Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 йил 24 август

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди.

Мажлисда жамиятни демократиялаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш концепциясини амалда рўёбга чиқариш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун ва масалалар муҳокама қилинади.
Кеча, 2006 йил 24 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.
Кенгаш аъзолари Олий Мажлис Сенати Раисининг ўринбосари Ф.Муҳитдинованинг парламент юқори палатаси еттинчи ялпи мажлисига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ахборотини тингладилар ва маълумот учун қабул қилдилар.
Қўмиталарнинг раислари еттинчи ялпи мажлисда кўриш учун киритилган қонунлар ва бошқа ҳужжатлар юзасидан хулосалар тайёрлиги ҳақида маълумот бердилар, мажлис ишини ташкил этиш юзасидан фикр алмашдилар.
Кенгаш аъзолари Олий Мажлис Сенати еттинчи ялпи мажлиси кун тартибига Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан кўриб чиқилган ва маъқуллаш учун тавсия этилган Ўзбекистон Республикасининг Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилиши муносабати билан қабул қилинган “2001 йил 31 майда Минскда имзоланган Евросиё иқтисодий ҳамжамиятининг имтиёзлари ва иммунитетлари тўғрисидаги Конвенцияга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги, “1999 йил 26 февралда Москвада имзоланган Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд тўғрисидаги Шартномага Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги, “2003 йил 21 февралда Москвада имзоланган Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатларнинг ташқи чегараларини қўриқлашда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Шартномага Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонунларни, шунингдек “2002 йил 7 июнда Санкт-Петербург шаҳрида (Россия Федерацияси) имзоланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Хартиясига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Баённомани (Шанхай, 2006 йил 15 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўшимча равишда киритишни таклиф қилдилар.
Кенгаш аъзоларининг таклифига мувофиқ Олий Мажлис Сенатининг бўлажак еттинчи ялпи мажлиси кун тартибига Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан кўриб чиқилган ва маъқуллаш учун тавсия этилган “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам киритилди.
Кенгаш аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Ф.Муҳитдинованинг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини кучайтириш юзасидан 2006–2008 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури тўғрисидаги ахборотини тинглаб, ушбу ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси муҳокамасига киритиш ҳақида қарор қабул қилдилар.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан Кенгаш тегишли қарор қабул қилди.
* * *
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталарининг мажлислари бўлиб, уларда сенаторлар еттинчи ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама қилдилар. Улар орасида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенатга маъқуллаш учун юборилган қонунлар бор. Шунингдек, қўмиталарнинг 2006 йилнинг ўтган давридаги фаолияти якунлари ҳам муҳокама қилинди, сенаторлар минтақаларда олиб борган ўз ишлари ҳақида ҳамкасбларига ахборот бердилар.
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Қўмита аъзолари ушбу Қонун ноябрь ойининг иккинчи якшанбасини Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари куни деб белгилашини қайд этдилар. Тиббиёт ходимларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрда қабул қилинган, тиббиёт соҳасини тубдан ўзгартириш ва ривожлантиришнинг дастурий ҳужжатига айланган “Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган санани Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари куни деб, ноябрь ойини эса — мамлакат кўп тармоқли тиббиёт соҳаси қарор топтирила бошлаган ой деб белгилаш ҳақидаги таклифи Қонунни қабул қилишга асос бўлди.   
Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг аъзолари ўз мажлисларида “Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, ушбу Қонун хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солади ва ишлаб чиқариш объектлари қай даражада хавфли бўлиши мумкинлигидан қатъи назар, ҳамма хўжалик юритувчи субъектлар учун бир хил бўлган талабларни белгилайди. Қонун саноат хавфсизлигини таъминлашнинг таъсирчан тизими ишлаб туриши учун ҳуқуқий асос бўлади.
Ушбу қўмита мажлисида “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам кўриб чиқилди. Қўмита аъзолари ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасининг 33 та Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишини кўрсатиб ўтдилар. Бу ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлик фаолиятининг кафолатларини таъминлашга, давлат рўйхатидан ўтказишнинг соддалаштирилган механизмини жорий этишга, тадбиркорлик субъектларига молиявий ёрдам кўрсатиш ва солиқ имтиёзлари беришга, маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаш тартибини бирхиллаштиришга, кичик бизнес субъектларининг кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишлар сонини қисқартиришга, хўжалик низоларини кўриб чиқиш чоғида молиявий ва бошқа жазо чораларини қўллаш билан боғлиқ суд тартиб-таомилларини соддалаштиришга, судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар ва назорат қилувчи органлар жавобгарлигини оширишга, тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий ва бошқа жазо чораларини қўлланишга, шунингдек тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоялашнинг бошқа масалаларига қаратилган.
Қўмиталарнинг мажлисларида муҳокама қилинган қонунлар сенаторлар томонидан еттинчи ялпи мажлис кун тартибига киритиш учун тавсия этилди.
Парламент юқори палатаси қўмиталарининг мажлисларида сенаторлар ва қўмиталарнинг 2006 йилнинг ўтган давридаги фаолияти якунлари ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror