Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 yil 23 iyun

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида

Мамлакат парламентининг юқори палатасида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ижро этилиши масаласи кўриб чиқилди.
Мажлисда Адлия вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари бажарилишини таъминлаш юзасидан муайян ишларни амалга оширганлиги қайд этилди.
“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нотариуслар томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган. Мамлакатимизда нотариал ҳаракатларни давлат нотариал идорасида ишлайдиган ёки хусусий амалиёт билан шуғулланадиган нотариуслар амалга оширмоқдалар. Бундан ташқари, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, айрим турдаги нотариал ҳаракатлар Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар ҳудудидаги консуллик муассасалари мансабдор шахслари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. Туман марказларидан узоқ масофада жойлашган, нотариал идоралар бўлмаган аҳоли пунктларида, қишлоқ ва овулларда фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ваколатига эга.
Мазкур Қонуннинг ижроси юзасидан Адлия вазирлиги томонидан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, жойларга юборилган. “Муайян ҳудудда (нотариал округда) нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун ваколатлар бериш юзасидан танловлар ўтказиш тартиби тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нотариал фаолият билан шуғулланиш учун лицензиялар бериш  тартиби тўғрисида”ги, “Давлат нотариал идораларида ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларда стажировкадан ўтиш тартиби тўғрисида”ги, “Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги нотариатларнинг малака комиссиялари тўғрисида”ги низомлар, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш бўйича бир қатор методик тавсиялар шулар жумласидандир.
Адлия органлари нотариал идоралар реестрини юритмоқда. 2006 йилнинг биринчи чорагида мамлакатда 326 та давлат нотариал идораси ва 237 та хусусий нотариал идора иш олиб борди. Улар томонидан 660 мингдан ортиқ нотариал ҳаракатлар гувоҳлантирилди ва 8 млрд. сўмга яқин давлат божи ундирилди. 1997 йилдан 2005 йилгача бўлган даврда Адлия вазирлиги томонидан нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган 1304 та лицензия берилди. Нотариал идораларни малакали кадрлар билан таъминлаш, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, шунингдек нотариал идораларни молиялаш ва нотариусларни моддий рағбатлантиришни такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бир қаторда Қўмита мажлисида сенаторлар томонидан Адлия вазирлигининг “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш соҳасидаги фаолиятида камчиликлар борлиги ҳам кўрсатиб ўтилди. Чунончи, Адлия вазирлиги бўлинмалари давлат нотариуслари ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар амалга оширилган нотариал ҳаракатлар учун ундираётган давлат божларининг қонунийлигини текшириш соҳасида етарли даражада фаолият кўрсатмаётир. Нотариуслар томонидан давлат божларини “Халқ банки” бўлимларига ўз вақтида ўтказмаслик ҳоллари мавжуд.
Адлия вазирлиги “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг нотариал ҳаракатлар махфий амалга оширилишини назарда тутувчи 6-моддаси ва ушбу Қонуннинг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) нотариал ҳаракатларни амалга оширишини назарда тутувчи 25-моддаси ижро этилишини таъминлаш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрмаган. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун лицензиялар бериш юзасидан танлов ўтказиш талабларига ҳамма вақт ҳам амал қилинмаётир. Бундай ҳоллар Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида мавжуд. Айрим нотариусларга нисбатан асоссиз равишда интизомий жазо чораларини қўллаш ҳамда улар лицензияларининг амал қилишини маълум муддатга асоссиз равишда тўхтатиб қўйиш ҳолларига йўл қўйилмоқда. Айни вақтда Хоразм, Фарғона, Наманган, Навоий вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида айрим нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида жиддий қонунбузарликларга йўл қўйганлар.
Сенаторлар Адлия вазирлигининг “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш соҳасидаги фаолиятини янада яхшилашга қаратилган қатор таклифлар киритдилар  ва тавсиялар билдирдилар.
Жумладан, хусусий амалиёт билан шуғулланаётган нотариусларга талаб ошиб бораётганлигини ҳамда улар самарали фаолият кўрсатиш соҳасида тажрибага эгалигини ҳисобга олиб, сенаторлар хусусий амалиёт билан шуғулланадиган нотариуслар идораларини рўйхатга олишнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш, хусусий амалиёт билан шуғулланаётган малакали нотариуслар сонини кўпайтириш чораларини кўриш, шунингдек уларга мансаб даражаларини бериш масаласини кўриб чиқиш зарурлигига эътиборни қаратдилар. Бундан ташқари, парламент юқори палатаси қўмитасининг мажлисида Адлия вазирлигига фуқароларга нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган лицензияларни бериш тартибига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш, фуқаролар йиғинлари раисларига (оқсоқолларига) нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ нотариал ҳаракатларни бажаришни тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришни давом эттириш таклиф қилинди.
Масалани муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Қўмита мажлисида сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ходимлари, “Маҳалла” хайрия жамғармасининг вакиллари, нотариуслар, олимлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror