Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 йил 11 август

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши билан биргаликдаги қўшма сайёр мажлиси ўтказилиб, унда “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ижро этилиши тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси МХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси МХХнинг бошқа орган ва бўлинмалари, шунингдек Давлат божхона қўмитаси ва ИИВ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда мамлакатимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш юзасидан зарур чораларни кўраётганлиги қайд этилди.
Чегара қўшинларининг куч-ғайратлари давлатимиз ҳудудига босқинчи гуруҳлар ҳамда террорчилик ва диний-экстремистик фаолиятга алоқадор шахслар кириб келишига йўл қўймасликка, Ўзбекистон ҳудудига қурол-яроғлар, ўқ-дорилар, қўпорувчилик воситалари, гиёҳвандлик воситаларини олиб ўтишга уринишларга чек қўйишга, аҳолининг чегара орқали миграциясини, контрабандани, божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини четлаб товар-моддий бойликлар олиб ўтишни, шунингдек давлатимиз сарҳадларидан ташқарига стратегик хом ашё ва ундан тайёрланган маҳсулотларни олиб чиқиб кетишни камайтиришга қаратилди.
Чегара қўшинлари 2005 йилда амалга оширган оператив тадбирлар жараёнида давлат чегарасини бузган 37551 нафар шахс ушланди, чегара орқали гиёҳвандлик моддаларини олиб ўтиш йўлидаги 62 та уринишга чек қўйилди. Бунда 54 килограммдан ортиқ гиёҳванд модда олиб қўйилди. Чегара бузувчиларни ушлаш чоғида қирқма ўқотар қурол, тўппончалар, ов милтиқлари, кўплаб миқдорда ўқ-дорилар ҳам тортиб олинди. Мамлакатимизга қонунга хилоф равишда товар-моддий бойликларни олиб киришга қаратилган 6377 та уринишга барҳам берилди.
Мана шу муҳим ишда чегара қўшинларига ёрдам берувчи “Чегара посбонлари” отрядлари таркибида чегараларга яқин ҳудудларда Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашда ихтиёрий равишда иштирок этаётган фуқаролар муҳим роль ўйнамоқда.
Шу билан бирга мажлис қатнашчилари Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқаролар йиғинлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан етарли даражада ҳамкорлик қилмаётганлигини кўрсатиб ўтдилар.
Сенаторлар ўз чиқишларида Давлат чегарасини ҳимоя қилиш тизимида мавжуд бўлган мана шу ва бошқа муаммоларни оператив ҳал қилиш зарурлигини таъкидладилар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларидан маҳаллий аҳоли орасида олдини олиш чораларини фаоллаштиришни, мамлакат сарҳадларини ҳимоя қилишда чегара қўшинлари билан ҳамкорликни кучайтиришни талаб қилдилар.
Муҳокама қилинган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. 
Мажлисда сенаторлар, халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг депутатлари, Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси, ҳарбий прокуратура, Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ДБҚ, МХХ, “Маҳалла” жамғармаси, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror