Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 йил 10 август

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

2006 йил 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлисини 2006 йил 25 август куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ҳамда маъқуллаш учун Сенатга юборилган бир қанча қонунлар, хусусан “Микромолиялаш тўғрисида”ги, “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги, “Фирма номлари тўғрисида”ги, “Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги, “Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреаль протоколига киритилган тузатишни (Монреаль, 1997 йил 17 сентябрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги, “Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреаль протоколига киритилган тузатишни (Пекин, 1999 йил 3 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек “Фирма номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ва “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги, “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари киритилмоқда.
Шу билан бир қаторда Олий Мажлис Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни киритиш мўлжалланмоқда.
Кенгаш Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг ва Девонининг еттинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириб боришни Олий Мажлис Сенатининг Раиси ўринбосари Ф.Муҳитдинова зиммасига юклади.
Кенгаш кун тартибига мувофиқ мамлакатда шу йил май-июнда бўлиб ўтган Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови якунлари муҳокама қилинди.
Масалани муҳокама қилиш вақтида сайловни ташкилий-сиёсий жиҳатдан юксак савияда ўтказиш мақсадида Сенат Кенгаши шу йил 4 апрелда “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”  Қарор қабул қилиб, унда сайловни ўтказиш муддатларини белгилаганлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси таркибини, тегишли Тадбирлар режасини тасдиқлаганлиги қайд этилди. 
Олдинги йилларда ўтказилган сайловлардан фарқли ўлароқ, бу йилги сайлов биринчи марта 2004 йилда қабул қилинган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида ўтди. Ушбу Қонунга мувофиқ барча босқичларда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳлар тузилди. Улар таркибига “Маҳалла” жамғармаси, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон ёшлари “Камолот” ижтимоий ҳаракати ҳудудий бўлинмаларининг вакиллари киритилди. Жамоатчилик вакилларининг бу қадар кенг иштирок этиши сайловлар янада кўпроқ демократизм, ошкоралик ва тенг сайлов ҳуқуқи руҳида ўтишини таъминлаб берди.
Сайловни ташкил этиш ва ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун жойларда 199 та туман ҳамда шаҳар комиссиялари тузилди, 8843 та ишчи гуруҳ ташкил этилди. Комиссиялар ва ишчи гуруҳларга 12 минг нусхадан ортиқ махсус нашр этилган ва Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги ва “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари матнини ўз ичига олган рисолалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг юқорида кўрсатиб ўтилган Қарори, шунингдек “Фуқаролар йиғини сайлови – 2006” рукни остидаги қатор рисолалар юборилди.
Ушбу муҳим сиёсий тадбирни тайёрлаш ва ўтказишга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси юқори палатасининг сенаторлари ва Қонунчилик палатасининг депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари, жойлардаги давлат ҳокимияти ижроия органларининг вакиллари салмоқли ҳисса қўшдилар. Минтақаларда вилоят, туман, шаҳар ҳокимиятлари комиссияларга самарали ёрдам кўрсатди.
Сайловни ташкил этиш ҳамда уни ўтказишда очиқлик ва ошкораликни таъминлашга қаратилган тегишли ишлар амалга оширилди. Оммавий ахборот воситалари сайловнинг ўтказилишини мунтазам равишда ва ҳар томонлама ёритиб турдилар.  
Умуман олганда, сайлов тадбирларида 12 миллион 315 минг 818 нафар сайловчи номидан вакил бўлиб 574687 нафар сайловчи иштирок этди. Улар 27715 нафар номзод орасидан 8843 нафар фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)ни сайладилар. 2895 нафар фуқаролар йиғинининг раиси ёки улар умумий сонининг 32,7 фоизи биринчи марта сайланди. Шунингдек, 84375 нафар фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг маслаҳатчиси ҳам сайланди.
Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) этиб сайланганлар орасида 6016 киши ёки ҳамма раисларнинг 68 фоизи олий маълумотга эга, 4177 нафар раис (47 %) 50 ёшга, 818 нафар раис (9 %) 40 ёшга етмаган.            Фуқаролар йиғинлари раислари орасида аёллар сони кўпайди. Агар 2003 йилда улар 734 нафар ёки 9 фоиз бўлган бўлса, 2006 йилда 981 нафар ёки 11 фоизни ташкил этди.
Сайлов натижасида оқсоқоллар ва улар маслаҳатчиларининг сифат таркиби яхшиланди. Бунга фуқароларнинг улар ҳақидаги фикрини ўрганиш, уларнинг ҳужжатларини тегишли комиссияларга тақдим этиш ёрдам берди. Йиғилишларда сайлов эркин ўтиши учун уч нафардан олти нафаргача муқобил номзод кўрсатилди.
Шу билан бирга, сайлов жараёнида ўнта фуқаролар йиғинида кўрсатилган номзодларнинг бирортаси ҳам сайланмади (Қашқадарё вилоятида — 5, Самарқанд вилоятида — 3, Сирдарё вилоятида — 1, Хоразм вилоятида — 1), шу муносабат билан бу йиғинларда қайта сайлов бўлиб ўтди. 143 та йиғинда улар раҳбарларининг ўтган даврдаги иши қониқарсиз деб топилди, оқсоқолларга ишончсизлик билдирилди ва улар қайта сайланмадилар. Қашқадарё вилоятида 71 нафар, Андижон вилоятида 30 нафар, Тошкент шаҳрида 14 нафар фуқаролар йиғини раисига ишончсизлик билдирилди. Сайловда оқсоқолларнинг ҳисоботларини муҳокама қилиш вақтида сайловчилар эътиборни жойларда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда муҳтож оилаларнинг болаларига нафақалар тайинлаш масаласини адолат билан ҳал қилмаслик ҳоллари ҳали ҳам мавжудлигига, фуқаролар йиғинлари билан уй-жой мулкдорларининг ширкатлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик етарли эмаслигига, баъзи фуқаролар йиғинлари қонун ҳужжатлари билан ўз зиммаларига юклатилган айрим нотариал ҳаракатларни бажармаётганлигига, одамларни тўлқинлантираётган бошқа муаммоларга қаратдилар.  
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов ташаббуси билан амалга оширилаётган “Кучли давлатдан кучли жамият сари” деган сиёсий тузум концепциясини амалга ошириш билан боғлиқ мақсадларга эришиш учун фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини кучайтириш юзасидан 2006–2008 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисига тасдиқлаш учун киритиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати билан Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Федерация Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссиянинг Ўзбекистондан тайинланадиган аъзолари таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳамда Евросиё иқтисодий ҳамжамияти Парламентлараро Ассамблеясининг Агросаноат сиёсати, табиатдан фойдаланиш ва экология бўйича доимий комиссияси раиси лавозимига тақдим этиш учун номзод тасдиқлаш ҳақидаги масалаларни ҳам муҳокама қилди.
Кенгаш мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси таркибига ўзгартишлар киритиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.   
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши тегишли қарорлар қабул қилди.
Сенат Кенгашининг мажлисида сенаторлар, Сенат Кенгашининг Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман, шаҳар комиссиялари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимиятлари ташкилий-назорат гуруҳларининг раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror