Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 йил 11 август

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмиталари томонидан шу йил 11 августда пойтахт вилояти судлари, адлия бошқармалари, Савдо-саноат палатаси, солиқ бошқармаси, прокуратураси, Фермер хўжаликлари ассоциацияси ходимлари, тадбиркорлар иштирокида Тошкент вилояти ҳокимлиги биносида “Тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ва бизнес учун қулай муҳит яратиш — суд ислоҳотларини чуқурлаштиришнинг муҳим вазифалари” мавзуида семинар ўтказилди.
Семинар иштирокчилари тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун 2005 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинганлигини кўрсатиб ўтдилар. Ушбу фармон ва қарорлар тадбиркорлик фаолиятининг кафолатларини таъминлаш, давлат рўйхатига олишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш, хусусий тадбиркорларга молиявий ёрдам кўрсатиш, солиқ масалаларида имтиёзлар бериш, маҳсулот ва хизматларни сертификатлаш тартибини бирхиллаштириш, кичик бизнес субъектларининг кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишлар сонини қисқартириш, мансабдор шахслар ҳамда назорат қилувчи органларнинг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш чоғида қонун ҳужжатларига риоя этиш учун жавобгарлигини кучайтиришга қаратилди ва Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти сифат жиҳатидан яхшиланиши учун кучли туртки бўлиб хизмат қилди.  
Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда бизнесни ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоялаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3619-сонли Фармони, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги, “Хусусий корхона тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари алоҳида аҳамиятга эга. Улар тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий асосларини ташкил этади.
Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини суд томонидан ҳимоя қилиш кафолатланганлиги қайд этиб ўтилди. Суд органларида тадбиркорларнинг манфаатларини адлия ва прокуратура органлари ҳимоя қилиши керак. Ушбу ҳимояни таъминлашга Ўзбекистон Фермер хўжаликлари ассоциацияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, барча даражалардаги адвокатлар коллегиялари ва бошқалар ёрдам бермоқда.
Муҳокама жараёнида семинар қатнашчилари тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоялаш механизмининг самарадорлигини янада ошириш, уларга юридик ёрдам бериш, хусусий бизнес ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирдилар. Тадбиркорлик соҳасидаги кадрларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, иш тажрибасини алмашиш масалаларига алоҳида эътибор берилди.
Семинарда сенаторлар, Олий суд, Олий хўжалик суди, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Давлат солиқ қўмитасининг вакиллари ва бошқалар амалдаги қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари юзасидан сўзга чиқдилар.
Семинар ишида сенаторлар, тадбиркорлар, Тошкент вилояти ҳокимлиги, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, юристлар, олимлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror