O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Ўзбекистон Республикасининг
Қ О Н У Н И


Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида


Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йил 29 июнда қабул қилинган 
Сенат томонидан 2015 йил 6 августда маъқулланган

1-боб.  Умумий қоидалар

1-модда.  Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади инвестиция ва пай фондлари фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда.  Инвестиция ва пай фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Инвестиция ва пай фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг инвестиция ва пай фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Инвестиция фонди

Инвесторларнинг пул маблағларини жалб этиш ва уларни инвестиция активларига қўйиш мақсадида акциялар чиқаришни амалга оширувчи юридик шахс — акциядорлик жамияти инвестиция фондидир.   
Инвестиция фонди ўз фаолиятини қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширади.
Инвестиция фонди қуйидаги турда бўлиши мумкин:
ўзи чиқарган акцияларни қайтариб сотиб олиш мажбуриятига эга бўлган инвестиция фонди;
ўзи чиқарган акцияларни қайтариб сотиб олиш мажбуриятига эга бўлмаган инвестиция фонди.
Инвестиция фондининг тури фонднинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилади.

4-модда. Пай фонди

Инвестиция фаолиятини амалга ошириш мақсадида икки ва ундан ортиқ шахсларнинг — инвесторларнинг ўзи ишончли бошқарувга берган пул маблағлари йиғиндиси пай фондидир.
Пай фонди қуйидаги турда бўлиши мумкин:
чиқарилган инвестиция пайларини ишончли бошқарувчи томонидан фонднинг маблағлари ҳисобидан қайтариб сотиб олиш мажбуриятига эга бўлган пай фонди;
чиқарилган инвестиция пайларини ишончли бошқарувчи томонидан фонднинг маблағлари ҳисобидан қайтариб сотиб олиш мажбуриятига эга бўлмаган пай фонди. 
Пай фондининг тури пай фондини ишончли бошқариш шартномасида кўрсатилади.
Пай фонди юридик шахс бўлмайди.

5-модда. Инвестиция пайи

Ўз эгаларининг пай фондидаги улушини тасдиқловчи ҳужжатсиз қимматли қоғоз инвестиция пайидир. 
Инвестиция пайига бўлган ҳуқуқлар Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан инвестиция пайлари эгасининг депо ҳисобварағидан бериладиган кўчирма билан тасдиқланади.

6-модда. Инвестиция активлари 

Инвестиция фондининг ёки пай фондининг инвестиция портфелини ташкил этувчи қимматли қоғозлар, улушлар, пул маблағлари (шу жумладан чет эл валютаси), омонатлар ва кўчмас мулк инвестиция активларидир.

7-модда. Инвестиция ва пай фондларининг номи

Инвестиция фондининг ёки пай фондининг тўлиқ  номи тегишинча «инвестиция фонди» ёки «пай фонди» деган сўз бирикмасини ўз ичига олган бўлиши керак ҳамда бошқа инвестиция ва пай фондларининг номига ўхшаш бўлиши мумкин эмас. Бунда пай фондининг номида инвестиция қилиш объекти (акция, облигация, хом ашё бозорлари, юқори технологиялар ва бошқалар) кўрсатилиши керак.
Инвестиция ва пай фондлари қисқартирилган номга эга бўлиши мумкин. 
Инвестиция фонди бўлмаган юридик шахслар ўз номида «инвестиция фонди» деган сўз бирикмасидан фойдаланишга ҳақли эмас.
Инвестиция фонди ўзининг тўлиқ номи давлат тилида ифодаланган ва ўз жойлашган ери кўрсатилган юмалоқ муҳрга эга бўлиши шарт. Муҳрда унинг номи айни вақтнинг ўзида бошқа исталган тилда ҳам  кўрсатилиши мумкин.
Инвестиция фонди ўзининг номи ёзилган штампларига ва бланкаларига, ўз эмблемасига эга бўлишга ҳақли.

8-модда. Ишончли бошқарувчи

Ишончли бошқарувчи деганда ушбу Қонунда инвестиция фондларини ва (ёки) пай фондларини ишончли бошқариш шартномаси асосида ишончли бошқаришни амалга оширувчи юридик шахс тушунилади.
Ишончли бошқарувчи қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчисидир.
Ишончли бошқарувчи ўзи бошқарадиган инвестиция активлари ўртача йиллик қийматининг камида 5 фоизи миқдорида ўз капиталига (устав капиталига қўйилган номоддий активларни чегириб ташлаган ҳолда) эга бўлиши керак.
Инвестиция фондини ва (ёки) пай фондини бошқарувга қабул қилган ишончли бошқарувчи ишончли бошқариш шартномасида назарда тутилган доирада бу фондларга (фондга) нисбатан мулкдорнинг ҳуқуқларини амалга оширади.
Ишончли бошқарувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларида, инвестиция фондининг уставида, ишончли бошқариш шартномасида ҳамда инвестиция фондининг ижроия органи тўғрисидаги низомида белгиланади.
Ишончли бошқарувчи ўзининг уставида белгиланган таркибда ва тартибда ички аудит хизматини ташкил этиши шарт.
Ишончли бошқарувчи ўз бошқарувида бўлган инвестиция фондларининг акцияларини ва пай фондларининг инвестиция пайларини олишга ҳақли эмас.
Инвестиция ва пай фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда, ишончли бошқарувчи инвестиция фонди акцияларининг ва пай фонди инвестиция пайларининг эгалари олдида етказилган ҳақиқий зарар миқдорида жавобгар бўлади.
Хизматлар кўрсатганлик учун ишончли бошқарувчига инвестиция фондининг ва (ёки) пай фондининг маблағлари ҳисобидан ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ ҳақ тўланади. Ҳақнинг умумий миқдори ва уни тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари ушбу шартномада белгиланади.

9-модда. Ишончли бошқариш шартномаси 

Ишончли бошқарувчи ва инвестиция фонди ўртасида ёхуд ишончли бошқарувчи ва пай фондининг инвесторлари ўртасида тузиладиган, ишончли бошқариш чоғидаги чекловларни, ҳақ тўлаш ва харажатларнинг ўрнини қоплаш тартибини, шартноманинг амал қилишини тугатиш асослари ва шартларини, тарафларнинг жавобгарлигини ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа қоидаларни назарда тутадиган шартнома ишончли бошқариш шартномасидир.
Пай фондини ишончли бошқариш шартномаси қўшилиш шартномасидир.
Ишончли бошқарув ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ амалга оширилади, ишончли бошқарувчининг раҳбари томонидан ушбу шартнома:
акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига асосан инвестиция фондининг кузатув кенгаши раиси билан;
шартномани имзолаш ва унга қўшилиш орқали пай фондининг инвесторлари билан тузилади.
Инвестиция фонди томонидан бир вақтнинг ўзида бир нечта ишончли бошқарувчи билан ишончли бошқариш шартномаси тузишга йўл қўйилмайди.
Ишончли бошқариш шартномасида унинг ажралмас қисми бўлган ва инвестиция активларининг таркибига нисбатан талаблар қўядиган инвестиция декларацияси бўлиши керак.
Пай фондини ишончли бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати беш йилдан ошмаслиги керак. Агар инвестиция пайларининг эгалари ўзларига тегишли барча инвестиция пайларини муомаладан чиқаришни талаб қилмаган бўлса, шартноманинг амал қилиш муддати инвестиция пайлари эгалари умумий йиғилишининг қарори билан бир йилга узайтирилиши мумкин.

10-модда. Инвестиция декларацияси

Инвестиция декларациясида қуйидагилар бўлиши керак:
инвестиция фондини ёки пай фондини ташкил этиш ва унинг фаолиятини амалга ошириш мақсади;
инвестиция фондининг ёки пай фондининг пул маблағлари ва бошқа маблағлари инвестиция қилинадиган инвестиция активларининг рўйхати;
инвестиция таваккалчиликларининг тавсифи;
ишончли бошқарувчи сақлаб туриши шарт бўлган инвестиция активларининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар (ҳар хил турдаги қимматли қоғозлар ва эмитентлар ўртасидаги, шунингдек қимматли қоғозлар, пул маблағлари ва бошқа инвестиция активлари ўртасидаги нисбат);
инвестиция декларациясининг инвестиция фонди ёки пай фонди ва ишончли бошқарувчи томонидан риоя этилиши шарт бўлган қоидаларининг амал қилиш муддати;
пай фондининг инвестиция пайлари эгалари умумий йиғилишининг ваколатлари тўғрисидаги қоидалар, инвестиция пайи ҳар бир эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек пай фондини ишончли бошқарувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
Инвестиция фондининг инвестиция декларацияси, шу жумладан унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар инвестиция фонди акциядорлари умумий йиғилишининг қарори билан тасдиқланади. 
Пай фондининг инвестиция декларацияси, шу жумладан унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар пай фонди инвесторларининг (инвестиция пайлари эгаларининг) қарори билан тасдиқланади.
Инвестиция декларацияси, шу жумладан унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига ушбу декларация тасдиқланган кундан эътиборан ўн календарь кун ичида тақдим этилади.

2-боб. Инвестиция фонди

11-модда. Инвестиция фондини ташкил этиш

Инвестиция фонди янги юридик шахсни таъсис этиш ёки бошқа инвестиция фондини қайта ташкил этиш йўли билан ташкил этилади. Инвестиция фондини инвестиция фонди бўлмаган бошқа юридик шахсни қайта ташкил этиш орқали ташкил этишга йўл қўйилмайди.
Инвестиция фонди тижорат ташкилоти бўлиб, у ўзининг алоҳида ҳисобга олинадиган мол-мулкига, шу жумладан устав капиталига берилган мол-мулкка эга бўлади.
Юридик ва жисмоний шахслар инвестиция фондининг муассислари (акциядорлари) сифатида иш юритиши мумкин.
Инвестиция фондини давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Инвестиция фондини ташкил этишда унинг акциялари қийматини тўлаш пул маблағлари, қимматли қоғозлар, улушлар, шунингдек кўчмас мулк ва бошқа мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар билан амалга оширилади. Бунда унинг устав капиталининг камида 75 фоизи пул шаклида тўланиши керак.
Инвестиция фондининг акцияларини жойлаштириш фонд биржасида амалга оширилади, бундан ушбу фонд муассислари ўртасида ёпиқ обуна бўйича жойлаштириладиган акцияларнинг дастлабки чиқарилиши мустасно.

12-модда. Инвестиция фондининг бошқарув органлари

Акциядорларнинг умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши, шунингдек ваколатларини ишончли бошқарувчи амалга оширадиган ижроия органи инвестиция фондининг бошқарув органларидир.

13-модда. Инвестиция фондининг фаолиятидаги чекловлар

Инвестиция фонди:
фаолиятни лицензия олмасдан амалга оширишга;
корпоратив облигациялар ва инфратузилма облигациялари, шунингдек имтиёзли акциялар чиқаришга;
инвестиция фонди соф активларининг 10 фоизидан ортиғини бир эмитентнинг қимматли қоғозларига ёки масъулияти чекланган жамиятнинг улушига инвестиция қилишга;
тўланиши лозим бўлган қарзларнинг жами ҳажми кредит ва (ёки) қарз битими имзоланган санадаги инвестиция фонди соф активлари қийматининг 15 фоизидан ошиб кетган тақдирда, кредит ва (ёки) қарз маблағларини жалб этишга (бунда кредит ва (ёки) қарз муддати уч ойдан ошиб кетмаслиги керак);
кафил бўлишга, мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқларни гаровга қўйишга;
ташкилий-ҳуқуқий шакли ўз иштирокчиларининг қўшимча жавобгарлигини назарда тутадиган хўжалик жамиятларининг қимматли қоғозларига ва улушларига инвестицияларни амалга оширишга;
ишончли бошқарувчи, аудиторлик ташкилотлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга инвестицияларни амалга оширишга, шунингдек уларнинг устав капиталидаги улушларини олишга;
бошқа инвестиция фондларининг акцияларини олишга ва уларга эга бўлишга;
инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлмаган битимлар тузишга, опционлар ёки фьючерслар олишга;
умумий суммаси фонд соф активларининг 10 фоизидан ортиқ инвестицияларни амалга оширишга (бундан қимматли қоғозларга қўйиш мустасно) ҳақли эмас.

14-модда. Инвестиция фондини қайта ташкил этиш ва тугатишнинг ўзига хос хусусиятлари

Инвестиция фонди инвестиция фонди сифатида ўз фаолиятини тугатмасдан юридик шахснинг бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларига ўзгартирилишга ҳақли эмас.
Ишончли бошқарувчи бўлмаган тақдирда, инвестиция фондининг кузатув кенгаши уч ой ичида ишончли бошқарувчи ёллаши ёхуд инвестиция фондини тугатиш ташаббуси билан чиқиши шарт.

15-модда. Инвестиция фонди мол-мулкининг ҳисоби ва уни сақлаш

Инвестиция фондлари томонидан чиқарилган ва уларга тегишли қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, шунингдек уларни сақлаш, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.
Инвестиция активлари ишончли бошқарувчида алоҳида балансда акс эттирилади ва у бўйича мустақил ҳисоб юритилади. Ишончли бошқариш билан боғлиқ фаолият бўйича ҳисоб-китоблар учун алоҳида банк ҳисобварағи очилади.
Инвестиция фондининг бухгалтерия ҳисобини юритиш ҳамда молия, солиқ ҳисоботларини ва бошқа ҳисоботларни тузиш ишончли бошқарувчи томонидан амалга оширилади.
Ишончли бошқарувчи фонд инвестиция активларининг алоҳида ҳисобини юритади, уларнинг яхлитлигини ва бут сақланишини таъминлайди, шунингдек инвестиция фондининг молия, солиқ ҳисоботлари ҳамда бошқа ҳисоботларининг тўғрилиги ва ишончлилиги учун жавобгар бўлади.

3-боб. Пай фонди

16-модда. Пай фондини ташкил этиш

Пай фондини ташкил этиш тўғрисидаги қарор ишончли бошқарувчи томонидан қабул қилинади.
Инвестор ишончли бошқарувчи билан тузиладиган, инвесторларнинг пул маблағларини умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида пай фондига бирлаштириш назарда тутиладиган шартнома асосида пай фондига пул маблағларини киритади.
Ишончли бошқарувчи ўзининг алоҳида банк ҳисобварағига инвесторлар пул маблағларини киритганидан кейин икки иш куни ичида уларга инвестиция пайларини беради.
Инвестиция пайларини жойлаштириш барча инвесторлар учун ягона нарх бўйича амалга оширилади.
Пай фондининг пул маблағлари инвестиция декларациясига биноан инвестиция қилинади.
Пай фондини ишончли бошқариш жараёнида олинган даромадлар ишончли бошқарувчининг алоҳида банк ҳисобварағида жамланади. 
Пай фонди у Пай фондларининг ягона реестрига киритилган ва тегишли ахборот қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг ҳамда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг расмий веб-сайтларида эълон қилинган пайтдан эътиборан ташкил этилган деб ҳисобланади.
Пай фондларининг ягона реестрини юритиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

17-модда. Пай фондининг ва инвестиция пайларининг ҳисоби

Пай фондининг ҳисоби пай фонди Пай фондларининг ягона реестрига киритилганидан кейин инвестиция пайларини ҳисобга қўйиш орқали Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.
Инвестиция пайлари пай фондини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан бир ҳафта ичида ҳисобга қўйилиши керак.
Инвестиция пайларини ҳисобга қўйиш чоғида инвесторларга Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида депо ҳисобварақлари очилади, бу ҳисобварақларда инвесторларга тегишли инвестиция пайларига бўлган ҳуқуқларнинг ҳисоби юритилади. 

18-модда. Инвесторларнинг пул маблағларини ва пай фондининг инвестиция активларини тасарруф этиш

Ишончли бошқарувчи пай фонди Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида ҳисобга қўйилганидан кейин инвесторларнинг пул маблағларини тасарруф этишга ҳақли.
Пай фондининг пул маблағлари ишончли бошқарувчининг раҳбари ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ваколатли мансабдор шахси томонидан имзоланадиган тўлов ҳужжати асосида сарфланади. 
Пул маблағларидан ҳамда бошқа инвестиция активларидан фойдаланишнинг мақсади ва йўналишлари ишончли бошқариш шартномаси шартларига, шу жумладан инвестиция декларациясига мувофиқ бўлиши керак.
Инвестиция активлари бўйича олинган даромадлар пай фондининг инвестиция пайлари эгалари ўртасида йилда бир марта тақсимланади ёхуд инвестиция пайларининг барча эгалари розилигига кўра қайта инвестиция қилинади. Пай фондининг инвестиция пайлари эгаларига даромадларни тўлаш ишончли бошқарувчи томонидан амалга оширилади.
Ишончли бошқарувчи томонидан пай фонди номидан ва ушбу фонд маблағлари ҳисобидан тузиладиган шартномалар Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида рўйхатдан ўтказилиши керак.

19-модда. Пай фондининг инвестиция активларини тасарруф этишдаги чекловлар

Пай фондининг пул маблағлари:
фонд инвестиция активларининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда бир эмитентнинг қимматли қоғозларига ёки масъулияти чекланган жамиятнинг улушларига инвестиция қилиниши;
ташкилий-ҳуқуқий шакли ўз иштирокчиларининг қўшимча жавобгарлигини назарда тутадиган хўжалик жамиятларининг қимматли қоғозларига ва улушларига инвестиция қилиниши;
ишончли бошқарувчи, аудиторлик ташкилотлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга, шунингдек уларнинг устав капиталидаги улушларини олишга инвестиция қилиниши;
инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йўналишлар бўйича фойдаланилиши;
фонд инвестиция активлари умумий суммасининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда инвестиция қилиниши (бундан қимматли қоғозларга қўйиш мустасно) мумкин эмас.

20-модда. Инвестиция пайининг муомаласи

Инвестиция пайининг муомаласи унинг фонд биржасидаги олди-сотдиси ва инвестиция пайининг эгаси алмашишига олиб келадиган бошқа ҳаракатларни бажариш орқали амалга оширилади.
Ишончли бошқариш шартномасида пай фондининг инвестиция пайларини уларнинг эгаси талабига кўра, айни бир ишончли бошқарувчининг ишончли бошқарувида бўлган бошқа пай фондининг инвестиция пайларига алмаштириш имконияти назарда тутилиши мумкин. Бунда бир пай фондининг инвестиция пайларини бошқа пай фондининг инвестиция пайларига алмаштириш алмаштирилиши лозим бўлган инвестиция пайларини муомаладан чиқариш санаси алмаштирилаётган инвестиция пайларини бериш санасига мос келган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.

21-модда. Пай фондини тугатиш

Пай фондини тугатиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
ишончли бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати тугаганда;
барча инвестиция пайларини муомаладан чиқариш учун буюртмалар келиб тушганда;
ишончли бошқарувчининг лицензияси бекор қилинганда, агар унинг пай фондини ишончли бошқариш шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари лицензия бекор қилинган кундан эътиборан уч ой ичида бошқа ишончли бошқарувчига берилмаган бўлса;
пай фонди ҳужжатларида кўрсатилган пай фондини ташкил этиш ва унинг фаолиятини амалга ошириш мақсадига эришилганда;
инвестиция пайлари эгаларининг пай фондини тугатиш тўғрисида бир овоздан қабул қилинган қарори мавжуд бўлганда.
Пай фондининг инвестиция активлари ишончли бошқарувчи томонидан фонд биржасида (қимматли қоғозлар учун) ва кимошди савдосида реализация қилиниши лозим. Пай фондининг инвестиция активларини реализация қилишдан тушган маблағлар пай фондининг инвестиция пайлари эгаларига ўзларига тегишли бўлган инвестиция пайлари сонига мутаносиб равишда тўланиши керак.
Пай фонди инвестиция пайлари эгаларининг пай фонди негизида инвестиция фондини таъсис этиш тўғрисида бир овоздан қабул қилинган қарори пай фондини тугатиш ҳақидаги қарор деб эътироф этилади.
Пай фонди тугатилганда мазкур пай фонди ишончли бошқарувчисининг фаолияти аудиторлик ташкилоти томонидан мажбурий аудитдан ўтказилиши керак.

22-модда. Инвестиция пайини муомаладан чиқариш

Инвестиция пайини муомаладан чиқариш пай фонди тугатилганда амалга оширилади. 
Инвестиция пайини муомаладан чиқариш қуйидагилар орқали амалга оширилиши мумкин:
инвестиция пайининг қийматини ишончли бошқарувчи томонидан пай фонди маблағлари ҳисобидан пул маблағлари билан тўлаш;
инвестиция пайини пай фонди негизида тузилган инвестиция фондининг акцияларига айирбошлаш. 

4-боб. Инвестиция ва пай фондларининг фаолиятини тартибга солиш

23-модда. Инвестиция ва пай фондларининг фаолиятини тартибга солишни амалга ошириш

Инвестиция ва пай фондлари фаолиятини тартибга солиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан қуйидагилар орқали амалга оширилади:
инвестиция ва пай фондларини ишончли бошқариш тартибини, шу жумладан ушбу фондларнинг инвестиция активлари ҳисобини юритиш ҳамда уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш тартибини белгилаш;
ишончли бошқарувчи мансабдор шахсларининг ҳамда аффилланган шахсларининг инвестиция ва пай фондлари операцияларида иштирок этишини чеклаш;
инвестиция декларациясининг мазмунига ҳамда инвестиция ва пай фондларининг бошқа ҳужжатларига доир талабларни белгилаш;
инвестиция ва пай фондларининг, ишончли бошқарувчиларнинг ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг фаолиятини назорат қилиш.
Ишончли бошқарувчи билан тузилган шартнома асосида ишончли бошқарувчи номидан ва унинг ҳисобидан фаолият юритувчи Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсигина инвестиция пайларини бериш, муомаладан чиқариш ва алмаштириш бўйича агент бўлиши мумкин. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг инвестиция пайларини бериш, муомаладан чиқариш ва алмаштиришга доир фаолияти тартиби қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

24-модда. Инвестиция активларининг ҳисоби ва улар бўйича ҳисоботлар

Инвестиция активларининг ҳисобини юритиш ва ушбу активлар бўйича ҳисоботлар тузиш ишончли бошқарувчи томонидан амалга оширилади.
Инвестициялар пай фондининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тақдирда, қимматли қоғозлар эгаларининг реестрида ва хўжалик жамиятларининг таъсис ҳужжатларида ишончли бошқарувчи кўрсатилиб, у пай фондининг ишончли бошқарувчиси сифатида фаолият юритаётганлиги тўғрисида белги қўйилади. 

25-модда. Инвестиция ва пай фондларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш

Инвестиция ва пай фондларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш ишончли бошқарувчи томонидан қуйидагилар орқали амалга оширилади:
ахборотни инвестиция фондларининг, пай фондлари ишончли бошқарувчисининг, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг, шунингдек фонд биржасининг расмий веб-сайтларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эълон қилиш;
ахборотни белгиланган тартибда сўровга кўра тақдим этиш. 
Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи ва фонд биржаси ушбу моддада назарда тутилган ахборотни ўз расмий веб-сайтларида эълон қилганлик учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

5-боб. Якунловчи қоидалар

26-модда. Низоларни ҳал этиш

Инвестиция ва пай фондлари фаолияти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

27-модда. Инвестиция ва пай фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Инвестиция ва пай фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

28-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

29-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши 

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонуннинг 3-боби қоидалари 2017 йил 1 июлдан эътиборан амалга киритилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                    И. КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,
2015 йил 25 август
№ ЎРҚ—392

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati