O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикасининг
Қ О Н У Н И


ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИ СОҲАСИДАГИ РУХСАТ БЕРИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Қонунчилик палатаси томонидан 2012 йил 8 ноябрда қабул қилинган 
Сенат томонидан 2012 йил 5 декабрда маъқулланган

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларига доир муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларининг қуйидаги турларига нисбатан татбиқ этилмайди:
тадбиркорлик субъектларини, битимларни, ҳуқуқларни ва мол-мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда ҳисобга қўйиш;
фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш;
аккредитация қилиш, сертификатлаштириш, стандартлаштириш, метрология ва техник жиҳатдан тартибга солиш;
давлат экологик экспертизаси; 
давлат сирлари муомаласи. 
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ваколатли органлар — қонун ҳужжатлари билан зиммасига тадбиркорлик субъектларига рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш вазифаси юклатилган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар;
рухсат беришга доир талаблар ва шартлар — рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат асосида ҳаракатни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга оширишда тадбиркорлик субъекти томонидан бажарилиши шарт бўлган, қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар ва шартлар йиғиндиси;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат — ваколатли орган томонидан қабул қилинадиган ва тадбиркорлик субъектига бериладиган, тадбиркорлик фаолияти соҳасида ҳаракатларни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган ҳамда рухсатнома, келишув, хулоса шаклида, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ифодаланадиган қарор;
тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомили (рухсат бериш тартиб-таомили) — ҳаракатларни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризанинг топширилиши ва кўриб чиқилиши, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг берилиши, амал қилиш муддатининг узайтирилиши, тўхтатиб турилиши, қайта тикланиши, тугатилиши, қайта расмийлаштирилиши ва бекор қилиниши жараёни билан боғлиқ тадбирлар мажмуи.

4-модда. Бажарилиши ва (ёки) амалга оширилиши учун рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш зарур бўлган ҳаракатларни ва (ёки) фаолиятни белгилаш

Бажарилиши ва (ёки) амалга оширилиши учун рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш зарур бўлган ҳаракатлар ва (ёки) фаолият жумласига тадбиркорлик субъектларининг бажарилиши ва (ёки) амалга оширилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зиён ҳамда атроф-муҳитга зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган, тартибга солиниши рухсат бериш тартиб-таомилларидан ташқари бошқа усуллар билан амалга оширилиши мумкин бўлмайдиган ҳаракатлари ва (ёки) фаолияти киритилиши мумкин.
Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари қонун ҳужжатларида белгиланади. Рухсат бериш тартиб-таомилларининг қонунда назарда тутилмаган янги турларини жорий этиш тақиқланади.

5-модда. Рухсат бериш тартиб-таомилларининг асосий принциплари

Рухсат бериш тартиб-таомилларининг асосий принциплари қуйидагилардир:
тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳимоя қилинишининг, жамоат хавфсизлигининг ҳамда атроф-муҳит муҳофаза қилинишининг таъминланиши;
рақобатни чеклайдиган рухсат бериш тартиб-таомиллари белгиланишига йўл қўйилмаслиги;
рухсат бериш тартиб-таомилларининг ошкоралиги, очиқлиги ва тушунарлилиги;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг «бир дарча» орқали берилиши;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тартибига доир талабларнинг ягоналиги;
тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги.

6-модда. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳимоя қилинишининг, жамоат хавфсизлигининг ҳамда атроф-муҳит муҳофаза қилинишининг таъминланиши

Рухсат бериш тартиб-таомиллари тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳимоя қилинишини, жамоат хавфсизлигини ҳамда атроф-муҳит муҳофаза қилинишини таъминлаши керак.

7-модда. Рақобатни чеклайдиган рухсат бериш тартиб-таомиллари белгиланишига йўл қўйилмаслиги

Рухсат бериш тартиб-таомиллари тадбиркорлик субъектлари ҳаракатларни бажарганда ва (ёки) муайян фаолиятни амалга оширганда улар учун товарлар (ишлар, хизматлар) бозоридаги рақобатни чеклайдиган имтиёзлар ва афзалликлар белгиламаслиги керак.

8-модда. Рухсат бериш тартиб-таомилларининг ошкоралиги, очиқлиги ва тушунарлилиги

Рухсат бериш тартиб-таомиллари тадбиркорлик субъектлари учун ошкора, очиқ ва тушунарли бўлиши керак.

9-модда. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг «бир дарча» орқали берилиши

Ваколатли орган тадбиркорлик субъектига рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериши учун бошқа ваколатли органлар томонидан бериладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиши талаб қилинган ҳолларда, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш соддалаштирилган тартибда «бир дарча» орқали амалга оширилади, бунда ваколатли орган мазкур ҳужжатларни тадбиркорлик субъектининг иштирокисиз мустақил равишда олади.

10-модда. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тартибига доир талабларнинг ягоналиги

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тартибига доир талаблар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча ваколатли органлар ва тадбиркорлик субъектларига нисбатан ягонадир. 

11-модда. Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги

Тадбиркорлик субъектларининг ваколатли органлар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектларининг фойдасига талқин қилинади.

12-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рухсат бериш тартиб-таомилларига доир ваколатлари 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ваколатли органларнинг рухсат бериш тартиб-таомилларига доир фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;
ваколатли органлар томонидан берилган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг реестрларини юритиш тартибини белгилайди;
рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

13-модда. Ваколатли органларнинг рухсат бериш тартиб-таомилларига доир ваколатлари

Ваколатли органлар:
тадбиркорлик субъектларининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш, амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, тугатиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тўғрисидаги аризаларини қабул қилади ҳамда кўриб чиқади;
ушбу Қонун талабларига ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларга мувофиқ белгиланган муддатларда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беради ёки уни беришни асосли равишда рад этади;
берилган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг реестрини юритади ва уни ўз расмий 
веб-сайтларида жойлаштиради;
рухсат бериш тартиб-таомиллари масалалари юзасидан тадбиркорлик субъектларининг оғзаки ёки ёзма сўровига кўра бепул тўлиқ ахборот ва малакали маслаҳатлар (тушунтиришлар) беради;
тадбиркорлик субъектлари рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомлар билан монеликсиз танишиб чиқиши ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар монеликсиз тақдим этилиши учун шарт-шароитлар яратади;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш ва тўлдиришда тадбиркорлик субъектларига ёрдам беради;
тадбиркорлик субъектларини ва уларнинг аризаларини бутун иш куни давомида қабул қилиш имкониятини берадиган иш вақти режимини таъминлайди;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш учун зарур бўлган маълумотларни ўз расмий веб-сайтларида жойлаштиради;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни «бир дарча» орқали беради;
ушбу Қонуннинг 22, 23 ва 25-моддаларида назарда тутилган ҳолларда, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ҳамда уларни бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади ва (ёки) мазкур масалаларни суд тартибида кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқади.
Ваколатли органлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

14-модда. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун тадбиркорлик субъекти тегишли ваколатли органга қуйидагиларни тақдим этади:
юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг номи, жойлашган ери (почта манзили) ва ташкилий-ҳуқуқий шакли; жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъекти учун — фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари, тадбиркорлик субъекти бажармоқчи ёки амалга оширмоқчи бўлган ҳаракат ва (ёки) муайян фаолият кўрсатилган ҳолда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги ариза;
юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти учун — юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхаси; жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъекти учун — якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхаси;
рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда белгиланган бошқа ҳужжатлар. Рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар сифатида фақат тадбиркорлик субъектининг ҳаракатни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш имкониятини тасдиқлаш билан бевосита боғлиқ бўлган, шунингдек мавжуд бўлмаслиги ҳаракатни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш чоғида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зиён ҳамда атроф-муҳитга зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳужжатлар белгиланиши мумкин.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар, ваколатли орган аксини исботлагунига қадар, барча ҳолларда тўғри ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектидан ушбу моддада ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар тадбиркорлик субъекти томонидан ваколатли органга бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар тадбиркорлик субъектининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун тегишли ваколатли органга тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилиниб, рўйхат мазкур орган томонидан ҳужжатлар қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда, дарҳол тадбиркорлик субъектига берилади (юборилади).

15-модда. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати, қоида тариқасида, чекланмайди.
Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжат ҳаракатни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш хусусияти ва шартларини ҳисобга олган ҳолда чекланмаган муддатга берилиши мумкин бўлмаган ҳолларда, рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларга нисбатан амал қилиш муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугагач, у тадбиркорлик субъектининг аризасига кўра узайтирилиши мумкин. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги ариза ваколатли органга мазкур ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар топширилиши керак. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддатини узайтириш рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Агар рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш танлов (тендер) асосида амалга оширилаётган бўлса, рухсат беришга доир талаблар ва шартларга тегишли равишда риоя этган тадбиркорлик субъекти мазкур ҳужжатнинг амал қилиш муддатини узайтиришда устувор ҳуқуққа эга бўлади.

16-модда. Рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомлар

Рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. 
Рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг ва уни бериш зиммасига юклатилган ваколатли органнинг номи;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш мақсади;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларнинг тугал рўйхати;
тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш, ҳужжатни бериш ёки уни беришни рад этиш тартиби ва муддатлари, шу жумладан, агар рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш танлов (тендер) асосида амалга оширилаётган бўлса, мазкур ҳужжатни бериш учун танлов (тендер) ўтказиш тартиби;
рухсат беришга доир талаблар ва шартлар;
рухсат этиш хусусиятига эга зарур ҳужжатларни «бир дарча» орқали беришда ваколатли органларнинг бошқа ваколатли органлар билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, тугатиш, мазкур ҳужжатни қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тартиби;
агар тадбиркорлик субъекти томонидан ҳаракатларни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш имкониятини аниқлаш учун зарур бўлса, рухсат бериш тартиб-таомили доирасида ваколатли орган ёки жалб қилинган учинчи шахс томонидан ўтказиладиган ўрганишлар, тадқиқотлар, текширишларнинг ёки бошқа илмий ва техник баҳолашларнинг тугал рўйхати;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг шакли;
рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжат чекланмаган муддатга берилиши мумкин бўлмаган ҳолларда, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати.
Рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда ушбу Қонунга мувофиқ бошқа нормалар ҳам кўрсатилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтишнинг соддалаштирилган тартибини белгилаши мумкин.

17-модда. Тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиққанлик учун йиғим. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни берганлик ёки унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун йиғим 

Тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризаси ваколатли орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун йиғим рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда белгиланган ҳолларда ва миқдорларда ундирилади. Йиғим миқдори ваколатли органнинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун қилган харажатлари доирасида белгиланади. 
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни берганлик ва унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун йиғим рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда белгиланган ҳолларда ва миқдорларда ундирилади.
Тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиққанлик, ҳужжатни берганлик ёки унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун йиғим суммалари ваколатли органларнинг ҳисобварағига ўтказилади.
Тадбиркорлик субъекти рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисида тақдим этган аризасидан воз кечган тақдирда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

18-модда. Тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш муддати

Тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризасини ваколатли орган томонидан кўриб чиқиш, уни бериш ёки беришни рад этиш муддатлари рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда белгилаб қўйилади ва тадбиркорлик субъектининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан қабул қилиб олинган санадан эътиборан, шу жумладан рухсат этиш хусусиятига эга зарур ҳужжатлар «бир дарча» орқали бериладиган ҳолларда ўттиз иш кунидан ошмаслиги керак.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси айрим ҳаракатлар ва (ёки) муайян фаолият учун уларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризасини ваколатли орган томонидан кўриб чиқиш, уни бериш ёки беришни рад этиш муддатларини ўттиз иш кунидан ортиқ қилиб белгилаши мумкин.
Ваколатли орган тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай тадбиркорлик субъектига рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериши (юбориши) ёки бундай ҳужжатни бериш рад этилганлиги тўғрисида уни ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
Агар ваколатли орган тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш, уни бериш ёки беришни рад этиш муддати мобайнида тадбиркорлик субъектига рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бермаса ёки уни беришни рад этмаса, тадбиркорлик субъекти ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддат ўтганидан кейин, бажарилиши ва (ёки) амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат олмоқчи бўлган ҳаракатни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига, бу ҳақда ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, эга бўлади, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда белгиланган бошқа ҳоллар бундан мустасно. 
Ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолда ваколатли орган тадбиркорлик субъектининг хабарномаси олингандан кейин беш иш куни ичида унга рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериши шарт. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат олингунига қадар, тақдим этилган ҳужжатларнинг улар қабул қилиб олинган сана ҳақида белги қўйилган рўйхати ва тадбиркорлик субъекти томонидан ваколатли органга йўлланган хабарнома рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга тенглаштирилади ҳамда шундай ҳаракатни бажариш ва (ёки) шундай фаолиятни амалга ошириш учун асос бўлади.

19-модда. Тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳаракатлар бажарилганлигининг ва (ёки) муайян фаолият амалга оширилганлигининг хабардор қилиш тартиби

Рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда тадбиркорлик субъектлари ушбу Қонун 14-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳужжатларни ваколатли органга тақдим этган пайтдан эътиборан улар томонидан ҳаракатлар бажарилганлигининг ва (ёки) муайян фаолият амалга оширилганлигининг хабардор қилиш тартиби назарда тутилиши мумкин. Бундай ҳолда тақдим этилган ҳужжатларнинг улар қабул қилиб олинган сана ҳақида белги қўйилган рўйхати рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга тенглаштирилади.

20-модда. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни рад этиш

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилиши учун зарур бўлган ҳужжатларнинг тадбиркорлик субъекти томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;
тадбиркорлик субъектининг рухсат беришга доир талаблар ва шартларга мувофиқ эмаслиги;
тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;
рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларга мувофиқ ўтказилиши шарт бўлган ўрганишлар, тадқиқотлар, текширишлар ёки бошқа илмий ва техник баҳолашларнинг якунлари бўйича асослантирилган салбий хулоса олинганлиги.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни бошқа асосларга кўра, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан рад этишга йўл қўйилмайди. 
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома тадбиркорлик субъектига ёзма шаклда, рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг нормалари аниқ ва тадбиркорлик субъекти кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади). Тадбиркорлик субъекти рад этиш сабабларини бартараф этиб ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
Тадбиркорлик субъекти рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилиши учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёки уни беришни рад этиш тадбиркорлик субъектининг рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Тадбиркорлик субъектининг аризаси такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ваколатли орган томонидан ариза берувчига илгари ёзма шаклда баён қилинмаган рад этиш сабабларини ваколатли орган томонидан келтиришга йўл қўйилмайди, илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин тадбиркорлик субъекти томонидан топширилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.
Тадбиркорлик субъекти рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилганлиги, шунингдек ваколатли орган мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

21-модда. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг дубликатини бериш

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда тадбиркорлик субъектининг аризасига кўра унинг дубликати берилади.
Ваколатли орган ариза, шунингдек ҳужжат яроқсиз ҳолга келган тақдирда, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг асл нусхаси ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг дубликати берилганлиги учун тадбиркорлик субъекти томонидан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолда йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат олинган кундан эътиборан беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг дубликатини бериши (юбориши) шарт.
Рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда белгиланган ҳолларда, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг дубликатини берганлик учун тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризаси ваколатли орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун, дубликатни бериш ҳақидаги ариза топширилган санадаги ҳолатга кўра, тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилиши мумкин. Йиғим суммаси ваколатли органлар ҳисобварағига ўтказилади.

22-модда. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:
рухсат беришга доир талаблар ва шартлар тадбиркорлик субъекти томонидан бузилганлиги аниқланганда;
тадбиркорлик субъекти томонидан ваколатли органнинг тадбиркорлик субъекти зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарори бажарилмаганда.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш суд тартибида амалга оширилади, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳоллари бундан мустасно.
Ваколатли органнинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори тадбиркорлик субъектига қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш сабаблари ва қонун ҳужжатларининг нормалари аниқ кўрсатилган ҳолда, ёзма шаклда етказилади.
Суднинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори тадбиркорлик субъектига қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.
Ваколатли орган ёки суд рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатларнинг тадбиркорлик субъекти томонидан бартараф қилиниши муддатини белгилаши шарт. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатларнинг тадбиркорлик субъекти томонидан бартараф қилиниши муддати тадбиркорлик субъекти рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар тадбиркорлик субъекти томонидан бартараф этилган тақдирда, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилган ваколатли орган ёки суд кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисида тасдиқнома олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.
Ваколатли органнинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш суд томонидан асоссиз деб топилган тақдирда, ваколатли орган тадбиркорлик субъекти олдида у кўрган зарар миқдорида жавобгар бўлади, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши эса, унинг тўхтатиб турилиши суд томонидан асоссиз деб топилган пайтдан эътиборан қайта тикланган ҳисобланади.

23-модда. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тугатиш

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:
тадбиркорлик субъекти рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат этганда;
юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти тугатилганда — тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда — қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, унинг ўзгартирилиши бундан мустасно;
жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилганда;
жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъекти вафот этганда, унинг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда, у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
тадбиркорлик субъекти рухсат беришга доир талаблар ва шартларни бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда, агар мазкур қоидабузарликлар тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зиён ҳамда атроф-муҳитга зарар етказилишига олиб келган бўлса. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши тугатилишига асос бўладиган қўпол қоидабузарликларнинг рўйхати рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилади;
тадбиркорлик субъекти рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатларни ваколатли орган ёки суд томонидан белгиланган муддатда бартараф этмаганда; 
ваколатли органнинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги қарори қонунга хилоф эканлиги аниқланганда;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугаганда;
бажарилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилган бир марталик ҳаракат бажарилганда.
Ушбу модда биринчи қисмининг учинчи, тўртинчи, бешинчи, тўққизинчи ва ўнинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳоллар юзага келиши билан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши тугатилган ҳисобланади.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолда ваколатли орган томонидан, ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда эса, суд томонидан тугатилади.
Суднинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори тадбиркорлик субъектига ва ваколатли органга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.
Ваколатли органнинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори тадбиркорлик субъектига ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай ёзма шаклда, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тугатиш сабаблари ва қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда етказилади. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор тадбиркорлик субъекти томонидан олинган кундан эътиборан ўн кун ичида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ваколатли органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак.

24-модда. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни қайта расмийлаштириш

Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти ўзгартирилганда, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтгандан кейин етти иш куни ичида ваколатли органга рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризани кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда топшириши шарт.
Жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг унга давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида берилган гувоҳномада кўрсатилган фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти қайта рўйхатдан ўтгандан кейин етти иш куни ичида ваколатли органга рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризани кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда топшириши шарт.
Ҳужжатлар тадбиркорлик субъекти томонидан ваколатли органга бевосита, почта алоқа воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар тадбиркорлик субъектининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қайта расмийлаштирилгунига қадар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза берган тадбиркорлик субъекти ёки унинг ҳуқуқий вориси (меросхўр) рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш тўғрисида берилган, қабул қилиб олинган санаси ҳақида ваколатли органнинг белгиси қўйилган ариза асосида унда кўрсатилган ҳаракатни ва (ёки) фаолиятни бажаради ёки амалга оширади.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қайта расмийлаштирилганда ваколатли орган берилган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар реестрига тегишли ўзгартишлар киритади.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш ва бериш рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ваколатли орган томонидан қабул қилиб олинган кундан эътиборан беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда белгиланган ҳолларда, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштирганлик учун тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризаси ваколатли орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза топширилган санадаги ҳолатга кўра, тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси ваколатли органлар ҳисобварағига ўтказилади.
Тадбиркорлик субъектидан ушбу моддада назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Бажарилиши ва амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олиш лозим бўлган ҳаракатни ва (ёки) муайян фаолиятни ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари талабларини бузган ҳолда бажариш ва амалга ошириш белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

25-модда. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қуйидаги асосларда бекор қилинади:
тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш тўғрисидаги аризасига кўра;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолда ваколатли орган томонидан, ушбу модда биринчи қисмининг учинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолда эса, суд томонидан бекор қилинади.
Суднинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш тўғрисидаги қарори тадбиркорлик субъекти томонидан олинган кундан эътиборан ўн кун ичида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ваколатли органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат бекор қилинганлиги тўғрисидаги ахборот оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.
Суднинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш тўғрисидаги қарори рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилган санадан эътиборан амал қилади.
Суднинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

26-модда. Низоларни ҳал этиш

Рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

27-модда. Рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

28-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

29-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон  Республикасининг Президенти                          И. КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,
2012 йил 20 декабрь
№ ЎРҚ—341

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati