O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикасининг
Қ О Н У Н И


СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ИСЛОҲ ҚИЛИШ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА

Қонунчилик палатаси томонидан 2012 йил 12 июлда қабул қилинган 
Сенат томонидан 2012 йил 30 августда маъқулланган

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган «Прокуратура тўғрисида»ги 746—ХII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августда қабул қилинган 257—II-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, № 9—10, 168-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 6, 249-модда; 2008 йил, № 9, 487-модда, № 12, 636-модда; 2011 йил, № 4, 101-модда) 28-моддасининг биринчи қисмига қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:
саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«дастлабки тергов муддатини узайтиради, эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш ва айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисида судга илтимоснома киритади»;
ўн иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин: 
«қонунда назарда тутилган ҳолларда тергов ҳаракатлари олиб борилишига санкция беради, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида, айбланувчини лавозимидан четлаштириш ҳақида, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома киритади ёки илтимосномага розилик беради; амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритади».

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги  924—ХII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрда қабул қилинган 162—II-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, № 1—2, 10-модда; 2002 йил, № 1, 20-модда; 2004 йил, № 1—2, 18-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 6, 249-модда, № 7, 324-модда; 2009 йил, № 12, 470-модда; 2011 йил, № 4, 104-модда) 37-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди қонун билан унинг ваколатлари доирасига берилган жиноят ишларини ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни, шунингдек қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ёки қамоқда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги, айбланувчини лавозимидан четлаштириш ҳақидаги, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги ёхуд айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш ҳақидаги, амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ёхуд маҳкумни жазодан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқади».

3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 2, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 269-модда; 1997 йил, № 2,  56-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 5—6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5—6, 153-модда, № 7—8, 217-модда; 2001 йил, № 1—2, 11, 
23-моддалар, № 9—10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 1—2, 18-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 418-модда; 2006 йил, № 6, 261-модда; 2007 йил, № 4, 166-модда, № 6, 248, 249-моддалар, № 9, 422-модда, № 12, 594, 595, 607-моддалар; 2008 йил, № 4, 177, 187-моддалар, № 9, 482, 484, 487-моддалар, № 12, 636, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 4, 136-модда, № 9, 335-модда, № 12, 469, 470-моддалар; 2010 йил, № 6, 231-модда, № 9, 334, 336, 337, 342-моддалар, № 12, 477-модда; 2011 йил, № 4, 103, 104-моддалар, № 9, 252-модда; 2011 йил, № 12/2, 363-модда; 2012 йил, № 1, 3-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 15-модданинг матнидаги «Суд, прокурор» деган сўзлар «Прокурор» деган сўз билан алмаштирилсин;
2) 29-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Суднинг ваколатларига: қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаш муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома, шикоят ва протестни эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида ажрим чиқарган судни албатта хабардор қилган ҳолда кўриб чиқиш; айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги ёки айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш; прокурорнинг амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ёхуд маҳкумни жазодан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш; жиноят ишини суд муҳокамасига тайёрлаш; ишни муҳокама қилиш ва ҳукм чиқариш ёки бошқа қарор қабул қилиш; ишни апелляция, кассация, назорат тартибида кўриб чиқиш; ҳукмни ижро эттириш киради»;
3) 36-модданинг:
биринчи қисми «ушбу Кодекснинг 240-моддасига мувофиқ бекор қилиш ёки ўзгартиришга» деган сўзлардан кейин «айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақида илтимосномалар беришга, шунингдек мазкур процессуал мажбурлов чораларини ушбу Кодексда белгиланган тартибда бекор қилишга» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
учинчи қисми «қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги» деган сўзлардан кейин «айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
4) 217-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Суриштирувчи, терговчи, прокурор гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш тарзидаги, суд эса қамоққа олиш ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллаганида, бу ҳақда йигирма тўрт соатдан кечиктирмасдан унинг оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларига ёки яқин кишиларига хабар бериши, шунингдек бу ҳақда иш ёхуд ўқиш жойига маълум қилиши шарт»;
5) 220-модда иккинчи қисмининг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Кейинги ҳолатда ушлаб туришга фақат суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан йўл қўйилади»;
6) 227-модданинг номи ва биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«227-модда. Суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш

Ушлаб туриш, гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш ҳақидаги суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарори асосида милиция ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган ходими ушланган шахсни ушбу Кодекснинг 224-моддаси қоидаларига риоя этган ҳолда энг яқин милиция муассасасига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга дарҳол олиб бориши шарт. Амалга оширилган ушлаб туриш тўғрисида ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарган ваколатли шахс дарҳол хабардор қилиниши лозим»;
7) 255—259-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«255-модда. Айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш асослари  ва муддатлари

Башарти айбланувчи, судланувчи ўз иш жойида қолса, жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга ёки жиноят оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга тўсқинлик қилади ёхуд жиноий фаолиятини давом эттиради, деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлса, улар лавозимидан четлаштирилиши мумкин.
Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги масала ушбу бобда белгиланган тартибда, судланувчини лавозимидан четлаштириш ҳақидаги масала эса ушбу Кодекснинг 423, 438-моддаларида назарда тутилган тартибда суд томонидан ҳал қилинади.
Айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш учун асос бўлган ҳолатлар бекор бўлгунига қадар ўтган вақт мобайнида қўлланилади. 
Айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораси қарор чиқарган судни албатта хабардор этган ҳолда терговчи, прокурор, суд томонидан бекор қилинади. 
Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллаш рад қилинган ёки у бекор қилинган тақдирда, айнан ўша айбланувчига нисбатан мазкур масала бўйича такроран судга мурожаат қилишга лавозимдан четлаштириш учун асос бўладиган янги ҳолатлар юзага келганда йўл қўйилади.

256-модда. Ишни судга қадар юритиш босқичида айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш

Айбланувчини лавозимидан четлаштириш учун асослар мавжуд бўлганда прокурор, терговчи айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш асосларини баён этган ҳолда қарор чиқаради. 
Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорда: лавозимидан четлаштириладиган шахс ҳақидаги маълумотлар; унинг иш жойи; лавозимдан четлаштириш асослари кўрсатилади. Қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади.
Терговчининг айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади. 
Прокурор айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорни ва зарур материалларни судга юборади.

257-модда. Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш

Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, округ, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги материални кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома ёпиқ суд мажлисида, материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соатдан кечиктирмасдан кўриб чиқилади.
Суд мажлисида прокурор, айбланувчи, шунингдек, агар ишда қатнашаётган бўлса, ҳимоячи ва қонуний вакил иштирок этади. Зарур бўлганда терговчи судга чақирилиши мумкин.
Суд мажлисининг жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун монелик қилмайди. 
Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурорнинг маърузаси билан бошланади, у мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш заруратини асослаб беради. Сўнгра айбланувчи, ҳимоячи, судда ҳозир бўлган бошқа шахслар эшитилади, тақдим қилинган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.

258-модда. Суд ажрими 

Судья айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида ёки айбланувчини лавозимидан четлаштиришни рад қилиш ҳақида ажрим чиқаради.
Судьянинг айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажримида: лавозимидан четлаштириладиган шахс ҳақидаги маълумотлар; унинг иш жойи; лавозимдан четлаштириш асослари; айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига қўйиладиган талаб кўрсатилади.
Судьянинг айбланувчини лавозимидан четлаштиришни рад қилиш ҳақидаги ажрими асослантирилган бўлиши керак.
Судьянинг айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажрими у ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Ажрим тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига ижро учун, прокурорга, айбланувчига, ҳимоячига эса маълумот учун юборилади.
Судьянинг ушбу модда биринчи қисмида назарда тутилган ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, лавозимидан четлаштирилган айбланувчи ишлаган тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбари томонидан апелляция тартибида шикоят берилиши ёхуд прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин. Шикоят, протест ажримни чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд қирқ саккиз соат ичида уларни материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Шикоят ёки протест бериш суднинг айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажрими ижросини тўхтатиб қўймайди. Апелляция инстанцияси суди ушбу материалларни шикоят ёки протест билан бирга улар келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соатдан кечиктирмасдан кўриб чиқиши керак.
Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:
судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса қаноатлантиришсиз қолдиришга;
судьянинг ажримини бекор қилиш ва айбланувчига нисбатан лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллашга ёки мазкур процессуал мажбурлов чорасини бекор қилишга ҳақли.

259-модда. Айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажримни ижро этиш

Суднинг айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажрими корхона, муассаса, ташкилот раҳбари учун мажбурий бўлиб, раҳбар ажримни олиши билан дарҳол уни ижро этиши ҳамда бу ҳақда терговчини, прокурорни ва судни хабардор қилиши шарт»;
8) 265—269-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«265-модда. Суд экспертизасини ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш асослари ва муддатлари

Агар суд-тиббиёт ёки суд-психиатрия экспертизасини ўтказишда айбланувчини, судланувчини стационар кўрикдан ўтказиш зарурати вужудга келса, улар тегишли тиббий муассасага жойлаштирилиши мумкин.
Руҳий ҳолати айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш ва айблов эълон қилиш имкониятини истисно этадиган гумон қилинувчи ҳам, агар айнан унинг ижтимоий хавфли қилмиш содир этганлигига етарлича далиллар мавжуд бўлса, экспертиза ўтказиш учун тиббий психиатрия муассасасига жойлаштирилиши мумкин.
Агар шахснинг гумон қилинувчи тариқасида бўлиши муддати стационар суд-психиатрия экспертизаси тамом бўлгунига қадар тугаса, унинг руҳий ҳолати имкон берса, унга айблов эълон қилиш ёки уни тиббий психиатрия муассасасидан озод қилиш ёхуд уни тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш бўйича иш юритилаётган шахс тариқасида эътироф этиш тўғрисида қарор чиқариш зарур.
Жабрланувчилар ва гувоҳлар тегишли суд экспертизасини ўтказиш учун тиббий муассасага мажбурий жойлаштирилиши мумкин эмас, улар гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг Жиноят кодекси 15-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлигини фош қилаётган ва улар берган кўрсатувларнинг ишончлилигини текширишнинг бошқа имконияти бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.
Ишни судга қадар юритиш босқичида шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги масала ушбу бобда белгиланган тартибда, судланувчини тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги масала эса ушбу Кодекснинг 
423, 438-моддаларида назарда тутилган тартибда суд томонидан ҳал қилинади.
Шахс тиббий муассасага кўпи билан бир ой муддатга жойлаштирилиши мумкин. Алоҳида ҳолларда, шифокорларнинг стационар суд экспертизасини ўтказиш давомида олинган хулосасига асосан, бу муддат суд томонидан фақат айбланувчи ва судланувчига нисбатан бир ойгача узайтирилиши мумкин. Айбланувчининг ишни судга қадар юритиш босқичида тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш суд томонидан прокурорнинг ушбу бобда белгиланган тартибда киритилган илтимосномасига биноан, судланувчининг тиббий муассасада бўлиш муддатини узайтириш эса ушбу Кодекснинг 423, 438-моддаларида белгиланган тартибда ҳал қилинади. 
Айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома айбланувчи тиббий муассасада бўлишининг белгиланган муддати тугашидан камида олти сутка олдин тегишли прокурор томонидан киритилади. 
Айбланувчи, судланувчи ёки ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш бўйича иш юритилаётган шахс тиббий муассасага жойлаштирилаётганда, агар бу муассаса қамоққа олинганларни сақлаш учун мослаштирилган бўлса, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланиши мумкин. Бошқа ҳолда мазкур эҳтиёт чораси бекор қилиниши ёки енгилроғи билан алмаштирилиши керак.
Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг тиббий муассасада бўлган вақти қамоқда сақлаш муддатига қўшиб ҳисобланади.

266-модда. Ишни судга қадар юритиш босқичида шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш

Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш учун асослар мавжуд бўлганда прокурор, терговчи шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш асосларини баён этган ҳолда қарор чиқаради. 
Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорда: тиббий муассасага жойлаштириладиган шахс ҳақидаги маълумотлар ва унинг процессуал ҳолати; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш асослари; шахс жойлаштириладиган тиббий муассасанинг номи; эҳтиёт чораси тўғрисида таклиф этилаётган қарор кўрсатилади. Қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади.
Терговчининг шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади. 
Прокурор шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорни ва зарур материалларни судга юборади.

267-модда. Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги ёки айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқиш

Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, округ, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома ёпиқ суд мажлисида, материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соат ичида кўриб чиқилади.
Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, ҳимоячи, шунингдек, агар ишда қатнашаётган бўлса, ўзига нисбатан экспертиза ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштириш масаласи кўриб чиқилаётган шахсларнинг манфаатларини ифодаловчи жабрланувчининг вакили, гувоҳнинг адвокати, қонуний вакиллар иштирокида кўриб чиқилади. Тиббий муассасага жойлаштирилаётган шахс, агар унинг соғлиғи имкон берса, суд мажлисида қатнашишга ҳақли. Зарур ҳолларда терговчи судга чақирилиши мумкин.
Суд мажлисининг жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун монелик қилмайди.
Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурорнинг маърузаси билан бошланади, у мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш заруратини асослаб беради. Сўнгра тиббий муассасага жойлаштирилаётган шахс, агар у суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, ҳимоячи, судда ҳозир бўлган бошқа шахслар эшитилади, тақдим қилинган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.
Айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома дастлабки тергов юритилаётган жойда ёки тиббий муассаса жойлашган ерда, ушбу моддада назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади. 
Айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда суд тақдим этилган материалларнинг асослилигини, шунингдек процессуал нормаларга ва талабларга риоя этилганлигини ҳисобга олади.

268-модда. Суд ажрими

Судья шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида ёки шахсни тиббий муассасага жойлаштиришни рад қилиш ҳақида ажрим чиқаради.
Суднинг шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги ажримида: тиббий муассасага жойлаштириладиган шахс ҳақидаги маълумотлар; унинг процессуал ҳолати; шахс жойлаштирилаётган тиббий муассасанинг номи; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш асослари; эҳтиёт чораси тўғрисидаги қарор, зарур ҳолларда эса, шахсни мазкур муассасага кўчириш тўғрисидаги фармойиш кўрсатилади.
Судья айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш ҳақида ёки айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтиришни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Ушбу модданинг биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган суд ажрими ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Ажрим ижро учун прокурорга, маълумот учун эса ҳимоячига, жабрланувчининг вакилига, гувоҳнинг адвокатига, қонуний вакилга юборилади. Ушбу модданинг биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган суд ажрими устидан мазкур ажрим чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида тиббий муассасага жойлаштирилаётган шахс, унинг ҳимоячиси, жабрланувчининг вакили, гувоҳнинг адвокати ва қонуний вакил томонидан апелляция тартибида шикоят берилиши ёхуд прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин. Шикоят, протест ажрим чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд уларни қирқ саккиз соат ичида материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Шикоят ёки протест берилиши суд ажримининг ижросини тўхтатиб қўймайди. Апелляция инстанцияси суди ушбу материалларни шикоят ёки протест билан бирга улар келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соатдан кечиктирмасдан кўриб чиқиши керак.
Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:
судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса қаноатлантиришсиз қолдиришга;
судьянинг ажримини бекор қилиш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллашга ёки айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтиришга ёхуд мазкур процессуал мажбурлов чорасини бекор қилишга ҳақли.

269-модда. Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини бекор қилиш

Стационар суд-тиббий ёки суд-психиатрия экспертизаси хулосасини олганидан сўнг прокурор, терговчи қарор чиқарган судни албатта хабардор қилган ҳолда шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини бекор қилиш ҳақида қарор чиқаради. 
Суд экспертизаси натижаларига кўра шахс ақли норасо деб эътироф этилганда унинг тиббий муассасада бундан буён бўлиши тўғрисидаги масала ушбу Кодекснинг 
61-боби нормаларига мувофиқ ҳал этилади, жабрланувчи, гувоҳ ақли норасо деб эътироф этилган ёки шахснинг психиатрия ёрдами кўрсатиш талаб этиладиган бошқа турдаги руҳий касаллиги аниқланган ҳолларда эса, қонун ҳужжатларига мувофиқ умумий асосларда ҳал этилади»; 
9) 273-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин: 
«Агар процесс иштирокчисининг одил судловга қарши жиноят содир этганлик учун жиноий жавобгарликка тортилишига асослар суд муҳокамасида ёки иш апелляция, кассация ёхуд назорат тартибида кўриб чиқилаётганда аниқланган бўлса, унда суд жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилади»;
10) 321-модданинг матнидаги «ва суд» деган сўзлар «ўз ваколатлари доирасида» деган сўзлар билан алмаштирилсин; 
11) 322-модда биринчи қисмининг 4-бандидаги «прокурор ёки суднинг» деган сўзлар «прокурорнинг» деган сўз билан алмаштирилсин;
12) 328-модданинг 4 ва 5-бандлари чиқариб ташлансин; 
13) 330-модданинг биринчи хатбошисидаги «терговчи, прокурор ёки суд» деган сўзлар «терговчи ёки прокурор» деган сўзлар билан алмаштирилсин; 
14) 331-модданинг:
биринчи қисмидаги
 «суд эса ажрим» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
иккинчи ва учинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қарорда: ишни қўзғатиш сабаблари ва асослари; Жиноят кодексининг жиноят иши қўзғатилган жиноятни назарда тутувчи моддаси; бундан буён ишни ўз юритувига олувчи мансабдор шахс кўрсатилади. 
Суриштирувчи, терговчи жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхасини ушбу ишнинг тергов қилиниши устидан назоратни амалга ошириши лозим бўлган прокурорга юборади»; 
15) 333-модданинг биринчи қисмидаги «суд эса ажрим», «ёки ажрим», «ёки суд» ва «ёхуд ажримнинг» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
16) 334-модданинг биринчи қисмидаги «терговчи, прокурор ёки суд» деган сўзлар «терговчи ёки прокурор» деган сўзлар билан алмаштирилсин; 
17) 336-модданинг:
биринчи хатбошисидаги
 «ёки ажрим» деган сўзлар чиқариб ташлансин; 
1-банди чиқариб ташлансин; 
18) 337-модданинг:
2-банди ўзбекча матни
 «ҳақлидир» деган сўз билан тўлдирилсин;
3-банди чиқариб ташлансин; 
19) 374-модданинг:
учинчи қисми 3-банди
 қуйидаги таҳрирда баён этилсин: 
«3) эҳтиёт чораларини, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини, шунингдек фуқаровий даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисидаги»; 
бешинчи қисми чиқариб ташлансин; 
олтинчи қисми бешинчи қисм деб ҳисоблансин;
20) 382-модданинг учинчи қисми:
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақида судга илтимоснома киритади ёки илтимосномага розилик беради ёхуд айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисида судга илтимоснома киритади»; 
олтинчи — ўн тўртинчи хатбошилари тегишинча еттинчи — ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
ўнинчи хатбошисидаги «айбланувчини лавозимидан четлаштиришга ва» деган сўзлар «шунингдек» деган сўз билан алмаштирилсин;
21) 416 ва 417-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«416-модда. Судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш учун асослар аниқланганда суднинг ҳаракатлари

Агар суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, суд янги айблов бўйича жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилади.
Янги айблов дастлабки айблов билан узвий боғлиқ бўлган ва уларни айрим-айрим ҳолда кўриш имконияти бўлмаган ҳолларда бутун иш қўшимча тергов юритиш учун қайтарилиши лозим.

417-модда. Жиноий жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда суднинг ҳаракатлари

Агар суд тергови вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, суд жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилади.
Тахмин қилинаётган жиноят кўрилаётган иш билан узвий боғлиқ бўлган ва бу ишларни айрим-айрим ҳолда кўриш имконияти бўлмаган ҳолларда, суд бутун ишни қўшимча тергов юритиш учун юборади.
Агар суд тергови вақтида била туриб ёлғон кўрсатув берган гувоҳ, жабрланувчи ёки била туриб нотўғри хулоса берган эксперт ёхуд била туриб нотўғри таржима қилган таржимон томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, суд ҳукм чиқарганидан сўнг жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилади»; 
22) 423-модда иккинчи қисмининг биринчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин: 
«Жиноят ишини қўшимча тергов ўтказиш учун прокурорга юбориш тўғрисидаги, ишни тугатиш ёки тўхтатиш ҳақидаги, эҳтиёт чораларини қўллаш (ўзгартириш, бекор қилиш) тўғрисидаги, айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш ҳақидаги, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги, айбланувчининг, судланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш ҳақидаги, рад қилишлар тўғрисидаги ажримларни, шунингдек хусусий ажримларни суд алоҳида хонада (маслаҳатхонада) чиқаради»; 
23) 439-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Раислик қилувчи суд тергови бошланиши тўғрисида эълон қилади. Суд тергови айблов хулосасининг хулоса қисмида баён этилган, судланувчига қўйилган айбловни давлат айбловчиси томонидан ўқиб эшиттиришдан бошланади. Раислик қилувчи судланувчидан айбловнинг моҳияти унга тушунарли ёки тушунарсиз эканлигини ва ўз айбига иқрорлиги ёки иқрор эмаслигини сўрайди»;
24) 457-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 16-банд билан тўлдирилсин:
«16) судланувчига нисбатан лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини бекор қилиш керакми»; 
25) 471-модданинг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин: 
«1) судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини бекор қилиш тўғрисида ушбу Кодекснинг 255—260-моддаларига мувофиқ қабул қилинган қарор; қўзғатилган фуқаровий даъво ёки суднинг ташаббуси билан зиённи қоплаш тўғрисида ушбу Кодекснинг 283—289-моддаларига мувофиқ қабул қилинган қарор»;
26) 473-модданинг:
биринчи қисмидаги
 «ҳукмни эълон қилади» деган сўзлар «ҳукмнинг қарор қисмини эълон қилади» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин: 
«Агар ҳукм судланувчи билмайдиган ёки етарлича билмайдиган тилда баён қилинган бўлса, ҳукмнинг қарор қисми эълон қилингандан кейин, мазкур қисм таржимон томонидан судланувчининг она тилида ёки у тушунадиган бошқа тилда ўқиб эшиттирилиши керак».

4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 30 августда қабул қилинган 477—I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, 9-сонга илова; 2001 йил, № 1—2, 11-модда; 2004 йил, № 1—2, 18-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 8, 367-модда; 2008 йил, № 4, 185-модда; 2009 йил, 
№ 1, 1-модда, № 9, 332-модда; 2010 йил, № 6, 231-модда, № 9, 335-модда; 2011 йил, № 4, 104-модда) 19-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Агар суд фуқаролик ишини кўраётганида тарафларнинг ёки бошқа шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилади».

5-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 30 августда қабул қилинган 478—I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекси(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 9, 234-модда; 1998 йил, № 5—6, 102-модда; 2001 йил, № 1—2, 11-модда; 2002 йил, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 9—10, 149-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 7, 373-модда; 2007 йил, № 8, 367-модда; 2008 йил, № 9, 490-модда, № 12, 640-модда; 2009 йил, № 1, 1-модда; 2010 йил, № 6, 231-модда; 2011 йил, № 4, 104-модда) 152-моддасининг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Агар суд хўжалик низосини кўраётганида шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилади».

6-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти
И.КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,
2012 йил 18 сентябрь
№ ЎРҚ-335

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati