Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2005 йил 22 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2006 йилга мўлжалланган Давлат бюджетининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган лойиҳасини ҳамда ана шу лойиҳа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қарорни кўриб чиқдилар.
Мажлисда 2006 йилга мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳаси асосий кўрсаткичларининг ҳамда мамлакатимиз солиқ ва бюджет сиёсати йўналишларининг мазмуни ҳамда аҳамияти асослаб берилди.
2006 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва Давлат бюджети лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг           2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган устуворликларга асосланган ҳолда ишлаб чиқилган.
Сенаторлар ва мажлисда сўзга чиққан иштирокчилар келаси молия йилига мўлжалланган Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлиги юксак даражадалигини, залвори иқтисодиётга ва аҳоли даромадларига тушаётган солиқ юкини камайтириш, солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашни соддалаштириш тамойилларини таъкидлаб ўтдилар.
2006 йилда бозор ислоҳотларини, банк ва молия тизимларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш, хусусий секторни илдам суръатлар билан ривожлантирилишини таъминлаш ва унинг мамлакат иқтисодиётидаги улушини кўпайтириш, кичик бизнес ва фермерликни ривожлантиришга, уй-жой-коммунал хўжалигини яхшилашга қаратилган ишларнинг кўламларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.
Муҳокамалар асносида Давлат бюджети лойиҳасида мактаб таълимини ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатилишини яхшилаш тадбирларини амалга оширишга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қўллаб-қувватлашга, қишлоқ аҳолисини ичимлик сув ва табиий газ билан таъминлашга, қишлоқ хўжалиги ерларини мелиорациялаш ва реконструкция қилишга, транспорт инфратузилмаси ва коммуникацияларни ривожлантириш ҳамда кенгайтиришга зарур маблағлар ажратиш назарда тутилмоқда. Давлат харажатлари ва бошқарув тизимини мақбуллаштириш ҳамда давлат молияларини назорат қилишнинг самарали усуллари амалга оширилади.
Сенаторлар муҳокама якунлари асосида Ўзбекистон Республикасининг 2006 йилги Давлат бюджетини маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилдилар.

Мажлисда сенаторлар, манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror