Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 yil 29 iyun

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

2006 йил 29 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг 2005 йилдаги ва 2006 йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботи тингланди. Кўрилган масала юзасидан Қўмита раиси Ғ.Алиев ахборот берди.
Кенгаш ҳисобот даврида ушбу Қўмита томонидан парламент юқори палатасида кўриб чиқиш учун киритилаётган масалаларни тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Сенат қарорлари ижросини назорат қилиш, шунингдек сенаторларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашлари билан ўзаро ҳамкорлигини яхшилаш юзасидан муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этди. Ўтган давр мобайнида Қўмита назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ қатор тадбирлар, илмий-амалий конференциялар, давра суҳбатлари, семинар ўтказди, сайёр мажлис ташкил этди.
Қўмита томонидан бир қатор давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарларининг ўзларига қарашли тузилмаларда қонунларга риоя этилишини ва Сенат қарорларининг бажарилишини таъминлаш ҳақидаги ахборотлари тингланди. Қўмита мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг фаолияти ҳақидаги ҳисобот, “Фермер хўжалиги тўғрисида”, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини ижро этиш масалалари, 2005 йил 17 майда Термиз шаҳрида бўлиб ўтган сайёр мажлисда эса тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Сурхондарё вилоятида бажарилиши кўриб чиқилди.
Мана шу ва бошқа масалаларни кўриб чиқиш якунлари бўйича Қўмита томонидан аграр ва экология йўналишидаги қонунларни янада такомиллаштириш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, мамлакатнинг ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишга доир тегишли қарорлар ва тавсиялар қабул қилинди.
Кенгаш ушбу Қўмитанинг ҳар бир аъзосининг ўтган даврдаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботини ҳам тинглади.
Ҳисоботни муҳокама қилиш жараёнида Кенгаш аъзолари Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг фаолиятини яхшилаш юзасидан қатор истак ва таклифларни билдирдилар.
Сенат Кенгаши мажлисида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунларни кўриб чиқиш, Сенатнинг назорат соҳасидаги ваколатларини амалга ошириш, шунингдек конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалаларни тартибга соладиган норматив ҳужжатлар кўриб чиқилди ва тасдиқланди. Мазкур норматив ҳужжатлар парламент юқори палатасининг қўмиталари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига,               “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламентига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қабул қилган қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низом, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Сенатнинг ва Сенат қўмиталарининг қарорлари ижро этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги тўғрисидаги Тавсиялар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари томонидан конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Сенат (Сенат Кенгаши) ва Сенат қўмиталари қарорларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан ижро этилишини назорат қилиш тартиби тўғрисидаги Низом, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Сенат аъзоси томонидан парламент сўровини юбориш Тартиби шулар жумласидандир.     
Сенат Кенгаши муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилди.
Сенат Кенгаши мажлисида парламент фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритишда фаол иштирок этган бир қатор журналистларни рағбатлантириш чоралари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сенат Кенгашининг мажлисида сенаторлар, мутахассислар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.

     Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror