Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 йил 22 август

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Илгари хабар қилинганидек, шу йил 25 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди.

Мажлисга тайёргарлик доирасида Сенат қўмиталарида парламент юқори палатаси аъзоларининг бўлажак анжумани кун тартиби лойиҳасига киритилган масалалар кўриб чиқилди, муҳокама қилинадиган материаллар синчиклаб ишлаб чиқилди.
Сенаторлар анжуманида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, маъқуллаш учун Сенатга юборилган ўн бешдан ортиқ қонунни кўриб чиқиш мўлжалланган. Шундай қонунлардан бири “Микромолиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўлиб, у тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига хизмат кўрсатишга ихтисослашган микромолиявий ташкилотларни ривожлантириш, микромолиявий хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳуқуқий тартибга солиш тизимини яратиш, микромолиявий хизматлар бозори ва тадбиркорликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар таъминлаб бериши керак. Кўриб чиқилиши мўлжалланган яна бир Қонун “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўлиб, у микрокредит ташкилотларининг ягона ҳуқуқий базасини шакллантиришга, уларни ташкил этиш ва фаолиятини ривожлантиришга, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашга ёрдам беради.
Шунингдек, “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқиш мўлжалланмоқда. Бу Қонун ипотека тушунчаси ва нарсасини, унинг вужудга келиш асосларини ёритиб беради, ипотека шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларини белгилайди, ундирувни ипотекага қўйилган гаровдаги мол-мулкка қаратишни судда кўриш ва суддан ташқарида ҳал қилиш тартибини белгилайдиган нормаларни, шунингдек уларни амалга ошириш жараёнини ўз ичига олади. Қонунга уй-жой қурилишини ипотека воситасида кредитлаш масалаларини тартибга соладиган ҳамда уй-жойларни ипотека воситасида кредитлаш тизимининг қатнашчилари доирасини, молиялаш манбаларини ҳамда ипотека воситасида кредитлашни қўллаб-қувватлаш Жамғармасини ташкил этиш тартибини белгилайдиган нормалар киритилган.
Кўриб чиқилиши мўлжалланган навбатдаги Қонун “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўлиб, унинг мақсади Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахслар, якка тадбиркорлар ва юридик шахслар ўртасидаги низоларни ҳал қилишнинг давлат механизмига муқобил бўлган ишончли механизм сифатида ишларни ҳакамлик тартибида кўриб чиқиш тизимини яратишдан иборат. Қонуннинг қабул қилиниши низоларни ҳал этишнинг уларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришга имкон берадиган ҳамда катта молиявий харажатлар талаб этмайдиган соддалаштирилган тизимини яратиш, ишларни кўриб чиқиш сифатини ошириш, Ўзбекистон Республикасида қулай инвестиция муҳити шаклланиши учун шарт-шароитларни яхшилаш имконини беради.
Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилади. У қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Қонунчилик палатасига киритиш тартибини белгилайди, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш шакли, қонун лойиҳаларини тайёрлашни ташкил этишга, уларнинг мазмунига, уларни экспертиза қилишга, шунингдек киритилган қонун лойиҳаларини қайтариш тартибига қўйиладиган талабларни белгилаб беради. Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда қонун ижодкорлигини такомиллаштиришга ёрдам беради.
Сенаторлар “Фирма номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқадилар. Ушбу Қонун фирма номини бир юридик шахсни бошқа юридик шахслардан фарқлантириш учун хизмат қиладиган индивидуаллаштириш воситаси, юридик шахс фуқаролик муомаласида фойдаланадиган восита деб таърифлайди. Қонун фирма номларини муҳофаза қилиш ва ҳимоялашнинг ҳуқуқий механизмини такомиллаштириш, хўжалик муомаласи иштирокчиларининг фаолиятидаги рақобатчилик асосларини кучайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек ғирром рақобат пайдо бўлишига тўсқинликлар яратиш имконини беради.
Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни хавфли ишлаб чиқариш объектларида авариялар юз бериши хатарларини камайтиришга ва уларни ишлатадиган ташкилотларнинг аварияларни локаллаштириш ва оқибатларини тугатиш учун тайёрлигини таъминлашга йўналтирилган, яъни у олдини олишга ҳамда хавфсизлик чораларини режалаштиришга қаратилган. Ушбу Қонун саноат хавфсизлигини таъминлашнинг таъсирчан тизими ишлаб туриши, саноат травматизми даражасини пасайтириш, хавфли ишлаб чиқариш объектлари ходимларининг ҳам, бу объектларни ишлатадиган ташкилотлар раҳбарларининг ҳам профессионал даражасини ошириш, шунингдек олдини олиш тадбирларини молиялаш заҳирасини яратиш ҳамда юз бериши мумкин бўлган авариялар натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун ҳуқуқий асос бўлади.
“Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни солиқ маслаҳати соҳасидаги муносабатларни қонун йўли билан тартибга солиш, мамлакатимизнинг солиқ маслаҳати тизимини ва унга хос бўлган функцияларни изчил, самарали ва муваффақиятли ривожлантириш учун энг мақбул шарт-шароитларни яратиш мақсадида ишлаб чиқилди. Қонун солиқ тўловчиларнинг ҳам, солиқ маслаҳатини ўтказиш ташаббуси билан чиқадиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳам манфаатларини янада малакали ҳимоя қилиш, солиқ маслаҳатчиларининг солиқ маслаҳати бўйича кўрсатган хизматлар натижалари учун жавобгарлигини ошириш имконини беради.
“Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 23 январдаги “Ҳомийлар ва шифокорлар йили” дастури тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган. Ана шунга асосланиб, “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси Қонуни ноябрь ойининг иккинчи якшанбасини Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари куни деб белгилайди.
Ялпи мажлисда сенаторлар амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ бўлган бир қатор қонунларни кўриб чиқадилар. “Фирма номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни шулар жумласидан бўлиб, унинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ҳамда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг айрим нормаларини мазкур Қонунга мувофиқлаштиришдан иборат. Юқорида номлари келтирилган ҳуқуқий ҳужжатларнинг тегишли моддаларига киритилаётган ўзгартишлар фирма номлари ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш учун шароит яратади ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларини соддалаштиради.
“Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш, автомобиль транспорти хизматларидан фойдаланадиган фуқаролар ҳаётининг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш, ушбу хизматлар сифатини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилаётган ўзгартиш фақат транспорт воситасига ҳамда махсус рухсатномага (лицензияга) эга бўлган юридик шахсларгина шаҳарда йўловчи ташиш соҳасида фаолият кўрсатиши мумкинлигини назарда тутади. Бу йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш имконини беради, йўловчиларда эса ўзларига техник жиҳатдан соз автомобилларда тиббий кўрикдан ўтган соғлом ҳайдовчи томонидан хизмат кўрсатилаётганлигига ишонч туғдиради.
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ва “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги “Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган. Ўзгартиш ва қўшимчалар автомототранспорт воситаларининг хизматларидан фойдаланадиган фуқаролар ҳаётининг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш мақсадида киритилмоқда.  
“Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 5 майдаги “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган. Киритилаётган ўзгартишлар “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасидаги чекловларни бекор қилади. Бу эса бошқа тижорат банкларига “Микрокредитбанк” АТБ устав капиталида иштирок этиш имконини беради.
“Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон Республикаси Президентининг монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга, тадбиркорлик субъектларининг хўжалик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлари учун молиявий жавобгарлигини эркинлаштиришга қаратилган фармонларига мувофиқ тайёрланган. Қонун Ўзбекистон Республикасининг 33 та қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритади. Бу ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлик субъектларининг молиявий жавобгарлигини эркинлаштиришни, иқтисодий жазо чораларининг мослашувчанлигини таъминлашни, молиявий ва бошқа жазо чораларини қўллаш билан боғлиқ хўжалик низоларини кўриб чиқиш чоғида суд процедураларини янада соддалаштиришни, тадбиркорлик субъектларига молиявий ва бошқа жазо чораларини қўллаш ҳақида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган назорат қилувчи органлар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини оширишни, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилишнинг бошқа масалаларини назарда тутади.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни тартибга солишнинг мунтазамлиги ва яхлитлигини, уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чораларини қўллашда бир хил ёндашишни, тадбиркорлик фаолияти учун қулай ҳуқуқий ва иқтисодий шарт-шароитлар яратишни ҳамда тадбиркорлик фаолиятини асоссиз чегаралашга йўл қўймасликни таъминлайди.
Ялпи мажлисда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш соҳасида муҳим аҳамиятга эга бўлган қонунларни кўриб чиқиш режалаштирилмоқда. Булар Ўзбекистон Республикаси ернинг озон қатламини бузадиган моддаларни атмосферага чиқариб ташлаш хавфини тўхтатишдан иборат глобал жараёнда қатнашиши билан боғлиқ бўлган “Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреаль протоколига киритилган тузатишни (Монреаль, 1997 йил 17 сентябрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги, “Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреаль протоколига киритилган тузатишни (Пекин, 1999 йил 3 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларидир. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Вена конвенцияси ва Монреаль протоколи каби базавий ҳужжатлар талабларига риоя этиш учун норматив-ҳуқуқий база яратилган бўлиб, у амал қилмоқда. 1998 йилда мамлакатимизда Монреаль протоколига Лондон ва Копенгаген тузатишлари ратификация қилинган эди. Юқорида номлари келтирилган қонунларни қабул қилиш билан мамлакатимиз ушбу протоколга яна иккита тузатишни: Монреаль (1997 й.) ва Пекин (1999 й.) тузатишларини ратификация қилади. Ушбу тузатишларга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг озон қатламига хавфсиз бўлган моддалар сотиб олиш учун жаҳон бозорларига кириш, тегишли ускуналар ишини таъминлаш учун бу моддаларни импорт қилиш имконияти сақлаб қолинади, мамлакатимизга Глобал Экологик Фонд томонидан молиявий ва техникавий ёрдам бериш масаласи кўриб чиқилади.
Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида қабул қилинган қонунлар жамиятни демократиялаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш концепциясини амалда рўёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшади.
Шу билан бир қаторда ялпи мажлисда сенаторлар Олий Мажлис Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа бир қатор масалаларни ҳам кўриб чиқадилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror