Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 yil 10 iyun

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси тўғрисида
АХБОРОТ

2006 йил 10 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисининг иккинчи иш куни   «Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 19-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошланди. Муҳокамада сўзга чиққан сенаторлар ушбу қонун хўжалик процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга ҳамда хўжалик низолари ўз вақтида ҳал қилинишини таъминлашга қаратилганлигини кўрсатиб ўтдилар. Сўзга чиқувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенат Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида қилган маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларни бажариб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси томонидан ўзига берилган мутлақ ваколатларни амалга ошириб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг улар раҳбарлик қилаётган идоралар фаолияти ҳақидаги ҳисоботларини тинглади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқди.
Сенаторлар Бош прокурорнинг ҳисоботини батафсил муҳокама қилиш жараёнида Прокуратура органлари қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунбузарликларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш соҳасида муайян ишларни олиб бораётганлигини қайд этдилар. 2005 йилда иқтисодиётни эркинлаштиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга, қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини назорат қилишга, шунингдек мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотда прокуратуранинг ролини кучайтиришга алоҳида эътибор берилди. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни секинлаштириб қўядиган коррупция ва бошқа салбий ҳодисаларга қарши кураш соҳасида муайян ишлар қилинди. Мана шу фаолият натижасида жиноятлар туфайли етказилган 61 млрд. сўмликдан кўпроқ моддий зарар ундирилиб, давлатга қайтарилди.
Сенаторлар ўз чиқишларида аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва иш билан таъминлаш, уй-жой-коммунал хўжалигида ислоҳотларни амалга ошириш, тадбиркорлар ва фермерларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунлар ижро этилишини таъминлаш прокуратура фаолиятининг самарадорлигини оширишда устувор йўналиш эканлигини таъкидладилар.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2005 йилдаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботни тинглаб, сенаторлар бу идора атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек мамлакатда экологик вазиятни соғломлаштириш бўйича аниқ мақсадли ишларни амалга оширганлигини кўрсатиб ўтдилар. Вазирликлар, идораларнинг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолияти мувофиқлаштирилмоқда, табиатни муҳофаза қилишга қаратилган тадбирларнинг бажарилиши устидан давлат назорати олиб борилмоқда.
Атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш 2004 йилдагига қараганда 12 минг тоннага, тозаланмаган оқова сувларни очиқ сув ҳавзаларига чиқариб ташлаш 4 млн. куб метрга қисқартирилган, қуввати суткасига 225 куб метр бўлган айланма сув таъминоти тизимлари фойдаланишга топширилган, 6,8 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланган.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг фаолиятидаги қатор камчиликларни кўрсатиб ўтдилар. Хусусан, Навоий, Ангрен, Чирчиқ, Фарғона, Андижон ва Қўқон шаҳарларида ифлослантирувчи моддаларнинг айрим ингредиентлари бўйича ифлосланиш даражаси санитария-гигиена нормалари даражасигача камайишига  эришиш учун етарли чоралар кўрилмаётганлиги, Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни соғломлаштириш борасида олиб борилаётган ишларнинг самараcи етарли даражада эмаслиги қайд этилди. Сенаторлар табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ҳамда қонунсиз равишда дарахт кесиш, балиқ тутиш, ов қилиш билан боғлиқ тартиббузарликларнинг олдини олишни назорат қилишни кучайтириш зарурлигига эътиборни қаратдилар. Сенат ифлослантириш манбаларини ва атроф табиий муҳитнинг ҳолатини мониторинг қилиш тизимини яхшилашни ва шу мақсадда Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат ахборот-таҳлил марказини ташкил этишни тавсия қилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2005 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи юзасидан сўзга чиққан сенаторлар ҳисобот даврида Марказий банк томонидан қаттиқ пул-кредит сиёсатини таъминлашга, макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни мустаҳкамлашга, инфляция даражаси паст бўлишини таъминлашга, пул бозорининг ривожланиши ва эркинлашувини жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилганлигини кўрсатиб ўтдилар. 2005 йил якунлари бўйича инфляция кўрсаткичи 7,8 фоиздан ошмади, экспортнинг ҳамда савдо балансида мусбат салдонинг ўсиши республиканинг олтин-валюта захиралари 35 фоиз кўпайишига олиб келди.
Шу билан бир қаторда, муҳокама жараёнида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар, микрокретлар бериш, микролизинг хизматларини кўрсатиш механизмини такомиллаштиришга етарли эътибор бермаётганлиги кўрсатиб ўтилди. Марказий банкка нақд пул маблағларининг банкдан ташқарида айланишини қисқартириш, бўш турган маблағларни тижорат банкларидаги депозитларга жалб этиш ҳамда пластик карточкалардан фойдаланиб, нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини кенгайтириш чора-тадбирларини кўриш тавсия этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2005 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи юзасидан парламент юқори палатасининг аъзолари бюджет даромадлари ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг шаклланишини, қилинган харажатларнинг асослилиги ва самадорлигини ўрганиш минтақалар бўйича, солиқлар, бюджет олдидаги қарз турлари, ортиқча тўланган солиқлар бўйича статистика маълумотлари, шунингдек йирик хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоботлари асосида солиқлар ва мажбурий тўловларнинг йиғилишини мунтазам таҳлил қилиш соҳасида Ҳисоб палатаси томонидан олиб борилаётган ишнинг муҳимлигини кўрсатиб ўтдилар.
Бу йўналишда амалга оширилаётган иш иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакатда молия ва бюджет интизомини мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир.
Ҳисоботларни муҳокама қилиш жараёнида юқорида кўрсатиб ўтилган ташкилот раҳбарлари сенаторларнинг кўплаб саволларига жавоб бердилар.
Ҳисоботларни муҳокама қилиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тегишли қарорлар қабул қилди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди таркибига ўзгартишлар киритиш масаласини кўриб чиқдилар.
Парламент юқори палатасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Исроил Давлати ҳамда Ҳиндистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиларини тайинладилар.
Мажлисда Сенат ваколатига киритилган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида мамлакатда амалга оширилаётган демократик, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштириш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган йигирмата масала, шу жумладан ўн битта қонун кўриб чиқилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий
Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror