Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 йил 23 август

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Шу йил 23 августда парламент юқори палатасининг қўмиталарида бўлажак еттинчи ялпи мажлис кун тартибидаги масалаларга бағишланган мажлислар бўлиб ўтди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг аъзолари Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенатга маъқуллаш учун юборилган қонунларни муҳокама қилдилар. “Микромолиялаш тўғрисида”ги ва “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари микромолиявий ва микрокредит ташкилотларининг фаолиятини ривожлантириш учун ҳуқуқий базани шакллантиришга, тадбиркорлик субъектларининг кенг доираси ва аҳоли молиявий воситалардан ҳамда кредит ресурсларидан фойдаланиши учун имкониятни кенгайтиришга, микромолиявий ва микрокредит хизматлар кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга, барқарор иқтисодий ўсишга, иқтисодиётнинг ҳамма тармоқларида макроиқтисодий ва молиявий барқарорликнинг мустаҳкамланишига ёрдам бериши cенаторлар томонидан қайд этиб ўтилди. Шунингдек, сенаторлар бир қатор бошқа қонунларни ҳам муҳокама қилдилар. Улар орасида “Фирма номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам бўлиб, у фирма номларини муҳофаза қилиш ва ҳимоялашнинг ҳуқуқий механизмини такомиллаштириш, фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг фаолиятидаги рақобатчилик асосларини кучайтириш, ғирром рақобат пайдо бўлишига тўсқинликлар яратиш имконини беради. “Фирма номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг ҳамда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг айрим нормаларини “Фирма номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштиради. Киритилаётган ўзгартишлар фирма номлари ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш учун шароит яратади ҳамда фирма номларини рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларини соддалаштиради. “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни солиқ маслаҳатини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда солиқ тўловчиларнинг ҳам, солиқ маслаҳатини ўтказиш ташаббуси билан чиқадиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳам манфаатларини малакали ҳимоя қилиш, солиқ маслаҳатчиларининг ўзлари кўрсатган хизматлар натижалари учун жавобгарлигини ошириш имконини беради. “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги фаолиятни тартибга солишга, автомобиль транспорти хизматларидан фойдаланадиган фуқаролар ҳаётининг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлашга, ушбу хизматлар сифатини оширишга қаратилган. “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бошқа банкларнинг “Микрокредитбанк” АТБ устав капиталида иштирок этишига қўйилган чекловни бекор қилади.
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлисида “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Қўмита аъзолари ушбу Қонун мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш усули сифатида кўчмас мулк гаровини қўлланиш чоғида вужудга келадиган муносабатларни тартибга солишга, ипотекани кредитлаш ривожланиши учун шароит яратишга қаратилганлигини кўрсатиб ўтдилар. “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш чоғида сенаторлар ушбу Қонун мамлакатимизда жисмоний шахслар, якка тадбиркорлар ва юридик шахслар ўртасидаги низоларни ҳал қилишнинг ишончли, давлат механизмига муқобил механизм сифатида ҳакамлар томонидан муҳокама қилиш тизимини яратади ва жорий этади деган фикрни билдирдилар. Сенаторлар “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиб, у қонун лойиҳаларини тайёрлашнинг асосий тамойилларини, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш шаклини, қонун лойиҳаларини тайёрлашни ташкил этишга қўйиладиган талабларни, қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига киритиш тартибини белгилаб беришини қайд этдилар. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ва “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди. Ушбу Қонун автомототранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномаларни, бу воситаларни бошқа шахсларга бериш ва ижарага бериш шартномаларини давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида расмийлаштириш тизимини, автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш шаклларини тартибга солишга, автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларнинг автомототранспорт воситаларини бошқарганлиги учун жавобгарлигини оширишга қаратилган.
Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг мажлисида “Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреаль протоколига киритилган тузатишни (Монреаль, 1997 йил 17 сентябрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва “Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреаль протоколига киритилган тузатишни (Пекин, 1999 йил 3 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди. Сенаторлар Ўзбекистонда ушбу масалаларга доир халқаро ҳужжатларга, чунончи Вена конвенцияси ҳамда Монреаль протоколига риоя этиш учун норматив-ҳуқуқий база яратилганлиги ва у амал қилаётганлигини кўрсатиб ўтдилар. Юқоридаги икки қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг ернинг озон қатламини бузадиган моддаларни атмосферага чиқариб ташлаш хавфини тўхтатишга қаратилган глобал жараёнда қатнашишни давом эттиришига имкон беради, озон қатлами учун хавфсиз моддалар жаҳон бозорига кириш имкониятини сақлаб қолади. Қўмита аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Бельгия Қироллигидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчисини лавозимидан озод қилиш билан боғлиқ масалани ҳам кўриб чиқдилар. Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама қилди.
Юқорида санаб ўтилган қонунларни қўмиталар томонидан муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли хулосалар қабул қилинди. Ушбу хулосаларда мазкур қонунларни еттинчи ялпи мажлис кун тартибига киритиш учун Сенат Кенгаши муҳокамасига қўйиш тавсия этилди.
Парламент юқори палатаси қўмиталарининг мажлисларида сенаторлар ва қўмиталарнинг 2006 йилнинг ўтган давридаги фаолияти якунлари ҳамда бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.
Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror