Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 йил 13 июль

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва улар маслаҳатчиларининг ваколат муддати тугаганлиги муносабати билан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг105-моддаси, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги Ўзбекистон РеспубликасиҚонунининг 20-моддаси ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон РеспубликасиҚонунининг 6-моддасига мувофиқ шу йил май–июнь ойларида мамлакатимизнинг ҳамма ерида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилди.

Сайлов якунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2006 йил 13 июлда бўлиб ўтган кенгайтирилган мажлисида муҳокама қилинди.
Ушбу масала юзасидан Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси, Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси М.Ражабованинг ахборотини тинглади.
Мажлисда сайловни ташкилий-сиёсий жиҳатдан юксак савияда ўтказиш мақсадида Сенат Кенгаши шу йил 4 апрелда “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”  Қарор қабул қилиб, унда сайловни ўтказиш муддатларини белгилаганлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси таркибини, шунингдек парламент юқори палатаси Кенгашининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режасини тасдиқлаганлиги қайд этилди. 
Ҳозирги сайлов биринчи марта 2004 йилда қабул қилинган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ўтказилди. Сайлов Ўзбекистонда ҳаётимизнинг ҳамма жабҳаларида юз бераётган кенг демократик жараёнларнинг ёрқин кўринишига айланди, амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, фуқароларнинг юксак ижтимоий-сиёсий фаоллигида ва кенг ошкоралик шароитида ўтди.
Сайловини ташкил этиш ва ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун жойларда 199 та туман ҳамда шаҳар комиссиялари тузилди, 8843 та ишчи гуруҳ ташкил этилди. Комиссиялар ва ишчи гуруҳларга 12 минг нусхадан ортиқ махсус нашр этилган ва Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги ва “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини ўз ичига олган рисолалар, шунингдек “Фуқаролар йиғини сайлови – 2006” рукни остида Тошкент давлат юридик институти билан биргаликда махсус тайёрланган ва нашр этилган қатор рисолалар юборилди.
Сайловолди тадбирларини ташкил этишда сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари ўз сайлов округларида, шунингдек жойлардаги давлат ҳокимияти ижроия органлари, “Маҳалла” жамғармаси, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон ёшларининг “Камолот” ижтимоий ҳаракати ҳудудий бўлинмаларининг вакиллари ҳам фаол қатнашдилар.
Умуман олганда, сайлов тадбирларида 12 миллион 315 минг 818 нафар сайловчининг вакили бўлган 574687 нафар сайловчи иштирок этди. Улар 27715 нафар номзод орасидан 8843 нафар фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)ни сайладилар. Бу номзодлар ҳақидаги таклифларни ишчи гуруҳлар аҳоли фикрини ҳисобга олиб тайёрлади. Раисликка энг муносиб номзодлар сайланди. 2891 нафар фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) биринчи марта сайланди. Бўлиб ўтган сайловда 84375 нафар фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг маслаҳатчилари ҳам сайланди.
Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) этиб сайланганлар орасида 6016 киши ёки ҳамма раисларнинг 68 фоизи олий маълумотга эга, 4177 нафар раис (47 %) 50 ёшга, 818 нафар раис (9 %) 40 ёшга етмаган.            2300 нафар раис (оқсоқол) ёки улар умумий сонининг 26 фоизи биринчи марта сайланди. Фуқаролар йиғинлари раислари орасида аёллар сони кўпайди. Агар 2003 йилда улар 734 нафар ёки 9 фоиз бўлган бўлса, 2006 йилда 981 нафар ёки 11 фоизни ташкил этди.
Сайлов натижасида раислар (оқсоқоллар) ва улар маслаҳатчиларининг сифат таркиби яхшиланди. Бунга номзодларнинг ишчи гуруҳлари томонидан олдиндан кўриб чиқилиши, фуқароларнинг улар ҳақидаги фикрини ўрганиш, уларнинг ҳужжатларини тегишли комиссияларга тақдим этиш ёрдам берди. Йиғилишларда танлов эркин ўтиши учун уч нафардан олти нафаргача муқобил номзод тақдим этилди.
Фуқаролар йиғинларида оқсоқолларнинг ҳисоботлари танқидий руҳда, бироқ, айни вақтда пухта ўйлаб, амалий муҳокама қилинди, маҳаллий ўзини ўзи бошқаришни ташкил этишни такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар киритилди. Сўзга чиқувчилар мансабдор шахсларнинг топширилган иш участкаси учун жавобгарлигини янада ошириш, баъзи туманларда юз берган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш зарурлиги ҳақида, фуқароларнинг эҳтиёжлари ва талабларини ўз вақтида ҳал қилишда оқсоқолларнинг роли кучайиб бораётганлиги, одамларнинг ҳуқуқий онгига зарар етказадиган, уларнинг адолатга бўлган ишончини путрдан кетказадиган ҳар хил тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик, диний фундаменталистик кайфиятлар намоён бўлишига чек қўйиш, ҳар бир маҳаллада коллективизм ва ўзаро ёрдам муҳитини таъминлаш муҳимлиги ҳақида гапирдилар.
Йиғилиш қатнашчиларининг нутқларида диққат-эътибор янги сайланган фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш ишларини кучайтириши, ўзларидан олдинги раисларнинг хатоларини такрорламаслиги, тегишли ҳудудлар аҳолисининг манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ фаолиятни оғишмай амалга ошириши кераклигига қаратилди.
Кўпчилик чиқишларда ўтказилаётган социал-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар қўллаб-қувватланди, тинчликни, сиёсий барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, турли аҳоли қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар учун мамлакат раҳбарлари шаънига миннатдорчилик сўзлари изҳор қилинди.
Сайловни ташкил этиш ва ўтказишда очиқлик ва ошкораликни таъминлашга катта аҳамият берилди. Кенгаш комиссияси оммавий ахборот воситаларининг вакиллари билан мунтазам учрашувлар ўтказиб борди, уларга сайлов кампаниясини тайёрлаш ва уни ўтказиш ҳақида ахборот бериб турди. Телевидение, радио орқали ва газета саҳифаларида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунларнинг моҳияти мунтазам тушунтириб борилди. Сенаторлар ва депутатлар оммавий ахборот воситалари орқали ўз чиқишларида ўтказилаётган сайловнинг муҳимлиги ҳамда мамлакатимизнинг демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини қуриш йўлидан изчил илгарилаб боришдаги аҳамияти таъкидланди. Сайловнинг бориши маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилди.
Бутун сайлов кампанияси давомида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси каналлари орқали фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига бағишланган 90 дан ортиқ телерадио дастурлари тайёрланиб, эфирга узатилди, “Менинг маҳаллам” ва “Энг муносиб кишиларни сайлаймиз” деган мавзулардаги видеороликлар ҳар куни тўрт марта кўрсатиб ва эшиттириб борилди.  
Кенгаш мажлисида ўтган сайлов кенг аҳоли қатламлари учун бевосита демократиянинг, ижтимоий-сиёсий фаоллик ва фуқароликнинг чинакам мактабига айланди деб қайд этилди. Ушбу сиёсий тадбир давлат ҳокимияти органлари вазифаларининг бир қисмини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига изчиллик билан топшириш борасида Ўзбекистон танлаб олган йўлнинг тўғрилигини, ҳаётимизни эркинлаштириш ва демократлаштиришда, жойларда долзарб социал-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг роли ошиб бораётганлигини, шунингдек жамият ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш ва мамлакатни модернизациялаш концепциясини амалга оширишнинг муҳимлигини яна бир бор ишончли тарзда исботлади.
Масалани муҳокама қилиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига навбатдаги сессияларда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови якунларини муҳокама қилиш, улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқ тадбирлар ишлаб чиқишни, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига эса янги сайланган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатлари қоидаларини ўрганиш, улар фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан олимлар, мутахассислар, тажрибали оқсоқоллар, молия, солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакилларини жалб этган ҳолда туркум машғулотлар ва ўқув семинарларини ўтказишни топширди.
Сенат Кенгашининг кенгайтирилган мажлисида сенаторлар, Сенат Кенгашининг Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман, шаҳар комиссияларининг аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимиятлари ташкилий-назорат гуруҳларининг раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.   
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши муҳокама қилинган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror