Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 yil 20 iyul

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

2006 йил 20 июлда парламентнинг юқори палатасида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан биргаликда ташкил этган “Ҳарбий хизмат — давлат хизматининг алоҳида тури” мавзуидаги семинар бўлиб ўтди.
Тадбир қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан армияда ўтказилаётган ҳамда ҳарбий хизматнинг обрўсини ва мамлакат мудофаа қобилиятини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, ҳарбий хизматни ўташ мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг фахрий бурчи эканлиги қайд этилди. Фуқароларнинг ҳарбий хизмати “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳамда мамлакатимизда ҳарбий хизматни ташкил этиш ва фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида амалга оширилмоқда.
Семинар қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан яқинда маъқулланган “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини қўллаш масалаларига алоҳида эътибор бердилар ҳамда юқоридаги Қонуннинг асосий қоидаларини амалга ошириш ва ҳаётга татбиқ этиш юзасидан қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирдилар.
Семинарда фуқароларни ҳарбий хизматга тайёрлаш чоғида уларнинг ҳарбий хизматни ўташ соҳасидаги конституциявий ҳуқуқ ва бурчларини, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мамлакатни мудофаа қилиш ва ҳимоялаш ҳақидаги қоидаларини, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг вазифаларини, ҳарбий қасамёд ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Уставининг асосий талабларини тушунтиришга катта эътибор бериш зарурлиги таъкидланди. Буларнинг барчаси ёшларни ватанпарварлик ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга, мамлакат манфаатларини ҳимоя қиладиган ҳамда унинг сарҳадлари дахлсизлигини кафолатлайдиган профессионал армияни шакллантиришга ёрдам беради.
Муҳокама қилинган масала юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Семинар ишида сенаторлар, мудофаа, адлия, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг вакиллари, шунингдек мамлакат мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, “Маҳалла” жамғармаси, “Нуроний” хайрия жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror