Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 yil 19 iyul

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

“Ўзбекистон Республикасининг халқаро иқтисодий алоқаларини ривожлантириш ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестиция муносабатларининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш масалалари” мавзуида 2006 йил 19 июлда бўлиб ўтган давра суҳбатида ташқи иқтисодий ва инвестиция фаолияти соҳасидаги қонунчиликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Суҳбат юқори палатанинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ташкил этилди.
Муҳокама жараёнида мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни изчил амалга ошириш натижасида миллий қонунчиликни ташқи савдо муносабатларини янада эркинлаштириш ҳамда халқаро нормалар ва Жаҳон савдо ташкилотининг (ЖСТ) қоидалари билан уйғунлаштириш йўлида такомиллаштириш жараёни давом этмоқда деб қайд этилди. Ўзбекистоннинг чет давлатлар билан ташқи иқтисодий алоқалари инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоялаш, икки ёқлама солиққа тортишга қўл қўймаслик йўлидан ривожланиб бормоқда.
Айни вақтда чет эл инвестицияларининг Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётидаги тобора ошиб бораётган роли таркибий ўзгаришларни амалга оширишга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, қўшимча иш ўринлари яратишга, экспорт ҳажмини кўпайтиришга ёрдам бераётганлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга суҳбат иштирокчилари мамлакатимиз иқтисодиётига сармояларни, айниқса бевосита чет эл сармояларини жалб этиш ишларини бундан буён ҳам фаоллаштириш, уларни халқаро-ҳуқуқий ҳимоялашни кучайтириш, амалдаги қонун ҳужжатларига халқаро стандартларни жорий этиш, шунингдек бу соҳадаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш зарурлигига эътиборни қаратдилар.

Давра суҳбатида бир қатор вазирлик ва идоралар, хорижий молиявий ва иқтисодий ташкилотлар, дипломатия корпуси, йирик қўшма корхоналарнинг вакиллари, шунингдек мамлакатимизнинг етакчи мутахассислари, олимлар сўзга чиқиб, ўз тавсияларини бердилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror