Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 йил 26 август

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

2006 йил 26 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунида сенаторлар кун тартибига киритилган бир қатор қонунларни кўриб чиқдилар. Чунончи, улар “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилиб, ушбу Қонун қабул қилингач, соғлиқни сақлаш ходимлари, мамлакат жамоатчилиги шифокорларнинг касб байрамини ноябрь ойининг ҳар иккинчи якшанбасида нишонлай олишлари мумкинлигини кўрсатиб ўтдилар. Айни вақтда мазкур Қонуннинг қабул қилиниши аслида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг устувор йўналишларини белгилаб берадиган дастурий ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида белгиланган аниқ мақсадли вазифалар билан ҳамоҳанг эканлиги таъкидланди. Ушбу Қонун “Ҳомийлар ва шифокорлар йили”да қабул қилинаётганлиги ҳам рамзий маънога эга. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
«Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш вақтида сенаторлар ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш юзасидан 2005 йилда қабул қилинган фармонлари ва қарорларига мувофиқ тайёрланганлигини таъкидладилар. Ушбу ҳужжатлар хусусий тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг соддалаштирилган механизмини жорий этишни, уларга молиявий ёрдам кўрсатиш ва солиқ имтиёзлари беришни, кредит ресурсларидан фойдаланишда кичик бизнес субъектларининг имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади. Уларда иқтисодий жазо чораларининг мослашувчанлигини таъминлашга, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни камайтиришга, хўжалик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий ва бошқа жазо чоралари қўллаш ҳақида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган назорат қилувчи органлар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини оширишга, шунингдек тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоялашни кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўрсатиб ўтилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларидан келиб чиқиб, Қонун Ўзбекистон Республикасининг 32 та қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритади. Муҳокамада сўзга чиққан сенаторлар ушбу Қонун қабул қилингач, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишини, уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга ягона ёндашув таъминланишини, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий ва иқтисодий шароитлар яратилишини ҳамда бу фаолиятда асоссиз чекловларга йўл қўйилмаслигини кўрсатиб ўтдилар. Сенаторлар Қонунни маъқулладилар.
Шундан кейин парламент юқори палатасининг аъзолари   «Микрокредит ташкилотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Муҳокама чоғида ушбу Қонун банк ва молия тизимларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилганлиги кўрсатиб ўтилди. Қонун Марказий банкнинг асосий вазифаларига, банк бошқарувининг микрокредит ташкилотлари учун молиявий операцияларни ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш, ушбу ташкилотларнинг фаолиятини лицензиялаш соҳасидаги ваколатларига, шунингдек бошқа масалаларга доир қатор аниқлаштирувчи ўзгартишларни киритади. Шу тариқа «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан «Микрокредит ташкилотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бир-бирига мувофиқлаштирилади. Сенаторлар Қонунни маъқулладилар.
Сенат аъзолари мамлакатнинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятини такомиллаштириш соҳасида муҳим аҳамиятга эга бўлган қонунларни кўриб чиқдилар. Булар Ўзбекистоннинг ернинг озон қатламини бузадиган моддаларни атмосферага чиқариб ташлаш хавфини тўхтатишга қаратилган глобал жараёнда иштирок этиши билан боғлиқ бўлган «Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреаль протоколига киритилган тузатишни (Монреаль, 1997 йил 17 сентябрь) ратификация қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда «Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреаль протоколига киритилган тузатишни (Пекин, 1999 йил 3 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидир. Уларни муҳокама қилиш вақтида сенаторлар ҳозир мамлакатимизда Вена конвенцияси ва Монреаль протоколи каби асосий халқаро ҳужжатларга риоя этиш учун норматив-ҳуқуқий база яратилганлиги ва у амал қилаётганлигини таъкидладилар. Ўзбекистон 1993 йил май ойида Вена конвенцияси ва Монреаль протоколини имзолади, 1998 йилда Протоколга Лондон ва Копенгаген тузатишларини ратификация қилди. Юқорида номлари келтирилган иккита Қонунни қабул қилиш билан мамлакатимиз ушбу Протоколга яна иккита тузатишни: Монреаль (1997 й.) ва Пекин (1999 й.) тузатишларини ратификация қилди. Ушбу тузатишларга мувофиқ Ўзбекистоннинг озон қатламига хавфсиз бўлган моддалар сотиб олиш учун жаҳон бозорларига кириш, тегишли ускуналар ишини таъминлаш учун бу моддаларни импорт қилиш имконияти сақлаб қолинади, мамлакатимизга Глобал Экологик Фонд томонидан молиявий ва техникавий ёрдам бериш масаласи кўриб чиқилади. Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилиши муносабати билан қабул қилинган учта қонунни ҳам кўриб чиқдилар. Булар “2001 йил 31 майда Минскда имзоланган Евросиё иқтисодий ҳамжамиятининг имтиёзлари ва иммунитетлари тўғрисидаги Конвенцияга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги, “1999 йил 26 февралда Москвада имзоланган Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд тўғрисидаги Шартномага Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги, “2003 йил 21 февралда Москвада имзоланган Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатларнинг ташқи чегараларини қўриқлашда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Шартномага Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларидир. Уларни муҳокама қилиш чоғида, хусусан, Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий ҳамжамиятининг имтиёзлари ва иммунитетлари тўғрисидаги Конвенцияга қўшилиши мамлакатимиз учун Евросиё иқтисодий ҳудуди доирасида амал қилаётган шартномаларда назарда тутилган вазифаларни бажариш ҳамда мақсадларга эришиш учун зарурлиги қайд этилди. Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд тўғрисидаги Шартномага келсак, унга қўшилиш мамлакатимизнинг Евросиё иқтисодий ҳамжамияти доирасидаги интеграция жараёнида иштирок этишида, Ўзбекистон билан ҳамжамиятга аъзо бўлган бошқа давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатлар ташқи чегараларини қўриқлашда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Шартномага қўшилиши мамлакатимиз манфаатларига мос келиши ва унинг ушбу Ҳамжамиятга қўшилишининг мантиқий натижаси эканлиги ҳам кўрсатиб ўтилди. Бу шартномага қўшилиш миллий хавфсизлигимизни мустаҳкамлашга ҳамда давлат чегараларини қўриқлашда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга, бутун минтақада барқарорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бу Қонунлар ҳам муҳокамадан кейин маъқулланди.
Сенаторлар ШҲТ Котибиятининг ваколатлари ҳамда функционал вазифалари кенгайтирилганлиги муносабати билан қабул қилинган “2002 йил 7 июнда Санкт-Петербург шаҳрида (Россия Федерацияси) имзоланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Хартиясига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Баённомани (Шанхай, 2006 йил 15 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам маъқулладилар.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик cуди таркибига ўзгартиш киритиш масаласини кўриб чиқдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш масаласи ҳам кўрилди.

Парламент юқори палатасининг аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Бельгия қироллигидаги Фавқулодда ва Мухтор элчисини лавозимидан озод қилиш масаласини кўриб чиқдилар.
Мажлисда Сенат ваколатига киритилган бошқа масалалар ҳам кўрилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида ҳаммаси бўлиб 25 та масала кўриб чиқилди, жамиятни демократлаштириш ва янгилаш соҳасидаги ислоҳотларнинг янада чуқурлашувини таъминлашга, мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялашга қаратилган йигирма битта қонун маъқулланди.
Еттинчи ялпи мажлис ўз ишини тамомлашидан олдин сенаторларнинг эътибори ялпи мажлисда маъқулланган, шунингдек ҳозир амал қилиб келаётган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантириш, молиявий фаолиятни барқарорлаштириш, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоялашни такомиллаштиришга доир қонунларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш, жойларда уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган ишларнинг самарадорлигини ошириш зарурлигига қаратилди. Шу билан бир қаторда сенаторларнинг бу соҳадаги фаолиятида мавжуд бўлган айрим камчиликлар, улар аҳоли, айниқса ёшлар орасида маънавиятни ва маънавий иммунитетни шакллантириш борасида олиб бораётган ишлар самараси пастлиги ҳам кўрсатилди. Сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз ишларини янада фаол олиб боришлари, сайловчилар олдидаги масъулиятни оширишлари зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги кунда сенатор мамлакатни ислоҳ қилиш соҳасида жадал кечаётган жараёнларда кузатувчи эмас, балки уларнинг фаол иштирокчиси бўлиши, аҳоли орасида, узоқ қишлоқлар, маҳалла ва овулларда иш олиб бориши кераклиги таъкидланди.  

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror