Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 yil 26 may

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

2006 йил 26 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда “Оммавий болалар спортини ривожлантириш — навқирон авлоднинг жисмоний ва маънавий соғломлигини шакллантиришнинг муҳим шарти” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказди.
Конференцияда сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар оммавий спортини ривожлантириш масалаларига катта эътибор берилаётганлиги қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганлиги бунинг ёрқин далилидир.
Болалар спортини ривожлантириш ҳамда айниқса, қишлоқ жойларда, ўқувчи ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан фаол шуғулланишга оммавий суратда жалб этиш мактаб таълимини ривожлантиришнинг 2004-2009 йилларга мўлжалланган Давлат умуммиллий дастуридаги муҳим масалалардан биридир. Ҳозир мактабларда 23601 нафар жисмоний тарбия ўқитувчиси меҳнат қилмоқда. Шуларнинг 18326 нафари ёки 77,6 фоизи қишлоқ мактабларига тўғри келади. Ҳамма жисмоний тарбия ўқитувчиларининг 4575 нафари ёки 19,4 фоизини аёллар ташкил этади. 2005 йилда олий ўқув юртларини тамомлаган 661 нафар жисмоний тарбия ўқитувчиси умумтаълим мактабларда ишлаш учун юборилди.
2005/2006 ўқув йилида мактабларнинг жисмоний тарбия ўқитувчилари билан таъминланиш даражаси 2004/2005 ўқув йилидагига нисбатан 4 фоиз ўсди ва 98,3 фоизни ташкил этди. Қишлоқ жойларда болалар спортини ривожлантиришнинг моддий базасини шакллантириш ҳамда аҳоли пунктларида жамғарма маблағлари ҳисобидан замонавий болалар спорт мажмуалари тармоғини барпо этиш, уларни спорт анжомлари билан таъминлаш мақсадида 2005 йилда 155 та спорт иншооти қуриб, фойдаланишга топширилди. Шуларнинг 128 таси ёки 83 фоизи қишлоқларда жойлашган. Мактаб ўқувчиларининг “Умид ниҳоллари” республика спорт ўйинлари, “Баркамол авлод” спортакиадаси ва бошқалар анъанавий оммавий тадбирларга айланди. “Маҳалла”, “Камолот”, “Соғлом авлод учун” сингари жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва бошқалар болалар спортини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Конференция қатнашчиларининг маъруза ва нутқларида қишлоқ жойларда болалар спортини ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш, мавжуд спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш, спорт мураббийлари, шу жумладан аёл мураббийларни тайёрлаш, болаларга мўлжалланган сифатли спорт анжомларини ишлаб чиқариш, шунингдек спортни оммавий умумхалқ ҳаракатига айлантириш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Муҳокама якунлари бўйича конференция қатнашчилари болалар оммавий спортини ривожлантиришнинг қонуний асосларини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, болаларда ишонч ва иродани мустаҳкамлаш, уларда Ватанга садоқат, мамлакатимиз ва халқимизга муҳаббат сингари фазилатларни тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишнинг самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли тавсияларни ишлаб чиқдилар.

Конференция ишида Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, “Маҳалла” республика жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Соғлом авлод учун” жамғармаси вакиллари, педагоглар, олимлар, мутахассислар, спорт мураббийлари иштирок этдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror