номланган 542-моддаси жазони ижро этиш муассасаси ҳудудини ёки маъмуриятнинг йўлланмаси бўйича ўзи туриши лозим бўлган бошқа жойни ўзбошимчалик билан ташлаб кетган маҳкумни манзил-колониядан бошқа тартибли колонияга ўтказиш тўғрисидаги масала прокурорнинг илтимосномасига биноан кўриб чиқилишини назарда тутувчи иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда. Маҳкумнинг судда ҳозир бўлишини таъминлаш имконияти бўлмаган тақдирда, мазкур масала суд томонидан маҳкумнинг иштирокисиз кўриб чиқилади. Шу билан бирга маҳкумни қамоққа олиш ва унга нисбатан қидирув эълон қилиш ҳақидаги масала суд томонидан ҳал қилиниши керак. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин парламент юқори палатаси аъзолари Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамкорлик соҳасига доир қатор ҳуқуқий ҳужжатларни кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Булардан бири «Ўзбекистон Республикасининг Почта тўловлари хизматлари тўғрисидаги Битимга (Бухарест, 2004 йил 5 октябрь) қўшилиши ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидир.
Почта алоқаларини йўлга қўйиш ва такомиллаштиришни таъминлаш ҳамда бу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадини кўзловчи Умумжаҳон почта иттифоқига Ўзбекистон Республикаси 1994 йилдан бери тўла ҳуқуқли аъзодир.
Мазкур Иттифоқнинг почта тўловлари хизматлари тўғрисидаги битими пул маблағларини жўнатиш ва етказиб бериш билан боғлиқ почта хизматларини тартибга солади, бу эса Битимда иштирок этувчи мамлакатларнинг почта муассасалари томонидан валюта алмаштириш амаллари содир этилишини назарда тутади.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон ва бошқа давлатлар фуқароларининг пул маблағларини почта тармоғидан фойдаланган ҳолда ўтказишга бўлган талаб-эҳтиёжларини қаноатлантиришга имкон яратади.
Сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисида Шартномани (Тошкент, 2007 йил 14 март) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар. Шартнома ҳар иккала томоннинг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган, жазога тортилишга мустаҳиқ ҳар қандай ҳуқуқбузарликка нисбатан жиноят ишлари бўйича тергов олиб бориш, жиноий таъқиб қилиш ёки суд ишларини юритишда бир-бирларига ёрдам беришга йўналтирилган бўлиб, унда ўзаро ҳуқуқий ёрдам турлари, Томонларнинг ваколатли марказий органлари, сўралаётган ҳужжатларни тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги аниқ қоидалар бор.
Шундан кейин «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида транспорт ва товарлар транзити соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2007 йил 14 март) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Уни муҳокама қилиш асносида сенаторлар мазкур Битим ҳар иккала мамлакат ўртасида юк транспорти қатновини, шунингдек учинчи мамлакат орқали транзитни амалга оширишни осонлаштириш мақсадида транспорт ҳамда товарлар транзити соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини тартибга солишга қаратилганлигини таъкидладилар.
Сенаторлар «Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Париж, 2003 йил 17 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар. Ушбу Қонунни қабул қилиш замирида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Маориф, фан ва маданият масалалари бўйича шуғулланувчи ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференциясида 2003 йил 17 октябрда қабул қилинган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилиш мақсади мужассам деб айтилди. Конвенция 2006 йилнинг 20 апрелидан кучга кирган бўлиб, ҳозирги вақтда 78 давлат ушбу Конвенция иштирокчисидир.
Мазкур Конвенция номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, номоддий маданий мерос ва унинг ўзаро эътироф этилиши, шунингдек номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш масалаларида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигига маҳаллий, миллий ва халқаро даражаларда эътиборни жалб қилиш мақсадида қабул қилинган.
Ҳозирги вақтда ЮНЕСКО инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мерос дурдоналари рўйхатини тузган бўлиб, бу рўйхат ташкилотга аъзо бўлган 60 давлатнинг 90 та дурдонасини ўз ичига олган. Улар орасида Ўзбекистон номоддий маданий меросининг иккита намунаси – Бойсун туманининг маданий мероси (2001 йил) ва Шашмақом мусиқа анъаналари (2003 йил) бор.
«Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстона муносабатларни ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисида Шартномани (Ашхобод, 2007 йил 18 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилиш чоғида сенаторлар ушбу ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш замирида Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстона муносабатларни ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 2007 йил 18 октябрдаги Туркманистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган шартномани ратификация қилиш мақсади мужассам топганлигини алоҳида таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстона муносабатларни ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги шартнома иккала давлат ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ҳар томонлама ҳамкорликни барча йўналишларда янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш ҳамда икки томонлама ҳамкорликка янгича сифат ҳамда хусусият бахш этиш мақсадида, шунингдек ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш мақсадида тузилган.
Мазкур Шартномага мувофиқ Томонлар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида ҳар иккала мамлакат манфаатларини кўзлаб икки томонлама ҳамкорликни ривожлантира ва кенгайтира борадилар ҳамда мустаҳкамлайдилар.
Сенаторлар «Аҳолини Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо бўлган давлатлар ҳудудида ишлаб чиқарилаётган дори-дармон воситалари, вакцина ва бошқа иммунобиологик дорилар, тиббий буюмлар ва тиббий техника билан таъминлаш тўғрисидаги Битимни (Ашгабат, 1993 йил 24 декабрь) денонсация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Ушбу Қонунни қабул қилишдан асосий мақсад аҳолини Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар ҳудудида ишлаб чиқарилаётган дори-дармон воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника билан таъминлаш тўғрисидаги битимни денонсация қилишдан иборат эканлиги, зотан ушбу ҳужжат бугунги кунга қадар ҳам амалда кучга кирмаганлиги, мазкур Битимнинг қоидалари ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектлари учун ишламаётганлиги айтиб ўтилди. Аҳоли чет элда ишлаб чиқарилган дори воситалари, тиббий техника ва ашёлар билан икки томонлама келишувлар асосида таъминлаб келинмоқда. 
Шундан кейин парламент юқори палатаси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди таркибига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги масалаларни кўриб чиқдилар.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Парламент юқори палатасининг ўн иккинчи ялпи мажлисида ҳаммаси бўлиб 26 та масала кўриб чиқилди, уларни муҳокама қилишда 60 нафар сенатор сўзга чиқди. 
Сенаторларнинг аксарияти фикрича, Олий Мажлис Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар жамиятни демократлаштириш ва янгилашга қарата мамлакатимизда кенг кўламда амалга оширилаётган ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ишига хизмат қилади.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov