Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 йил 25 август

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

2006 йил 25 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси очилди.

Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, фаолияти Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалаларга дахлдор давлат органларининг раҳбарлари ҳозир бўлдилар.
Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.
Ялпи мажлис Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг раиси тўғрисидаги масалани кўриб чиқишдан бошланди. Тошкент вилояти Бекобод туманининг ҳокими бўлиб ишлаган сенатор Турсинбой Комилов Қўмита раиси этиб сайланди.
Кун тартибига мувофиқ сенаторлар “Микромолиялаш тўғрисида”ги ва “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини кўриб чиқишга киришдилар. Қонунларни муҳокама қилиш жараёнида сўзга чиққан сенаторлар ушбу қонунлар тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг молиявий воситалар ва хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, уларнинг ишдаги фаоллигини ошириш, микромолиявий хизматлар бозорини ва тадбиркорликни ривожлантириш, микрокредит ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, мазкур масалалар юзасидан ягона ҳуқуқий базани шакллантириш учун муҳим аҳамиятга эга бўлишини кўрсатиб ўтдилар. Муҳокамадан кейин ушбу қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.
“Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилган сенаторлар ушбу Қонун мажбуриятларни, жумладан уй-жой қурилишини ипотека воситасида кредитлаш бўйича мажбуриятларни таъминлаш усули сифатида кўчмас мулк гаровини қўллашда вужудга келадиган муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилганлигини кўрсатиб ўтдилар. Сенаторларнинг фикрича, айниқса, қишлоқда уй-жой қурилиши соҳасидаги бозор муносабатларини ривожлантиришнинг муҳим ҳуқуқий механизмига айланиши керак бўлган ушбу Қонунни маъқулладилар.
“Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш чоғида янги Қонун ҳам доимий, ҳам муваққат ҳакамлик судларини ташкил этишни назарда тутиши кўрсатиб ўтилди. Қонун билан мустаҳкамлаб қўйилаётган низоларни ҳал қилиш тизимининг афзалликлари низолашаётган томонлар тадбиркорликнинг аниқ бир соҳасига ихтисослашган шахслар орасидан ҳакамлик судьяларини танлаб олишлари мумкинлигидан, низони ҳал қилишнинг соддалаштирилган тартиб-таомили жорий этилиши ва низонинг оператив ҳал қилинишидан, чиқимлар оз бўлишидан, ҳакамлик муҳокамасига тааллуқли ахборотнинг махфийлиги ва шу кабилардан иборат. Ҳакамлик судларининг ташкил этилиши суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда, давлат ва жамият қурилишининг Президент Ислом Каримов таърифлаб берган устувор йўналишларидан бири бўлмиш “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” деган тамойилни амалга оширишда муҳим қадам бўлади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди. Сўзга чиққан сенаторлар ушбу Қонун қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва Қонунчилик палатасига киритиш тартибини белгилашини, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун лойиҳаларини тайёрлаш соҳасидаги фаолиятини, қонун лойиҳаларини тайёрлаш чоғида фуқаролар ва нодавлат ташкилотлар билан давлат органларининг ўзаро муносабатларини тартибга солишини, қонун лойиҳаларига қўйиладиган талабларни белгилаб беришини кўрсатиб ўтдилар.  
Сенаторлар “Фирма номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар. Ушбу Қонун фирма номи тушунчасини ва тузилишини, фирма номига бўлган ҳуқуқнинг мазмунини ҳамда фирма номларини муҳофаза қилиш, хусусан фирма номига бўлган ҳуқуқларни суд томонидан ҳимоя қилиш билан боғлиқ бошқа жиҳатларни белгилаб беради. Қонуннинг қабул қилиниши фирма номларини муҳофаза қилиш ва ҳимоялаш учун, тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек ғирром рақобат вужудга келишининг олдини олиш учун ишончли ҳуқуқий база яратилишини таъминлайди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Олий Мажлис юқори палатасининг аъзолари “Фирма номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Сенаторлар кўрсатиб ўтганларидек, ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг ва “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг тегишли моддаларига киритилаётган ўзгартишлар фирма номларининг ҳуқуқий муҳофаза қилинишини таъминлаш учун шароит яратади ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилини соддалаштиради. Қонун улар томонидан маъқулланди.
“Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилиш чоғида сўзга чиққанлар томонидан ушбу Қонуннинг хавфли ишлаб чиқариш объектларида хавфсизликни ва уларни ишлатувчи ташкилотларнинг аварияларни локаллаштиришга ва оқибатларини тугатишга тайёрлигини таъминлашдаги аҳамияти кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга Қонунда хавфли ишлаб чиқариш объектини барпо этиш ва унинг амал қилишидаги лойиҳалашдан бошлаб то объектни ишлатишни тўхтатишгача бўлган ҳамма босқичлар учун саноат хавфсизлиги талаблари белгиланади. Сенаторлар Қонунни маъқулладилар.
Парламент юқори палатасининг аъзолари солиқ маслаҳати соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга соладиган “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилиб ва маъқуллаб, Қонун солиқ маслаҳатини амалга ошириш ҳамда мустақил молиявий назорат тизимининг амал қилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишини кўрсатиб ўтдилар. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши мулкдор билан давлатнинг мулкий манфаатларини, хўжалик юритувчи субъектларнинг, шу жумладан микрофирмалар ва кичик корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдам беради. Бу эса уларнинг ривожланишини рағбатлантирувчи қўшимча чора бўлади.
Шундан кейин сенаторлар автомобиль транспортида йўловчи ташиш соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш, автомобиль транспорти хизматларидан фойдаланадиган фуқаролар ҳаётининг хавфсизлигини ва уларнинг саломатлигини таъминлаш, шундай хизматлар сифатини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини маъқулладилар.
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ва “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилиш чоғида Қонун автомототранспорт воситаларини сотиб олиш,  рўйхатдан ўтказиш, бу воситаларни ижарага бериш ва бошқа шахсларга бериш соҳасида вужудга келадиган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиши, бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларнинг автомототранспорт воситаларини бошқарганлик учун жавобгарлигини назарда тутиши кўрсатиб ўтилди. Сенаторлар Қонунни маъқулладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 5 майдаги “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокамадан сўнг маъқулланди. Сенаторлар киритилаётган қўшимча тижорат банкларига “Микрокредитбанк”нинг устав капиталида иштирок этиш учун шароит яратишини таъкидладилар. Бу эса пировардида кичик бизнес, тадбиркорликнинг ривожланишига ёрдам беради.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати еттинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади.

Сенат 2006 йил 26 августда ўз ишини давом эттиради.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror