Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 yil 18 iyul

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Ўзбекистон халқи жуда бой ва кўҳна маданий меросга эга. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш, оммавийлаштириш ва келажак авлодларга топширишни таъминлаш ғоят муҳим умумдавлат вазифасидир. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳолини маънавий бойитиш ҳамда ҳозирги ва келажак авлодларни уйғун ривожлантириш учун бебаҳо аҳамиятга эга бўлган тарихий-меъморчилик ёдгорликларини таъмирлаш, музейлар ва тарихий-маданий қўриқхоналар ташкил этиш, маданий меросни тиклаш соҳасида жуда катта иш олиб борилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида (49-модда) ва “Маданий мерос объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги бўлмиш маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари яратилди.
Маданий меросни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада ривожлантириш масалалари “Маданий меросни асраб-авайлаш — бизнинг фуқаролик бурчимиз” мавзуида 2006 йил 18 июлда бўлиб ўтган давра суҳбатида муҳокама қилинди. Суҳбатни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ташкил этди.
Муҳокама чоғида Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов ташаббуси билан ноёб тарихий ёдгорликларни қайта тиклаш, ўзбек халқи яратган ва миллий бойлигимиз бўлган санъат асарларини қидириб топиш, уларни Ўзбекистонга қайтариш, шунингдек уларни келажак авлодларга мерос сифатида сақлаб қолиш чоралари кўрилганлиги қайд этилди.
Ана шу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари, қарор ва фармойишлари, ҳукумат қарорлари, шунингдек “Мерос” давлат дастури қабул қилинди. Ҳозир мамлакатимизда 10 мингдан ортиқ меъморий ва тарихий ёдгорликлар мавжуд бўлиб, шулардан 5877 объект (бу объектларнинг 2248 таси меъморчиликка, 2195 таси археологияга, 101 таси тарих, 1333 таси монументал санъатга мансуб) давлат муҳофазасига олинган. Ўзбекистон маданий меросининг кўпгина объектлари умумбашарий бойликлар хазинасига кирган. Музейлар, миллий боғлар ва тарихий-маданий қўриқхоналар сони кўпайди. Чет давлатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар Ўзбекистон жамиятининг Кенгаши ёрдамида ўзбек халқи маданий меросининг бир қисми бўлган кўплаб адабий қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатлар мамлакатимизга қайтарилди.
Шу билан бир қаторда суҳбат қатнашчилари маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, ёшларни ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий руҳда тарбиялашда маданий меросдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларга маданий мерос буюмлари ва объектларини асраб-авайлаш ҳиссини сингдириш борасидаги ишларни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Муҳокама қилинган масала юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Давра суҳбатида сенаторлар, вазирлик ва идоралар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, олимлар иштирок этдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror