Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 йил 7 июнь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Кеча парламент юқори палатасининг қўмиталарида Сенатнинг бўлажак олтинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалаларга бағишланган мажлислар бўлиб ўтди.
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг аъзолари Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва маъқуллаш учун Сенатга юборилган қонунларни муҳокама қилдилар. Сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни шаҳарсозлик соҳасини янада ривожлантириш учун, энг аввало шаҳарлар, шаҳар посёлкалари ва қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун янги ҳуқуқий шароитларни яратишини, шаҳарсозлик фаолиятини молиялаш манбалари рўйхатини давлат корхоналарини хусусийлаштириш ҳисобига кенгайтиришини қайд этдилар. “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 8, 71-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни айрим тоифадаги корхоналарни солиққа тортиш масалаларини тартибга солади, яъни микрофирмалар ва кичик корхоналарга ягона солиқ тўловини тўлашни назарда тутадиган солиққа тортиш тизимига ўтиш ҳуқуқини беради.
Қўмита аъзолари «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига  қўшимчалар киритиш ҳақида»ги  Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиб, киритилаётган қўшимчалар иш билан банд бўлмаган аҳолини ишлаб чиқариш фаолиятига жалб этиш, оилаларнинг даромадини кўпайтириш, касаначилик меҳнатидан фойдаланиб, бутловчи қисмларнинг айрим турларини, тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ҳисобига йирик саноат корхоналарининг рентабеллигини ошириш имконини беришини қайд этдилар.
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлисида қонун лойиҳаларини тайёрлаш тартибини белгилаб берадиган «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 19-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди. Бу Қонун ишларни турли инстанция судларида кўриш вақтидаги процессуал тартиб-таомилларни янада такомиллаштиришга қаратилган. «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни порнографик буюмларни тайёрлаганлик, тарқатганлик ва сақлаганлик учун, шунингдек диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаганлик, сақлаганлик ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олади. Юқорида тилга олинган қонунлар қонун ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган.
Ушбу Қўмита мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди таркибига ўзгартишлар киритиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилди. Унга киритилган ўзгартишлар мамлакат Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг давлатимиз мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлаш масалаларидаги ваколатларини чегаралаб қўйишни назарда тутади.
Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси мажлисида «Белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Мадрид битимини (Мадрид, 1891 йил 14 апрель) денонсация қилиш ҳақида»ги ва «Ўзбекистон Республикасининг Белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Мадрид битимига доир Баённомага (Мадрид, 1989 йил 27 июнь) қўшилиши ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари муҳокама қилинди. Сенаторлар ушбу қонунлар мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий фаолиятини янада ривожлантиришга ёрдам беришини кўрсатиб ўтдилар. Қўмита аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Исроил Давлатидаги ва Ҳиндистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиларини тайинлаш масаласини ҳам кўриб чиқдилар.
Фан, таълим, маданият ва спорт қўмитасининг аъзолари бўлиб ўтган мажлисда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва маъқуллаш учун Сенатга юборилган “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилдилар. Ушбу Қонунни қабул қилишдан асосий мақсад уни адабиёт ва санъат асарларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Берн конвенцияси қоидаларига ва бу соҳадаги бошқа халқаро стандартларга мувофиқлаштиришдан иборат эканлиги қайд этилди. Янги Қонун муаллифлик ҳуқуқини ва интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасида мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашуви жараёнини тезлаштириш учун муҳим аҳамиятга эга. Сенаторлар ушбу Қонунни олтинчи ялпи мажлис кун тартибига киритиш учун уни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг муҳокамасига қўйишни тавсия этдилар.
Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритиш учун мўлжалланган масалалар муҳокама қилинди, қўмита аъзоларининг 2006 йилнинг ўтган даврида амалга оширган ишлари ҳақидаги ҳисоботи тингланди.
Сенат тузилмаларининг мажлисларида сенаторлар ва қўмиталарнинг йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти якунлари, парламент юқори палатаси аъзоларининг фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловида қатнашиши билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror