Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 йил 23 февраль

ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИДА

Парламентнинг юқори палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги бешинчи ялпи мажлисига тайёргарлик ишлари қизғин бормоқда.
Сенат қўмиталарида бешинчи ялпи мажлиснинг кун тартибига киритиш мўлжалланаётган масалалар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2005 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда Сенат Кенгаши, қўмиталари ва комиссиялари иши таъсирчанлигини кучайтириш чора-тадбирлари, шунингдек Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва маъқуллаш учун Сенатга юборилган қонунлар муҳокама қилинмоқда.
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлисида сенаторлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий  ислоҳотлар учун зарур ҳуқуқий шароитлар яратишга қаратилган ҳамда бу йўналишдаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этадиган бир қанча қонунларни қараб чиқдилар. Улар орасида истеъмол кредити берувчи ташкилотлар билан ўз фаолияти натижаларидан даромадга эга бўлган жисмоний шахслар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солишни назарда тутувчи «Истеъмол кредити тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бор. «Тадбиркорлик субъектларини текширишлар сони қисқартирилганлиги ҳамда текширишлар тизими  такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига  ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя  қилишнинг мавжуд тизимини такомиллаштиришга қаратилган. «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомиллари турлари қисқартирилганлиги ҳамда соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун тадбиркорлик субъектлари учун янада яхшироқ шароит яратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш имконини беради, бу эса ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ижобий таъсир этади. Мажлисда шунингдек, «Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тартиб-таомиллари соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш  тўғрисида»ги ҳамда «Кредит уюшмалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунлар ҳам муҳокама этилди.
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ўз мажлисида «Уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилди. Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлиси томонидан рад этилган мазкур Қонун юзасидан юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида парламент ҳар иккала палатаси аъзоларидан тенглик асосида келишув комиссияси тузилган бўлиб, комиссия Қонуннинг ягона матнини ишлаб чиқди, бу матн мамлакат қонунчилиги ҳамда ҳуқуқни қўлланиш амалиётига мувофиқ келади.
Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг мажлисида «Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги, «Ўзбекистон Республикасининг Евросиё иқтисодий ҳамжамиятини таъсис этиш тўғрисида 2000 йил 10 октябрдаги Шартномага қўшилиши тўғрисидаги Баённомани ратификация қилиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг 1968 йил 8 октябрда Локарнода имзоланган Саноат намуналарининг халқаро таснифини таъсис этиш тўғрисидаги Локарно битимига қўшилиши ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 1 июнда Женевада Дипломатик конференция томонидан қабул қилинган Патент ҳуқуқи тўғрисидаги Шартномага қўшилиши ҳақида»ги ҳамда бошқа қонунлар кўриб чиқилди.
Мазкур қонунларнинг муҳокамаси якунлари асосида қўмиталар томонидан қабул қилинган хулосаларда ана шу қонунларни бешинчи ялпи мажлиснинг кун тартибига киритиш ҳақида Сенат Кенгаши кўриб чиқиши учун таклиф тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг ҳам мажлиси бўлиб ўтди. Унда бешинчи ялпи мажлис кун тартибига киритиш мўлжалланаётган масалалар муҳокама қилинди ҳамда қўмитанинг 2005 йилдаги фаолияти якунлари таҳлил этилди. 
Қўмиталарнинг мажлисларида сенаторларнинг ўтган даврдаги фаолиятига ва Сенат қўмиталарининг 2006 йилги тадбирлари режаларига тааллуқли масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Қўмита аъзолари муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror