O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикасининг
Қ О Н У Н И


ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ ТЎҒРИСИДА (янги таҳрири)

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Қорақалпоғистон Республикасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

3-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши тушунчаси

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ўз манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий хусусиятларидан, шунингдек миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиш борасидаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан кафолатланадиган мустақил фаолиятидир.

4-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқи

Фуқаролар шаҳарчаларда, қишлоқларда, овулларда, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги маҳаллаларда ўзини ўзи бошқаришга доир ўз конституциявий ҳуқуқини фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларига мувофиқ фуқаролар йиғинлари (фуқаролар вакилларининг йиғилишлари) орқали амалга оширади.
Фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бевосита ёки ўзларининг сайланадиган вакиллари орқали ўзини ўзи бошқаришда тенг ҳуқуқларга эга.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришга доир ҳуқуқларини чеклаш тақиқланади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди.

5-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг асосий принциплари

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, демократизм, ошкоралик, ижтимоий адолат, маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда мустақиллик, жамоатчилик асосидаги ўзаро ёрдам, ижтимоий шериклик, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарни ҳисобга олишдан иборатдир.

6-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳудудлари

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга оширилади. Шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ҳудудий бирликларидир (бундан буён матнда тегишли ҳудуд деб юритилади).
Шаҳарчалар, қишлоқлар, овулларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ҳамда уларнинг номини ўзгартириш фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг илтимосномалари асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда амалга оширилади.

7-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Давлат органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароит яратади, қонун ҳужжатлари билан берилган ваколатларни амалга оширишда уларга кўмаклашади.

8-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинлари (бундан буён матнда фуқаролар йиғини деб юритилади) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидир. 
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва қонун ҳужжатлари билан берилган ўз ваколатларини тегишли ҳудуд доирасида амалга оширади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланади, белгиланган намунадаги муҳрга эга бўлади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиниши керак.

9-модда. Фуқаролар йиғини 

Фуқаролар йиғини аҳоли манфаатларини ифодалайди ва унинг номидан тегишли ҳудуд доирасида амал қиладиган қарорлар қабул қилади. 
Фуқаролар йиғинида ўн саккиз ёшга тўлган ва тегишли ҳудудда доимий яшаётган шахслар қатнашади.
Фуқаролар йиғини органлари қуйидагилардир: 
фуқаролар йиғини кенгаши; 
фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар;
тафтиш комиссияси.

10-модда. Фуқаролар йиғини тўғрисидаги низом 

Фуқаролар йиғини ўзи тасдиқлаган низом асосида фаолият юритади. Фуқаролар йиғини тўғрисидаги низомда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак: 
фуқаролар йиғинининг номи; 
фуқаролар йиғинининг ҳудуди; 
фуқаролар йиғини ва унинг органлари ваколатлари; 
фуқаролар йиғинини (фуқаролар вакилларининг йиғилишини) чақириш тартиби; 
фуқаролар йиғини кенгашини тузиш тартиби; 
фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) ва унинг маслаҳатчиларини сайлаш, шунингдек фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахсларини сайлаш, тасдиқлаш ва тайинлаш тартиби; 
фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларни тузиш, қайта ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби; 
фуқаролар йиғини тафтиш комиссиясини тузиш ва унинг фаолиятини тугатиш тартиби;
фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ва унинг маслаҳатчиларининг ваколатлари; 
фуқаролар йиғини масъул котибининг, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбарининг, фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчисининг ваколатлари;
фуқаролар йиғини фаолиятининг иқтисодий асоси; 
фуқаролар йиғинини қайта ташкил этиш ва унинг фаолиятини тугатиш тартиби.
Фуқаролар йиғини тўғрисидаги низомда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа маълумотлар ҳам бўлиши мумкин. 
Фуқаролар йиғини тўғрисидаги намунавий низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

2-боб.    Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари

11-модда. Шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинининг ваколатлари

Шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғини:
фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) ва унинг маслаҳатчиларини, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларнинг ҳамда тафтиш комиссиясининг раисларини ва аъзоларини сайлайди;
фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчиларининг ва фуқаролар йиғини кенгаши девонининг миқдор таркибини белгилайди, фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) тақдимига кўра фуқаролар йиғинининг масъул котибини тасдиқлайди;
фуқаролар йиғини кенгаши ва фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;
фуқаролар йиғинининг фаолият дастурини ва харажатлар сметасини, ҳудудни комплекс ривожлантиришни таъминлашга, тегишли ҳудуд доирасида ободонлаштиришга, кўкаламзорлаштиришга ва санитария ҳолатини яхшилашга қаратилган тадбирлар режаларини тасдиқлайди;
аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади, ушбу мақсадда марказлаштирилган тарзда ажратиладиган давлат маблағларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлайди;
ҳар чоракда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялари ҳамда тафтиш комиссияси раислари, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбари, фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчисининг ҳисоботларини эшитади;
тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижро этилиши, шу жумладан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан коммунал хизматлар кўрсатиш сифати, иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза этиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича участка сайлов комиссияларининг аъзолигига номзодларни тегишли округ сайлов комиссияларига, шунингдек референдум ўтказиш бўйича участка комиссияларининг аъзолигига номзодларни референдум ўтказиш бўйича тегишли округ комиссияларига тақдим этади;
халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилади;
тўйлар ва бошқа маросимларни ўтказиш юзасидан тавсиялар беради;
ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитади. Фуқаролар йиғинларининг ҳисоботлар тўғрисидаги баённомалари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юборилади, улар бу баённомаларнинг ҳисобини юритади, фуқаролар йиғинларининг мурожаатлари кўриб чиқилиши устидан назоратни амалга оширади;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш масалалари юзасидан ўз ваколати доирасида тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади ҳамда уларнинг натижалари бўйича қарорлар қабул қилади;
ўз маблағларини шакллантиради, фуқаролар йиғини мол-мулкига эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади, молиявий маблағларнинг сарфланиши устидан назоратни ташкил этади;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли ҳудудда тадбиркорлик фаолияти субъектларини, шу жумладан сартарошхоналар, пойабзал таъмирлаш ва тикиш бўйича устахоналар, халқ ҳунармандчилиги цехларини ва аҳолига маиший хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотларни ташкил этади, қайта ташкил этади ва тугатади (уларнинг фаолиятини тугатади);
ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, тегишли ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария жиҳатдан тозалаш, кам таъминланган оилаларга уларнинг уйлари ва квартираларини таъмирлашда, шунингдек коммунал хизматлари ҳақини тўлашда ёрдам кўрсатиш учун ихтиёрийлик асосида жисмоний шахслардан маблағ йиғиш, юридик шахсларнинг маблағларидан шартнома асосида фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;
атроф муҳитни муҳофаза қилишга кўмаклашади;
гузарлар барпо этиш масалаларини кўриб чиқади;
маъмурий-ҳудудий бирликлар, маҳаллаларнинг чегараларини ўзгартириш, маҳаллалар, кўчалар, майдонлар ва бошқа объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш ҳақида тегишли туманлар, шаҳарлар давлат органларига илтимосномалар киритади;
ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш туман, шаҳар комиссиясига ўз вакилини юборади;
ҳар бир деҳқон хўжалигини хўжалик китобига киритиб, унда деҳқон хўжалигининг таркиби тўғрисидаги, хўжалик бошлиғи ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс ҳақидаги, шунингдек деҳқон хўжалигининг ташкилий-ҳуқуқий шакли (юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда) тўғрисидаги маълумотларни қайд этиб қўяди;
коммунал тўловлар ундирилишини таъминлаш, иссиқлик ва электр энергиясидан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамли фойдаланиш бўйича тадбирлар ўтказишда, тегишли ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, уйлар ва ҳовлиларни намунали сақлашга доир ишларни ихтиёрийлик асосида ташкил этишда шартнома асосида кўмаклашади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, банклар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда кам таъминланган оилалардан бўлган ёшларга, шу жумладан уларга никоҳ тузишда ва тўй тадбирларини ўтказишда қўшимча моддий ёрдам кўрсатади; тегишли ҳудуд доирасида жойлашган (яшаётган) тадбиркорлик фаолияти субъектлари, шу жумладан оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан кредитлар олинишида белгиланган тартибда кафил бўлади. 
Шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғини қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Шаҳардаги маҳалла, шунингдек таркибида маҳаллалар тузилмаган шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғини ушбу моддада назарда тутилган ваколатлардан ташқари, фуқаролар йиғини ҳудуди бўйича назарда тутилган харажатлардан келиб чиққан ҳолда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ва вояга етмаган болалари бўлган муҳтож оилаларга, икки ёшга тўлмаган болалари бор ишламайдиган оналарга, шунингдек бюджет ташкилотларида ишлайдиган оналарга ҳамда уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нафақалар тайинлаш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади, оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадларига марказлаштирилган тарзда ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлайди.
Таркибида маҳаллалар тузилган шаҳарча, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини шаҳарчадаги, қишлоқдаги ва овулдаги маҳалла фуқаролар йиғинларига кўмаклашади, уларнинг марказлаштирилган тарзда ажратиладиган давлат маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади.

12-модда. Шаҳарчадаги, қишлоқдаги ва овулдаги маҳалла фуқаролар йиғинининг ваколатлари

Шаҳарчадаги, қишлоқдаги ва овулдаги маҳалла фуқаролар йиғини:
фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) ва унинг маслаҳатчиларини, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларнинг ҳамда тафтиш комиссиясининг раисларини ва аъзоларини сайлайди;
фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) маслаҳатчилари ва фуқаролар йиғини кенгаши девонининг миқдор таркибини белгилайди, фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) тақдимига кўра фуқаролар йиғинининг масъул котибини тасдиқлайди;
аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади, ушбу мақсадда марказлаштирилган тарзда ажратиладиган давлат маблағларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлайди;
ҳар чоракда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларнинг ҳамда тафтиш комиссиясининг раислари, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбари, фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчисининг ҳисоботларини эшитади;
тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижро этилиши, шу жумладан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан коммунал хизматлар кўрсатиш сифати, иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза этиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;
молиявий маблағларнинг сарфланиши устидан назоратни ташкил этади;
тегишли ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тадбирлар режаларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, банклар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда кам таъминланган оилалардан бўлган ёшларга, шу жумладан уларга никоҳ тузишда ва тўй тадбирларини ўтказишда қўшимча моддий ёрдам кўрсатади; тегишли ҳудуд доирасида жойлашган (яшаётган) тадбиркорлик фаолияти субъектлари, шу жумладан оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан кредитлар олинишида белгиланган тартибда кафил бўлади; 
фуқаролар йиғини ҳудуди бўйича назарда тутилган харажатлардан келиб чиққан ҳолда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ва вояга етмаган болалари бўлган муҳтож оилаларга, икки ёшга тўлмаган болалари бор ишламайдиган оналарга, шунингдек бюджет ташкилотларида ишлайдиган оналарга ҳамда уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нафақалар тайинлаш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади, оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадларига марказлаштирилган тарзда ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлайди. 
Шаҳарчадаги, қишлоқдаги ва овулдаги маҳалла фуқаролар йиғини қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

13-модда. Фуқаролар йиғини кенгашининг ваколатлари

Фуқаролар йиғинининг қарорларини бажариш ва фуқаролар йиғинлари оралиғидаги даврда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жорий фаолиятини амалга ошириш учун фуқаролар йиғинининг кенгаши шакллантирилади.
Фуқаролар йиғини кенгаши таркибига фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли), унинг маслаҳатчилари, масъул котиб, фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмасининг раҳбари киради.
Фуқаролар йиғинининг кенгаши:
фуқаролар йиғинини (фуқаролар вакилларининг йиғилишини) чақиради;
фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ишини мувофиқлаштиради, ҳомийлик ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликдаги тадбирларни ўтказади;
фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) тақдимига кўра фуқаролар йиғини кенгашининг девонини шакллантиради;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларига уларнинг сайловчилар билан учрашувларини уюштиришда, фуқароларни қабул қилишда, улар ўз сайлов округларида бошқа ваколатларини амалга оширишда кўмаклашади;
оммавий-сиёсий, маънавий-маърифий, маданий, спорт тадбирларини ва бошқа тадбирларни, шунингдек муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш, муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича тадбирларни ўтказишда, тегишли ҳудуднинг, сув таъминоти манбаларининг, турар жойларнинг, таълим муассасаларининг санитария ва экология ҳолати, ёнғинга қарши хавфсизлик талабларига, ҳайвонлар сақлашни ветеринария-санитария қоидаларига, савдо қоидалари ва фуқароларга хизмат кўрсатиш маданиятига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда тегишли давлат органларига кўмаклашади;
хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг жамият ҳаётидаги, оилада маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантиришдаги, ёш авлодни тарбиялашдаги ролини оширишга қаратилган чора-тадбирларни кўради;
рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотлар фаолият кўрсатишининг олдини олиш, фуқароларнинг диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқига риоя этилишини таъминлаш, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаслик юзасидан чора-тадбирларни кўради, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқади;
ёш авлодни тарбиялаш масалалари юзасидан таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади;
ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кекса фуқароларга патронаж ёрдами шу мақсадда ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кўрсатилишига кўмаклашади;
тегишли ҳудудда яшовчи фуқаролар бандлигини таъминлашга, шу жумладан касаначиликни ташкил этишга кўмаклашади;
тегишли ҳудуддаги аҳолининг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар, спорт майдончаларини жиҳозлаш, моддий маданий мерос объектларини яроқли ҳолда сақлаш, дафн этиш жойларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва яроқли ҳолда сақлашга доир ишларда ихтиёрийлик асосида қатнашишини ташкил этади, ана шу мақсадларда туман, шаҳар ижро этувчи ҳокимият органи ажратадиган моддий маблағлардан ва бошқа воситалардан, ўз маблағларидан фойдаланади, жамоатчилик ёрдамини (ҳашарни) уюштиради, кўриклар ва танловлар ўтказади;
иссиқлик ва электр энергиясидан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамли фойдаланиш ва уларнинг беҳуда сарфланишини камайтиришга қаратилган тадбирларни ўтказади;
деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантиришга кўмаклашади;
тегишли ҳудудда жамоат тартибини ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда, шу жумладан фуқароларнинг келиши ва кетишини ҳисобга олишни ташкил этишда, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир ишларда ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашади;
уй-жой фондидан фойдаланиш ва унинг сақланишини таъминлашда фуқароларга кўмаклашади;
аҳолидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ўз вақтида тушишига кўмаклашади;
фуқаролар томонидан коммунал хизматлар ҳақини тўлиқ ва ўз вақтида, ҳисоб-китобини банклар орқали амалга оширган ҳолда тўлашларини коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан биргаликда уюштиради ва назорат қилади. Аҳоли коммунал хизматлар ҳақини тўлиқ тўлашини таъминлаганлиги учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ўтказиладиган маблағларни белгиланган тартибда кам таъминланган оилаларга коммунал хизматлар ҳақини тўлашда ёрдам бериш, фуқаролар йиғинлари органларининг ходимларини рағбатлантириш учун, шунингдек ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга оид ишларни ўтказишга ишлатади;
фуқароларни табиий офатларга қарши курашга ва уларнинг оқибатларини тугатишга жалб этишга кўмаклашади;
фуқароларни фуқаро муҳофазасига доир тадбирларни ўтказишга жалб этишга, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни хабардор этиш ҳамда мудофаа ишлари бўлимларига чақиришни ташкил қилишга кўмаклашади, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар фуқаролар йиғинларида уларнинг шахсий-бирламчи ҳисоби юритилишини таъминлайди, мудофаа ишлари бўлими билан келишган ҳолда ҳарбий ҳисобни юритиш бўйича ходимни тасдиқлайди;
«Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмасининг раҳбарини тайинлайди ва тузилмага аъзолар қабул қилади; 
фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчисини тайинлайди;
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан биргаликда ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган кам таъминланган оилалар, ёлғиз кекса фуқароларни, пенсионерлар ва ногиронларни аниқлайди;
озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод этилган шахсларни ижтимоий-меҳнат реабилитацияси ва жиноятчиликнинг олдини олишга доир тадбирларни ижтимоий мослашув марказлари билан биргаликда амалга оширади.
Фуқаролар йиғинининг кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

14-модда. Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ваколатлари

Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли):
фуқаролар йиғинини (фуқаролар вакилларининг йиғилишини) чақиради;
фуқаролар йиғинига — масъул котибининг, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда тафтиш комиссияси раислари ва аъзоларининг номзодларини, шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғини кенгашига — ҳарбий ҳисобни юритиш бўйича ходимнинг номзодини тасдиқлаш учун тақдим этади;
фуқаролар йиғини ва унинг органлари томонидан ўз ваколатларини амалга оширишига, шунингдек қарорларни ижро этишга доир ишларни ташкил этади;
давлат органларида, шу жумладан судда, юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фуқаролар йиғинининг манфаатларини ифодалайди, фуқаролар йиғини номидан шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномалари тузади;
фуқаролар йиғини маблағларини қонун ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этади;
тегишли ҳудудда маслаҳат марказлари ишини ташкил этади;
эгасиз мол-мулкни, мерос тариқасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ўтган мол-мулкни, шунингдек даволаш муассасаларида турганлиги муносабати билан вақтинча бўлмаган ёлғиз шахсларнинг мол-мулкини, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида ёки васийлик ва ҳомийликда турган, оилага тарбияга топширилган етим болаларнинг, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг мол-мулкини сақлаш бўйича чора-тадбирларни кўради;
спиpтли ичимликлаp, гиёҳвандлик воситалаpи ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши натижасида фуқаpони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғpисида ёки фуқаpони pуҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақида судга ариза беради;
кам таъминланган оилаларнинг, етим болаларнинг, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг, шунингдек табиий офатлардан ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларнинг моддий ва уй-жой, маиший шароитларини яхшилаш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритади;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларига янги дафн этиш жойларини барпо этиш ва мавжуд бўлганларини реконструкция қилиш ҳақида таклифлар киритади;
вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик ишларини ташкил этади, етим болалар, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақидаги маълумотларни васийлик ва ҳомийлик органларига тақдим этади, шунингдек бундай болаларни тегишли давлат муассасаларига жойлаштиришга кўмаклашади;
ички ишлар органларининг профилактика бўйича тегишли инспектори билан биргаликда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмасининг фаолияти устидан назоратни амалга оширади; 
тегишли ҳудудда байрам кунлари ва муҳим саналар билан боғлиқ оммавий тадбирлар ўтказилишини ташкил қилади;
рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотлар фаолият кўрсатишининг, диний қарашларни мажбуран сингдириш ҳолларининг олдини олишга доир ишларни ташкил этади, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этади;
фуқаролар йиғинининг масъул котиби, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, ҳарбий ҳисобни юритиш бўйича ходимнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;
фуқароларни қабул қилишни амалга оширади, уларнинг аризалари, таклифлари ва шикоятларини кўриб чиқади;
фуқароларга уларнинг оилавий ва мулкий аҳволи тўғрисида маълумотномалар ҳамда ҳужжатлар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар берилишини таъминлайди;
фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида қонунда белгиланган тартибда тегишли давлат органларига ва бошқа корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларга тақдимномалар киритади;
тегишли давлат органларидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, моддий маданий мерос объектлари ҳақида маълумотлар сўрайди ва олади. 
Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) белгиланган намунадаги гувоҳномага эга бўлади. Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) гувоҳномаси намунаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

15-модда. Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) томонидан ўлимни қайд этиш ва ишончномаларни тасдиқлаш

Шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) белгиланган тартибда ўлимни қайд этиши мумкин. 
Шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек банклардан суммаларни олишга ишончномаларни белгиланган тартибда тасдиқлаши мумкин.

16-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик назоратининг амалга оширилиши

Жамоатчилик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш;
тегишли чоралар кўрилиши учун давлат органларига мурожаат этиш;
давлат органлари ваколатига кирувчи ва ижтимоий аҳамиятга молик масалалар бўйича сўровлар юбориш.
Жамоатчилик назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Жамоатчилик назорати оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин.
Давлат органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига жамоатчилик назоратини амалга оширишда кўмаклашиши ва қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг мурожаатлари юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши шарт.

17-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиши

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини, шу жумладан оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида маслаҳат марказлари ташкил этишга ҳақли. 
Маслаҳат марказлари юридик шахс бўлмайди. Маслаҳат марказлари фаолияти билан боғлиқ харажатлар фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланиши мумкин.
Давлат органлари маслаҳат марказлари фаолиятини ташкил этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига кўмаклашади, маслаҳат марказлари ўз вазифаларини амалга ошириши учун фуқаролар йиғинларига белгиланган тартибда бинолар беради. Тегишли ҳудудда жойлашган таълим муассасалари фуқаролар йиғини сўровига биноан маслаҳат марказларига қисқа муддатли курсларни ўтказиш учун ўқув жараёнларидан бўш бўлган ўқув хоналарини бериб туриши мумкин.
Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар вакиллари, шунингдек фуқаролар маслаҳат марказларининг ишида қатнашиши, хусусан, қисқа муддатли курсларда таълим бериши, тегишли ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатлар бериши мумкин.
Маслаҳат марказлари:
тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилмоқчи бўлган, тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларни иқтисодиёт, бухгалтерия ҳисоби, тадбиркорлик фаолияти тўғрисидаги ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосларини ўргатиш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этади, шунингдек уларга тадбиркорлик фаолияти субъектларига қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва преференциялар ҳақида маълумот беради;
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан биргаликда ёшларнинг тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ишга жойлашишига, уларнинг ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга, шунингдек ҳунармандларга бириктирилишига кўмаклашади;
тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда, шу жумладан тадбиркорлик фаолияти субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашади;
тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик фаолияти субъектларига, шу жумладан оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолияти субъектларига қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар, преференциялардан фойдаланишда, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида кредит олиш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашади.
Маслаҳат марказлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа фаолиятни ҳам амалга ошириши мумкин.
Маслаҳат маркази тўғрисидаги низом фуқаролар йиғини томонидан тасдиқланади.

18-модда. Фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ва тафтиш комиссияси

Фуқаролар йиғинларида фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича қуйидаги комиссиялар тузилади:
яраштириш комиссияси;
маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссия;
ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссия;
хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссия;
вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия;
тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссия;
экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссия;
жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссия.
Тегишли ҳудуддаги муаммоларнинг долзарблигига қараб, фуқаролар йиғини томонидан фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича бошқа комиссиялар ҳам тузилиши мумкин.
Комиссияларга раҳбарлик, қоида тариқасида, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари томонидан амалга оширилади.
Комиссия аъзоларини сайлаш очиқ ёки яширин овоз бериш йўли билан, фуқароларнинг қонунда белгиланган сайлов ҳуқуқлари кафолатлари таъминланган ҳолда амалга оширилади. Комиссия таркибига номзоди кўрсатилган шахс фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берган тақдирда сайланган ҳисобланади.
Тафтиш комиссияси фуқаролар йиғинининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун тузилади.
Тафтиш комиссияси ўз фаолиятида мустақилдир ва фақат фуқаролар йиғинига ҳисобдор бўлади.
Тафтиш комиссияси аъзолари бир вақтнинг ўзида фуқаролар йиғини бошқа органининг аъзоси бўла олмайди. 
Фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ва тафтиш комиссияси ўз фаолиятини фуқаролар йиғини томонидан тасдиқланадиган низомлар асосида амалга оширади.
Фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ва тафтиш комиссияси тўғрисидаги намунавий низомлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

19-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қарорларининг мажбурийлиги

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва уларнинг мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари тегишли ҳудудда яшовчи фуқаролар, тегишли ҳудудда жойлашган юридик шахслар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан ижро этилиши учун мажбурийдир.
Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва уларнинг мансабдор шахсларининг қарорларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари уларни қабул қилган органлар ва мансабдор шахслар томонидан бекор қилиниши ёхуд суд қарорига кўра ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

3-боб. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ташкил этиш

20-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарларда эса — мувофиқлаштириш бўйича тегишли кенгашлар томонидан амалга оширилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича тегишли кенгашларни шакллантириш тартиби ва уларнинг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган низомларда белгиланади.

21-модда. Фуқаролар йиғинини (фуқаролар вакилларининг йиғилишини) чақириш тартиби

Фуқаролар йиғини фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли), кенгаши томонидан заруратга кўра, лекин ҳар чоракда камида бир марта чақирилади. Фуқаролар йиғини халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашининг, туман, шаҳар ҳокимининг ёки ўн саккиз ёшга тўлган ва тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг камида учдан бир қисми ташаббуси билан чақирилиши мумкин.
Фуқаролар йиғини фуқаролар йиғинида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган барча аҳолининг ярмидан кўпроғи ҳозир бўлган тақдирда ваколатлидир.
Фуқаролар йиғинини олиб бориш учун раёсат сайланади. Йиғинни фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ёки раиснинг маслаҳатчиларидан бири олиб боради. Барча масалалар бўйича қарорлар очиқ ёки яширин овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Фуқаролар йиғинида ўтказилган санаси, ҳозир бўлган фуқаролар сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган баённома юритилади. Фуқаролар йиғинининг баённомаси ва қарори фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ва масъул котиби томонидан имзоланади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) йўқлигида, фуқаролар йиғинининг баённомаси ва қарори раиснинг маслаҳатчиларидан бири ва масъул котиб томонидан имзоланади.
Фуқаролар йиғинини чақиришнинг имкони бўлмаган тақдирда, фуқаролар йиғини кенгаши фуқаролар вакилларининг йиғилишини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади. Фуқаролар вакилларининг йиғилишига ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқароларнинг вакиллари юборилади. Таркибида маҳаллалар мавжуд бўлган шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар фуқаролар вакилларининг йиғилишига маҳаллалардан фуқароларнинг вакиллари юборилади. Вакиллик нормасини фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи тегишли комиссия белгилайди.
Фуқаролар вакилларининг йиғилиши унда фуқароларнинг ҳовлилар, уйлар, кўчалар ва маҳаллалардаги вакилларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатлидир ҳамда ушбу Қонунда фуқаролар йиғинларини ўтказиш тартибига қўйиладиган талабларга мувофиқ ўтказилади.
Фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари ўз фаолиятларига доир масалалар бўйича маслаҳат овози билан иштирок этишга ҳақлидир.

22-модда. Фуқаролар йиғини кенгашининг иш тартиби

Фуқаролар йиғини кенгашининг мажлиси фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) томонидан заруратга кўра, лекин ойида камида бир марта ўтказилади.
Фуқаролар йиғини кенгашининг мажлиси, агар унинг ишида кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Қарор, агар уни фуқаролар йиғини кенгашининг ҳозир бўлган аъзоларидан ярмидан кўпроғи ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.
Фуқаролар йиғини кенгашининг қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

23-модда. Фуқаролар йиғинининг раисини (оқсоқолини) ва унинг маслаҳатчиларини сайлаш 

Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари икки ярим йил муддатга сайланади. 
Фуқаролар йиғинининг раисини (оқсоқолини) ва унинг маслаҳатчиларини сайлаш тартиби қонунда белгиланади.

24-модда. Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ваколатларини муддатидан илгари тугатиш

Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:
у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;
фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) умумқабул қилинган ахлоқ, одоб нормаларини қўпол равишда бузувчи, раис (оқсоқол) мақомини бадном қилувчи ва фуқаролар йиғини обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар ва ножўя ишлар содир этган, шунингдек ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаган тақдирда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан қарор қабул қилинганда;
у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;
у суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;
у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;
у соғлиғи ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;
у вафот этганда.

25-модда. Фуқаролар йиғини органларининг фаолиятини ташкил этиш

Фуқаролар йиғини органларининг фаолиятини ташкил этишни унинг кенгаши ҳамда фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) амалга оширади.
Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) маслаҳатчилари ўртасида вазифаларни тақсимлаш раиснинг (оқсоқолнинг) тақдими бўйича фуқаролар йиғини томонидан амалга оширилади.
Фуқаролар йиғини кенгаши ўз девонига эга бўлиши мумкин, унинг миқдор таркиби фуқаролар йиғини томонидан белгиланади. Масъул котиб ва кенгаш девони ходимлари фуқаролар йиғинини (фуқаролар вакилларининг йиғилишини), фуқаролар йиғини кенгаши мажлисини ўтказишга доир материалларни тайёрлайди, фуқаролар йиғинининг, фуқаролар йиғини кенгашининг ва фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) қарорлари ижрочиларга ўз вақтида етказилишини таъминлайди, иш юритишни олиб боради.
Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли), масъул котиби ва кенгаш девони ходимлари, фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳамда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмасининг раҳбари фуқаролар йиғинининг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъминланиши мумкин.

4-боб. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг иқтисодий асослари

26-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг мулки


Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан барпо этилган, олинган ёки қонунда белгиланган тартибда уларга берилган жамоат, ижтимоий-маиший объектлар ва бошқа мақсадларга мўлжалланган объектлар, шунингдек транспорт воситалари, хўжалик анжомлари ва бошқа кўчар ҳамда кўчмас мол-мулк уларнинг мулкидир.
Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг мулки дахлсиздир ва қонун билан қўриқланади. 
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз мулки бўлган объектларни вақтинчалик ёки доимий фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахсларга беришга, ижарага топширишга, белгиланган тартибда ўз тасарруфидан чиқаришга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу объектлар билан боғлиқ бошқа битимлар тузишга ҳақлидир.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари коммунал хизматлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланади.

27-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг молиявий асоси

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг молиявий асоси ўз маблағларидан, маҳаллий бюджетлар маблағларидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрияларидан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маблағлардан ташкил топади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари банк ҳисобварағидаги молиявий маблағларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мустақил тасарруф этади. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг молиявий маблағлари олиб қўйилиши мумкин эмас.
Фуқаролар йиғинининг кенгаши молиявий маблағлардан фойдаланиш тўғрисида ҳар чоракда фуқаролар йиғини олдида ҳисоб беради.

28-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига солиқ солиш

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига нодавлат нотижорат ташкилотлар учун назарда тутилган тартибда солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлайди.

5-боб. Якунловчи қоидалар

29-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳисоби ва ҳисоботи


Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз фаолиятининг ҳисобини юритади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат статистика ва солиқ хизмати органларига ҳисобот тақдим этади.

30-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг мурожаатлари кўриб чиқилишининг шартлиги

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг мурожаатлари давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари томонидан ўз ваколатлари доирасида қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқилиши шарт.

31-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қайта ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қайта ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш маъмурий-ҳудудий бирликлар ва маҳалла бирлаштирилганда, бўлинганда, тугатилганда, чегаралари ўзгартирилганда фуқаролар йиғинининг қарорига кўра қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

32-модда. Низоларни ҳал этиш

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ҳал этилади.

33-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati