O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикасининг
Қ О Н У Н И


ТЕЗКОР-ҚИДИРУВ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА

Қонунчилик палатаси томонидан 2012 йил 7 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2012 йил 5 декабрда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар (1 - 9-моддалар)
2-боб. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи
органлар, уларнинг ҳуқуқий мақоми (10 - 13-моддалар)
3-боб. Тезкор-қидирув тадбирларининг турлари
ва уларни ўтказиш тартиби (14 - 21-моддалар)
4-боб. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи
органлар ходимларини ва бундай фаолиятни амалга
оширишга кўмаклашаётган шахсларни, шунингдек
уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий
жиҳатдан ҳимоя қилиш (22 - 23-моддалар)
5-боб. Якунловчи қоидалар (24 - 31-моддалар)

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
2-модда. Тезкор-қидирув фаолияти
тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
3-модда. Тезкор-қидирув фаолияти тушунчаси
4-модда. Тезкор-қидирув фаолиятининг асосий вазифалари
5-модда. Тезкор-қидирув фаолиятининг асосий принциплари
6-модда. Қонунийлик принципи
7-модда. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари
ва қонуний манфаатлари устуворлиги принципи
8-модда. Конспирация принципи
9-модда. Ошкора ва ноошкора усуллар
уйғунлиги принципи

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади тезкор-қидирув фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисидаги
қонун ҳужжатлари

Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

 

3-модда. Тезкор-қидирув фаолияти тушунчаси

Тезкор-қидирув фаолияти ушбу Қонун билан махсус ваколат берилган давлат органларининг тезкор бўлинмалари (бундан буён матнда тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар деб юритилади) томонидан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиш орқали амалга ошириладиган фаолият туридир.

 

4-модда. Тезкор-қидирув фаолиятининг
асосий вазифалари

Тезкор-қидирув фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳимоя қилинишини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш;
жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга барҳам бериш ва уларни фош этиш, шунингдек жиноятларни тайёрлаш ва содир этишга дахлдор шахсларни аниқлаш ҳамда топиш;
суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазодан бўйин товлаётган шахсларни, бедарак йўқолган шахслар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларни қидиришни амалга ошириш, шунингдек таниб олинмаган мурдаларнинг шахсини аниқлаш;
шахс, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид солаётган шахслар, ҳодисалар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) ҳақида ахборот тўплаш.

 

5-модда. Тезкор-қидирув фаолиятининг
асосий принциплари

Тезкор-қидирув фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги, конспирациядан, ошкора ва ноошкора усуллар уйғунлигидан иборат.

 

6-модда. Қонунийлик принципи

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳамда уларнинг ходимлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига аниқ риоя қилиши ва уларни бажариши шарт.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатларига аниқ риоя қилишдан ҳамда уларни ижро этишдан чекиниш қонунийликни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

 

7-модда. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний
манфаатлари устуворлиги принципи

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳамда уларнинг ходимлари тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиши шарт.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳамда уларнинг ходимлари томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда, мазкур органлар ҳамда уларнинг раҳбарлари ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни тиклаш, етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда айбдорларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чораларини кўриши шарт.
Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш натижасида олинган, жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этиш билан боғлиқ бўлмаган ахборотдан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклаш учун фойдаланилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.
Инсоннинг шахсий ҳаёти ҳолатларига оид маълумотларнинг ошкор этилишига олиб келадиган, унинг ҳаётини, соғлиғини хавф остига қўядиган, шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракатларни амалга ошириш тақиқланади.

 

8-модда. Конспирация принципи

Тезкор-қидирув фаолияти конспирация принципига риоя этилган ҳолда, яъни тезкор-қидирув тадбирлари ўтказишнинг, тезкор-қидирув хусусиятига эга ахборотни олиш, расмийлаштириш, сақлаш ва ундан фойдаланишнинг, шунингдек тезкор-хизмат хусусиятига эга ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларининг алоҳида тартиби белгиланган ҳолда амалга оширилади.

 

9-модда. Ошкора ва ноошкора усуллар
уйғунлиги принципи

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ошкора ва ноошкора усуллардан фойдаланади, бундай усулларнинг алоҳида хусусияти ушбу фаолиятнинг шарт-шароитлари билан белгиланади.

 

2-БОБ. ТЕЗКОР-ҚИДИРУВ ФАОЛИЯТИНИ
АМАЛГА ОШИРУВЧИ ОРГАНЛАР,
УЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ

10-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини
амалга оширувчи органлар
11-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга
оширувчи органларнинг ваколатларини чегаралаш
12-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга
оширувчи органларнинг ҳуқуқлари
13-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга
оширувчи органларнинг мажбуриятлари

 

10-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини
амалга оширувчи органлар

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида тезкор-қидирув фаолиятини:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг;
Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг;
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг органлари амалга оширади.
Бошқа давлат органлари, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар томонидан тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш тақиқланади.

 

11-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи
органларнинг ваколатларини чегаралаш

Суриштирув ва тергов органлари иш юритувида бўлган жиноят ишлари бўйича тезкор-қидирув тадбирлари тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 43-бобида назарда тутилган терговга тегишлиликка мувофиқ ўтказилади.
Прокуратура органлари иш юритувида бўлган жиноят ишлари бўйича тезкор-қидирув тадбирлари тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар томонидан терговчининг ёзма топшириғи, прокурорнинг кўрсатмаси ва топшириғи асосида ўтказилади.
Ушбу Қонуннинг 15-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар тезкор-қидирув тадбирларини қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказади.

 

12-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга
оширувчи органларнинг ҳуқуқлари

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар:
ушбу Қонуннинг 14-моддасида назарда тутилган тезкор-қидирув тадбирларини ошкора ва ноошкора ўтказиш;
маҳфийлик асосида кўмаклашиш истагини билдирган шахслар билан пулли ёки бепул ҳамкорлик ўрнатиш;
юридик ёки жисмоний шахсларнинг розилиги билан уларга тегишли хизмат жойлари ва турар жойлардан, транспорт воситалари ва бошқа мол-мулкдан фойдаланиш;
ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни ҳал этиш учун махсус билимларга эга бўлган мутахассислар ёрдамидан фойдаланиш;
видео- ва аудиоёзув, кино- ва фотосуратга олиш воситаларини, шунингдек инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки, атроф-муҳит учун хавфсиз бошқа техника воситаларини қўллаш;
тезкор-қидирув учун мўлжалланган ахборот тизимларини яратиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

13-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга
оширувчи органларнинг мажбуриятлари

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар:
ўз ваколатлари доирасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан барча зарур чораларни кўриши;
жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга барҳам бериш ва уларни фош этиш, шунингдек жиноятларни тайёрлаш ва содир этишга дахлдор бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда топиш чораларини кўриши;
суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазодан бўйин товлаётган шахсларни, бедарак йўқолган шахслар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларни қидиришга, шунингдек таниб олинмаган мурдаларнинг шахсини аниқлашга доир ишларни ташкил этиши;
тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиш тўғрисидаги суриштирув, тергов органларининг ёзма топшириқларини, прокурорнинг кўрсатмалари ва топшириқларини бажариш бўйича барча зарур чораларни кўриши;
тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширишда конспирация принципига риоя этиши;
фуқароларнинг шахсий ҳаётига тегишли, шаъни ва қадр-қимматига дахлдор маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этмаслиги;
тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлаши;
тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаши;
ўз ходимларининг ҳамда тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган шахсларнинг, шунингдек улар оила аъзоларининг хавфсизлигини, уларнинг мол-мулкини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишни таъминлаши;
мазкур органлар ваколатига тааллуқли, ўзларига маълум бўлиб қолган жиноий фаолият фактлари тўғрисида бир-бирини хабардор қилиши ҳамда зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришда бир-бирига зарур ёрдам кўрсатиши;
ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришда тезкор-қидирув фаолиятининг мавжуд куч ва воситаларини самарали қўллаши шарт.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

3-БОБ. ТЕЗКОР-ҚИДИРУВ ТАДБИРЛАРИНИНГ
ТУРЛАРИ ВА УЛАРНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

14-модда. Тезкор-қидирув тадбирларининг турлари
15-модда. Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун асослар
16-модда. Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш шартлари
17-модда. Тезкор-қидирув фаолиятидаги чекловлар
18-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини ахборот билан
таъминлаш ва тезкор-қидирув ишини юритиш
19-модда. Тезкор-қидирув фаолияти
натижаларидан фойдаланиш
20-модда. Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисидаги
маълумотларни муҳофаза қилиш
21-модда. Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш
тўғрисидаги қарорларнинг прокурор томонидан
кўриб чиқилиши тартиби

 

14-модда. Тезкор-қидирув тадбирларининг турлари

Тезкор-қидирув тадбирларининг турлари қуйидагилардан иборат:
сўров;
маълумотлар тўплаш;
қиёсий текширув учун намуналар йиғиш;
текшириш учун харид қилиш;
назорат остида олиш;
предметлар ва ҳужжатларни текшириш;
тезкор кузатув;
шахснинг айнанлигини аниқлаш;
турар жойларни ва бошқа жойлар, бинолар, иншоотларни, жойнинг участкаларини ва транспорт воситаларини текшириш;
почта жўнатмаларини, телеграф хабарларини ва бошқа хабарларни назорат қилиш;
телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиш;
алоқанинг техник каналларидан ахборот олиш;
тезкор киритиш;
назорат остида етказиб бериш;
ниқобланган операциялар;
тезкор эксперимент.

 

15-модда. Тезкор-қидирув тадбирларини
ўтказиш учун асослар

Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:
жиноят ишининг мавжудлиги;
суриштирув, тергов органларининг ёзма топшириғи, прокурорнинг кўрсатмаси ва топшириғи;
агар жиноят иши қўзғатиш учун етарли асослар бўлмаса, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга жиноятларни тайёрлаш, содир этиш аломатлари тўғрисида, шунингдек жиноятларни тайёрлашга ёки содир этишга дахлдор шахслар ҳақида аён бўлиб қолган маълумотлар;
шахс, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи шахслар, ҳодисалар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) ҳақидаги ахборотнинг мавжудлиги;
тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазодан бўйин товлаётган шахслар, бедарак йўқолган шахслар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа шахслар тўғрисида, шунингдек топилган таниб олинмаган мурдалар ҳақида аён бўлиб қолган маълумотлар;
Ўзбекистон Республикасининг жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича халқаро шартномалари асосида келиб тушган сўровлар;
тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи бошқа органларнинг сўровлари.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар, ўз ваколатлари доирасида, қуйидаги қарорларни қабул қилиш учун зарур маълумотларни тўплашга ҳақли:
давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлардан фойдаланиш ёхуд ўта муҳим ва тоифаланган объектларни эксплуатация қилиш билан боғлиқ ишларга рухсат бериш тўғрисида;
тезкор-қидирув фаолиятида иштирок этишга рухсат бериш ёки ушбу фаолиятни амалга ошириш натижасида олинган материаллардан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисида;
тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга маҳфийлик асосида кўмаклашаётган шахслар билан ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисида ёки бундай ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ҳақида.

 

16-модда. Тезкор-қидирув тадбирларини
ўтказиш шартлари

Ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, почта жўнатмалари, телеграф хабарлари ҳамда алоқа тармоқлари орқали узатиладиган бошқа хабарлар сир сақланиши ҳуқуқларини, шунингдек уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини чекловчи тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилишига прокурор санкцияси асосида йўл қўйилади.
Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишга тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбарининг асослантирилган қарори асосида йўл қўйилади, прокурор бу ҳақда йигирма тўрт соат ичида албатта хабардор қилинади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган, узоқ давом этадиган тезкор-қидирув тадбири ўтказилган тақдирда, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган бундай тадбирни ўтказиш ҳақида тадбир бошланган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида прокурорнинг санкциясини олиши ёхуд тадбир ўтказишни тугатиши шарт.
Фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига таҳдид юзага келган тақдирда, уларнинг телефонлари ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитишга мазкур шахсларнинг аризасига ёки ёзма розилигига кўра, қонун ҳужжатларига мувофиқ тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбари тасдиқлаган қарор асосида рухсат этилади, прокурор бу ҳақда йигирма тўрт соат ичида албатта хабардор қилинади.
Текшириш учун харид қилиш, назорат остида олиш, тезкор кузатув, тезкор киритиш, Ўзбекистон Республикасининг ичкарисида амалга ошириладиган назорат остида етказиб бериш, ниқобланган операциялар, тезкор эксперимент тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган қарор асосида ўтказилади. Текшириш учун харид қилиш, назорат остида олиш ва назорат остида етказиб бериш прокурор билан албатта келишилган ҳолда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали предметларни олиб ўтишга (олиб кириш, олиб чиқиш, транзит) йўл қўйиладиган назорат остида етказиб бериш божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилган ҳолда ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида амалга оширилади.
Турар жойларни ва бошқа жойларни, бинолар, иншоотларни, жойнинг участкаларини, транспорт воситаларини текшириш, тезкор кузатув, алоқанинг техник каналларидан ахборот олиш, ахборот олишнинг бошқа техник воситаларини қўллаш ҳамда почта жўнатмаларини, телеграф хабарларини ва бошқа хабарларни назорат қилиш, телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиш, агар шахс, жамият ва давлат манфаатларини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишни таъминлаш учун ҳақиқий маълумотларни бошқа йўл билан олиш имкони бўлмаса, истисно чоралар сифатида амалга оширилади.
Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

 

17-модда. Тезкор-қидирув фаолиятидаги чекловлар

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг:
фуқаролар ҳаётини, соғлиғини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳамда қонуний манфаатларини хавф остига қўядиган, шунингдек инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этиши;
фуқароларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириши ва ундаши;
зўравонлик, тахдид, қўрқитиш ҳамда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чекловчи бошқа ғайриқонуний усуллардан фойдаланиши;
ушбу Қонуннинг 14-моддасида назарда тутилмаган тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиши;
тезкор-қидирув материалларини сохталаштириши, шунингдек била туриб нотўғри маълумотлардан фойдаланиши;
бирон-бир юридик шахснинг, шу жумладан, сиёсий партиянинг, диний ташкилотнинг ёки бошқа нодавлат нотижорат ташкилотнинг, шунингдек жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиши тақиқланади.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг депутатлар, сенаторлар, судьялар, прокурорлар, адвокатларни маҳфийлик асосида ҳамкорликка жалб қилиши тақиқланади.

 

18-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини ахборот билан
таъминлаш ва тезкор-қидирув ишини юритиш

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун тезкор-қидирувга мўлжалланган ахборот тизимларини яратишга ва улардан фойдаланишга ҳақли.
Маълумотларни тўплаш ва тизимлаштириш, тезкор-қидирув фаолияти натижаларини текшириш ва баҳолаш, шунингдек улар асосида, ушбу Қонуннинг 15-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, тегишли қарорлар қабул қилиш мақсадида тезкор-қидирув иш юритуви ишлари юритилади.
Тезкор-қидирув иш юритуви ишларининг рўйхати ва уларни юритиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

 

19-модда. Тезкор-қидирув фаолияти
натижаларидан фойдаланиш

Тезкор-қидирув фаолияти натижаларидан фақат тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун фойдаланилади.
Тезкор-қидирув фаолияти материаллари жиноят иши қўзғатиш учун асос бўлиши, жиноят иши ўз юритувида бўлган суриштирув, тергов органларига, прокурорга тергов ҳаракатларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун тақдим этилиши, шунингдек бу материаллардан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси нормаларига мувофиқ жиноят ишлари бўйича исбот қилишда фойдаланилиши мумкин.
Ушбу Қонуннинг 16-моддаси шартларига риоя этилган ҳолда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларининг натижалари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ текширилганидан ва баҳоланганидан сўнг далиллар сифатида эътироф этилиши мумкин.
Тезкор-қидирув фаолияти натижалари тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган қарор асосида суриштирув, тергов органларига, прокурорга техника воситаларидан фойдаланиш натижасида олинган материаллар қўшилган ҳолда тақдим этилади. Тақдим этиладиган материалларнинг ҳажми тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбари томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда белгиланади.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи ходим ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида аниқланган жиноятни қасддан яширган тақдирда, белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

20-модда. Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисидаги
маълумотларни муҳофаза қилиш

Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда фойдаланилаётган ёки фойдаланилган кучлар, воситалар, манбалар, усуллар, тезкор-қидирув фаолияти режалари ва натижалари, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг штатдаги ошкор қилинмайдиган ходимлари ҳамда мазкур органларга маҳфийлик асосида кўмаклашаётган шахслар тўғрисидаги, шунингдек тезкор-қидирув тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тактикаси ҳақидаги маълумотлар давлат сирини ташкил этади ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда, фақат тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбарининг қарори асосида ошкор этилиши лозим.
Тезкор-қидирув тадбирлари тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи икки ва ундан ортиқ орган томонидан ўтказилган тақдирда, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотлар қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда, фақат мазкур органлар раҳбарларининг қарори асосида ошкор этилади.

 

21-модда. Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш
тўғрисидаги қарорларнинг прокурор томонидан
кўриб чиқилиши тартиби

Ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, почта жўнатмалари, телеграф хабарлари ҳамда алоқа каналлари орқали узатиладиган бошқа хабарлар сир сақланишига доир ҳуқуқларни, шунингдек уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини чекловчи тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш тўғрисидаги материалларни кўриб чиқиш тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи ва бундай тадбирларни ўтказиш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилган орган жойлашган ердаги прокурор томонидан амалга оширилади. Алоҳида ҳолларда, бундай тадбирларни ўтказиш ҳақидаги материалларнинг тадбирлар ўтказилаётган жойдаги прокурор томонидан кўриб чиқилишига йўл қўйилади.
Прокурорга тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбарининг ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш зарурлиги асослаб берилган қарори тақдим этилади. Прокурор тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилган бошқа материалларни ҳам талаб қилишга ҳақли.
Прокурор тақдим этилган материалларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тегишли тезкор-қидирув тадбирини ўтказишга санкция беради ёхуд уни ўтказишни асослантирилган ҳолда рад этиб, қарорда бу ҳақда кўрсатиб ўтади. Прокурор тезкор-қидирув тадбири ўтказилишига санкция беришни рад этган тақдирда, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган юқори турувчи прокурорга бундай қарор устидан шикоят қилишга ҳақли.

 

4-БОБ. ТЕЗКОР-ҚИДИРУВ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА
ОШИРУВЧИ ОРГАНЛАР ХОДИМЛАРИНИ ВА БУНДАЙ
ФАОЛИЯТНИ АМАЛГА ОШИРИШГА КЎМАКЛАШАЁТГАН
ШАХСЛАРНИ, ШУНИНГДЕК УЛАРНИНГ ОИЛА АЪЗОЛАРИНИ
ИЖТИМОИЙ-ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ

22-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга
оширувчи органлар ходимларини, шунингдек
уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий
жиҳатдан ҳимоя қилиш
23-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи
органларга кўмаклашаётган шахсларни, шунингдек уларнинг
оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш

 

22-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга
оширувчи органлар ходимларини, шунингдек
уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий
жиҳатдан ҳимоя қилиш

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг ходимлари давлат ҳимоясида бўлади.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимларига қонун ҳужжатларига мувофиқ ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниш кафолатлари берилади.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимларига қонун ҳужжатларига мувофиқ ижтимоий имтиёзлар берилади.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек уларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда махсус чора-тадбирлар назарда тутилади.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органнинг уюшган жиноий гуруҳ, жиноий уюшма орасига уларни фош қилиш мақсадида киритилган ходими қонунда белгиланган тартибда қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, қонунга хилоф қилмишлари учун жиноий жавобгарликдан озод этилади.

 

23-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи
органларга кўмаклашаётган шахсларни, шунингдек
уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий
жиҳатдан ҳимоя қилиш

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган шахслар давлат ҳимоясида бўлади.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган шахслар тезкор-қидирув фаолияти учун ажратилган маблағлар ҳисобидан белгиланган миқдорларда тақдирланиш ҳуқуқига эга.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган шахсларнинг, шунингдек улар оила аъзоларининг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига ҳақиқий таҳдид юзага келган тақдирда, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда махсус ҳимоя чора-тадбирларини кўриши шарт.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган шахс тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда иштирок этиши билан боғлиқ ҳолда майиб бўлган, бу унинг меҳнат қилиш қобилиятини йўқотишига ҳамда ногиронликка олиб келган тақдирда, ушбу шахсга қонун ҳужжатларига мувофиқ бирйўла бериладиган нафақа тўланади ҳамда ногиронлик пенсияси тайинланади.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган шахс тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда иштирок этиши билан боғлиқ ҳолда ҳалок бўлган тақдирда, марҳумнинг оила аъзоларига ва қарамоғида бўлган шахсларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бирйўла бериладиган нафақа тўланади ҳамда боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан пенсия тайинланади.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган, уюшган жиноий гуруҳ, жиноий уюшма орасига уларни фош қилиш мақсадида киритилган шахс қонунда белгиланган тартибда қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган такдирда, қонунга хилоф қилмишлари учун жиноий жавобгарликдан озод этилади.

 

5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

24-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини молиялаштириш
25-модда. Молиявий маблағларнинг сарфланиши устидан назорат
26-модда. Тезкор-қидирув фаолияти устидан идоравий назорат
27-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар
томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат
28-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи
органларнинг қарорлари ва мазкур органлар ходимларининг
ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш
29-модда. Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисидаги қонун
ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
30-модда. Қонун қужжатларини ушбу
Қонунга мувофиқлаштириш
31-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

 

24-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини молиялаштириш

Тезкор-қидирув фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

25-модда. Молиявий маблағларнинг сарфланиши
устидан назорат

Тезкор-қидирув фаолияти учун ажратилган молиявий маблағларнинг сарфланиши устидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

26-модда. Тезкор-қидирув фаолияти
устидан идоравий назорат

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг фаолияти устидан идоравий назорат қилиш тартиби мазкур органлар раҳбарлари томонидан белгиланади.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар раҳбарлари тезкор-қидирув фаолиятининг ташкил этилиши ва амалга оширилиши устидан идоравий назоратни таъминлайди.

 

27-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга
оширувчи органлар томонидан қонунларнинг
ижро этилиши устидан назорат

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.
Прокурорлар ўзларига тақдим этилган ҳужжатлар ва материаллардаги маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлайди.

 

28-модда. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи
органларнинг қарорлари ва мазкур органлар ходимларининг
ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг қарорлари, мазкур органлар ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, прокурорга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.

 

29-модда. Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисидаги қонун
ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

30-модда. Қонун қужжатларини ушбу
Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

31-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ўтгач кучга киради.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,
2012 йил 25 декабрь
№ ЎРҚ—344

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati