Сенат янгиликлари

<< Бош сахифа |                                                                

2006 yil 29 dekabr

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Маълумки, фуқаролик жамиятини шакллантиришда судлар ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг ажралмас юридик механизми рутбасига эришади ва низоларни ҳал этишнинг маърифатли-маданиятли усулига айланади. Бозор муносабатлари ривожланиб, иқтисодий ислоҳотларда теранлик салмоғи ортгани сари умумий юрисдикция судлари билан хўжалик судларининг роли ва фаоллиги кучайиб боради. Уларнинг ишида самарадорлик суд қарорларининг талаб даражасида, тўғри ва ҳаққоний ижро этилишига боғлиқ, шу боис суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида суд қарорларининг ўз вақтида ижро этилишига катта аҳамият берилмоқда.
Сенат Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти томонидан ижро этилишига доир масала муҳокама қилинди.
Кўриб чиқилаётган масала муҳокамасида таъкидлаб ўтилганидек, Департаментда мазкур Қонунни ижро этиш юзасидан муайян ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида қарздорлардан қарийб 328, 5 миллиард сўм миқдоридаги сумма ундирилиши таъминланган. Суд қарорларини мажбурий тартибда ижро этиш, қарздорларнинг мол-мулкини хатлаш, баҳолаш ва реализация қилиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган бўлиб, мунтазам равишда амалга ошириб келинмоқда, суд қарорларини ижро этиш самарадорлигини ошириш усуллари изчил ўрганиб борилмоқда.
Шу билан бирга мазкур Қонун талаблари Департамент томонидан тўлиқ бажарилаяпти, суд қарорларининг ҳаммаси ҳам ўз муддатида ижро этилаяпти деб бўлмайди. Суд ижрочиларининг малака даражаси, уларни тайёрлаш иши бугунги кун талабларига баъзан жавоб бермаяпти.
Мажлис иштирокчилари «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга оширишга монелик қилаётган сабабларни пухта таҳлил этдилар, уларни бартараф этиш йўлларини кўриб чиқдилар. Бундан ташқари Қўмита мажлисида  мазкур Қонунни амалиётда қўлланиш самарадорлигини ўрганиш натижалари асосида амалдаги қонун ҳужжатларининг баъзи нормаларини янада такомиллаштиришга тааллуқли таклифлар муҳокама этилди.
Қўмита муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилди.

*     *     *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўлим жазосини бекор қилиш ҳамда қамоққа олиш учун санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказишга қаратилган фармонлари мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ривожлантиришга амалий омил бахш этди. Инсонпарварлик йўналишидаги ана шу ҳужжатларнинг амалга оширилиши суд-ҳуқуқ тизимимизни янада демократлаштириш йўлида қўйилган дадил қадам бўлиб, айни бир вақтда у ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш органларидан ғоят жиддий тайёргарлик талаб этади.  
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг юқори палатасида «Суд-ҳуқуқ ислоҳоти: самарадорлик ва истиқболлар» мавзусида конференция бўлиб ўтди. Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбир иштирокчилари эътиборни шунга қаратдиларки, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинган куннинг ўн уч йиллигига бағишланган «Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари — энг олий қадрият» деган маърузасида алоҳида таъкидланганидек, «давлат қурилиши ва унинг тараққиёти, жамиятимизнинг демократик янгиланиши, иқтисодиётимизни ривожлантириш ва эркинлаштириш, маънавий-маърифий ишлар билан боғлиқ олдимизда турган муаммо ва вазифаларни ечишда «Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, инсон манфаатларини таъминлаш учун» деган теран маъноли фикрни асло унутмаслигимиз керак». Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида ана шу принципнинг изчиллик билан амалга оширилиши жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари жиддий тарзда либераллаштирилишига ва бутун суд-ҳуқуқ тизими инсонпарварлашувига олиб боради.
Сўзга чиққанлар қамоққа олиш учун санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши судларнинг ролини анчагина оширишини ҳамда ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқлари ўртасидаги нисбатни ўзаро бир-бирини тийиш ҳамда мувозанатни сақлаш доирасида амалий жиҳатдан мустаҳкамлашини қайд этдилар. Шу билан бирга судлар ўзлари учун бу янги вазифани ижро этишига қарата ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳозирнинг ўзидаёт тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Айни вақтда судьяларни тайёрлаш, ишларни кўришда янада кўпроқ тарзда табақалаштирилган ёндашув механизмларини ва қамоққа олиш учун санкция бериш ваколатларини пухталаб олиш соҳасида ҳали кўп иш қилиш керак бўлади.   
Конференцияда жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг инсонпарварлашуви масаласига келгусида ўлим жазоси бекор қилиниши нуқтаи назаридан алоҳида эътибор қилинди. Конференция иштирокчилари таъкидлаб айтдиларки, ўлим жазосининг бекор қилиниши аввало демократия даражасининг, қолаверса инсон ҳаётига беназир ва бебаҳо неъмат деб қараладиган Ўзбекистонда содир бўлаётган чуқур ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг кўрсаткичидир.
Конференция ишида судьялар, прокуратура ва бошқа ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш органларининг масъул ходимлари, шунингдек экспертлар ва олимлар иштирок этдилар.

*     *     *

 

Сенат Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган сайёр мажлисида «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Зарафшон дарёси ҳавзасидаги сувдан фойдаланувчи корхона ва ташкилотлар томонидан ижро этилиши тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Мажлисда шу нарса таъкидландики, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Навоий ва Бухоро вилоятларини оби ҳаёт билан таъминловчи Зарафшон дарёси ҳавзасида қонун талабларига мувофиқ иш олиб борилганлиги кейинги йилларда дарё сувининг сифати сезиларли даражада яхшиланишига олиб келди. Ҳукумат томонидан муҳофаза этиладиган зонани белгилаб берувчи қатор қарорлар қабул қилинганлиги бу ҳудуддан дарё сувини ифлослантирувчи объектларни чиқаришга хизмат қилди, ўрмон зоналари ва иҳота дарахтзорлари яратиш имконини берди. Қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганлиги туфайли дарё ҳавзасида асосий қишлоқ хўжалиги экинзорларини суғоришда сувдан фойдаланишнинг энг самарали усуллари жорий қилинди.
Шу билан бирга Қўмита мажлисида Зарафшон дарёси ҳавзасида «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунда белгиланган қоидаларнинг ижро этилишида айрим истеъмолчилар, корхона ва ташкилотлар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам таъкидлаб ўтилди.
Баъзи корхоналар тозалаш иншоотларининг иш самарадорлиги юқори эмаслиги оқибатида маҳаллий рельефга, ирригация тизимлари ва бевосита дарёга оқава сувлар чиқариб ташланишига йўл қўйилмоқда.
Ер ости минерал сувларидан санитария-муҳофаза лойиҳаларисиз ва технология схемаларисиз, баъзан муддати ўтиб кетган рухсатномалар, техник лицензиялар билан фойдаланилаётганлик ҳоллари ҳам учрамоқда. Иккиламчи минерал сувлардан кўпинча тегишли ҳужжатларсиз фойдаланилмоқда.
Мажлисда сўзга чиққанлар сув тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг сувдан фойдаланувчилар уюшмаларининг ўз истеъмолчилари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликдаги ҳамкорлик ҳаракатлари механизмини яратишга доир қисмини такомиллаштириш, сувдан оқилона фойдаланишни рағбатлантиришнинг иқтисодий омилларини ишлаб чиқиш, коллектор-дренаж сувларини бошқа томонга буриб юбориш масаласини ҳал этиш, дарё сувининг тоза бўлиши ва тежамкорлик билан сарфланишига асосланган иқтисодий манфаатдорликни оширувчи янада мукаммалроқ ҳуқуқий механизмлар яратиш зарурлигига эътибор қаратдилар.
Қўмита мажлисида Қишлоқ ва сув хўжалиги, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Табиатни муҳофаза қилиш, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмиталари, Гидрометеорология хизмати маркази ва «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси раҳбарларининг ахборотлари тингланди.
Муҳокама этилган масала юзасидан Қўмита тегишли қарор қабул қилди. 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

©2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Designed by Abror