Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 йил 8 август

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш маркази билан биргаликда 2006 йил 8 августда “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида қонунчиликнинг таъминланиши: қонун ҳужжатлари ва амалиёт” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатининг қатнашчилари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида қонунийликни таъминлашнинг долзарб томонларини, қонунчиликни ва қонунларни қўллаш амалиётини такомиллаштириш муаммоларини ҳар томонлама батафсил муҳокама қилдилар.
Суҳбат қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг Олий Мажлис иккала палатасининг 2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисидаги маърузасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кадрларининг масъулиятини ошириш, улар профессионал бурч ва мажбуриятларини виждонан ва ҳалол бажаришлари, мамлакатда коррупцияга қарши курашни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, прокуратура ва суд органлари тизимидаги коррупцияга қарши кураш билан ўзаро боғлаб олиб бориш соҳасида қўйилган вазифаларни бажариш масалаларига алоҳида эътибор бердилар.
Фикр алмашиш жараёнида бошқа органларда қонун ҳужжатларининг ижросини назорат қилиши керак бўлган органларнинг ўзида қонун ҳужжатларига қандай риоя этилаётганлигини назорат қилишга қаратилган таъсирчан воситаларни яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Давра суҳбати қатнашчилари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалга оширилишини мониторинг қилиш хусусиятларига эътибор бердилар. Бундай институт қонун ҳужжатларидаги камчиликларни ва қонунни қўллаш амалиётидаги мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш имконини бериши таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 25 декабрдаги қарори билан ташкил этилган Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш маркази фаолияти айнан ана шу вазифаларни бажаришга қаратилган.
Тадбир қатнашчилари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, прокуратура органлари ходимларини танлаш, жой-жойига қўйиш, уларни аттестация қилиш ва малакасини ошириш ишлари сифатини яхшилаш ҳақида бир қатор таклифларни ўртага ташладилар. Шунингдек, “Ички ишлар органлари тўғрисида”, “Оператив-қидирув фаолияти тўғрисида”, “Судлар тўғрисида”ги ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаларини тайёрлашни тезлаштириш хусусида ҳам фикрлар билдирилди.
Масалани муҳокама қилиш якунлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг амалий фаолиятида қонунийликни таъминлашнинг устувор йўналишлари белгиланди ва тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. 
Давра суҳбати ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий, Олий хўжалик, Ҳарбий судларининг, Адлия вазирлиги, Бош прокуратурасининг, ИИВ, МХХ, ДСҚ, ДБҚ, олий ўқув юртлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror