O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикасининг
Қ О Н У Н И


Рақобат тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 14 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2011 йил 5 декабрда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонун хўжалик юритувчи субъектлар, жисмоний шахслар, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва (ёки) ундан ташқарида содир этиладиган, Ўзбекистон Республикасидаги товар ва молия бозорларида рақобатнинг чекланишига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларига нисбатан татбиқ этилади.Ушбу Қонун интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқлар билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди, бундан ушбу Қонуннинг 13-моддасида назарда тутилган ҳаракатлар мустасно.Ушбу Қонуннинг қоидалари табиий монополиялар субъектларига нисбатан бу қоидаларнинг қўлланилиши мазкур субъектларнинг ўзига хос вазифалари бажарилишини чеклаб қўймайдиган ҳолатларда татбиқ этилади.

4-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

бир-бирининг ўрнини босадиган товарлар — ўзининг белгиланган вазифаси, қўлланилиши, сифат ва техник хусусиятлари, нархи ҳамда бошқа параметрлари бўйича таққосланиши мумкин бўлган шундай товарларки, уларни олувчи истеъмол қилиш чоғида бир товарни бошқасига ҳақиқатан ҳам алмаштиради ёки алмаштиришга тайёр бўлади;

инсофсиз рақобат — хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг иқтисодий фаолиятни амалга оширишда афзалликларга эга бўлишга қаратилган, қонун ҳужжатларига, иш муомаласи одатларига зид бўлган ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) зарар етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ёхуд уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлари;

иқтисодий концентрация — хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устунлигига олиб келадиган, товар ёки молия бозоридаги рақобатнинг ҳолатига таъсир кўрсатадиган битимлар тузиш ва (ёки) бошқа ҳаракатларни содир этиш;

иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш — хўжалик юритувчи субъектлар ҳаракатларини бундай хўжалик юритувчи субъектлардан бирортаси билан ҳам бир шахслар гуруҳига кирмайдиган юридик ёки жисмоний шахс билан келишиб олиш;

камситувчи шартлар (шароитлар) — товар ёки молия бозорига кириш, товарни ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш, олиш, реализация қилиш, ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш шартлари (шароитлари) бўлиб, улар бошқа тенг шартларда (шароитларда) битта ёки бир нечта хўжалик юритувчи субъектни ўзга хўжалик юритувчи субъект (рақобатчи) билан таққослаганда тенг бўлмаган ҳолатга солиб қўяди;

келишиб олинган ҳаракатлар — товар ёки молия бозорида икки ёки ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектнинг бозорнинг мазкур иштирокчиларидан ҳар бирининг манфаатларини қаноатлантирадиган ва улардан ҳар бирига олдиндан маълум бўлган, рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлари;

молия бозори — банклар ҳамда бошқа кредит, суғурта ва ўзга молия ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматнинг, шунингдек қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари хизматларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ёки унинг бир қисмидаги муомала доираси бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бўлинишига мос келмаслиги мумкин ва мазкур муомала доираси чегараларида бундай хизматни кўрсатиш имконияти мавжуд бўлади;

нотўғри таққослаш — рақобатчилар ёки бошқа шахслар томонидан тарқатиладиган, товар ёки молия бозорида айрим хўжалик юритувчи субъектга афзалликлар яратадиган ёхуд хўжалик юритувчи субъектни (рақобатчини) ёки рақобатчи ишлаб чиқарган товарни ёмонловчи ёлғон, ноаниқ ёки бузиб таққослаш;

рақобат — хўжалик юритувчи субъектларнинг (рақобатчиларнинг) мусобақалашуви бўлиб, бунда уларнинг мустақил ҳаракатлари улардан ҳар бирининг товар ёки молия бозоридаги товар муомаласининг умумий шарт-шароитларига бир томонлама тартибда таъсир кўрсатиш имкониятини истисно этади ёки чеклайди;

рақобатга қарши ҳаракатлар — рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида хўжалик юритувчи субъектлар учун ман этилган ҳаракатлар, шунингдек давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг рақобатни чеклашга қаратилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги);

товар — фаолиятнинг олиш ва реализация қилиш учун мўлжалланган маҳсули, шу жумладан ишлар ва хизматлар;

товар бозори — товарнинг (шу жумладан бир-бирининг ўрнини босадиган товарнинг) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ёки унинг бир қисмидаги муомала доираси бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бўлинишига мос келмаслиги мумкин ва мазкур муомала доираси чегараларида товарни олиш ёки реализация қилиш имконияти мавжуд бўлади;

хўжалик юритувчи субъект — товарларни ишлаб чиқариш, олиш ва реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс, шу жумладан чет эллик юридик шахс, хўжалик бошқаруви органи, шунингдек якка тартибдаги тадбиркор.

5-модда. Шахслар гуруҳи

Ягона (умумий) иқтисодий манфаатга эга бўлган шахслар йиғиндиси шахслар гуруҳи деб эътироф этилиб, уларга татбиқан қуйидаги бир ёки бир нечта шарт бажарилади:икки ва ундан ортиқ юридик шахснинг бири бевосита ёки билвосита, шунингдек ўзга шахслардан олган ваколатларига мувофиқ бошқа юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) эллик фоизидан ортиғига эгалик қилади;икки ва ундан ортиқ юридик шахсда айни бир жисмоний шахс, шунингдек унинг эри (хотини), ота-онаси (фарзандликка олувчилари), болалари (фарзандликка олинган болалари), туғишган ва ўгай ака-укалари ҳамда опа-сингиллари (бундан буён матнда яқин қариндошлари деб юритилади) ушбу юридик шахслардаги иштироки туфайли ёхуд бошқа шахслардан олган ваколатларига мувофиқ мазкур юридик шахслардан ҳар бирининг устав фондининг (устав капиталининг) эллик фоизидан ортиғига эга бўлади;икки ва ундан ортиқ юридик шахсда айни бир юридик шахс ушбу юридик шахсларда ўзининг иштироки туфайли ёхуд бошқа шахслардан олган ваколатларига мувофиқ мазкур юридик шахслардан ҳар бирининг устав фондининг (устав капиталининг) эллик фоизидан ортиғига эга бўлади;икки ва ундан ортиқ юридик шахснинг ижро этувчи органи таркибига айни бир жисмоний шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари киради;икки ва ундан ортиқ юридик шахснинг коллегиал ижро этувчи органи ва (ёки) кузатув кенгаши сон таркибининг эллик фоизидан ортиғини айни бир жисмоний шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари ташкил этади;икки ва ундан ортиқ юридик шахслардан бири қонун ҳужжатларига ёки ушбу юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларига ёхуд улар ўртасида тузилган шартномаларга асосан ушбу юридик шахсларга ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беришга ҳақли бўлади;икки ва ундан ортиқ юридик шахсда айни бир жисмоний шахс ёки айни бир юридик шахс қонун ҳужжатларига ва ушбу юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларига ёхуд улар билан тузилган шартномаларга асосан уларга ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беришга ҳақли бўлади.Ушбу Қонунда шахслар гуруҳига товар ёки молия бозорининг ягона субъекти сифатида қаралади.

6-модда. Устун мавқе

Устун мавқе товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолатидир.Товар бозорида қайси хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи товарининг улуши:1) эллик ва ундан ортиқ фоизни ташкил этса;2) ўттиз беш фоиздан эллик фоизгача ҳажмда бўлиб, бунда қуйидаги шартлар:хўжалик юритувчи субъектнинг товар бозоридаги улуши камида бир йил мобайнида барқарор бўлиб туриши;товар бозорида бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) тегишли улушларнинг нисбий миқдорда бўлиб туриши;ушбу бозорга янги хўжалик юритувчи субъектларнинг (рақобатчиларнинг) киришига имконият бўлиши шартлари белгиланган бўлса, шу хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг мавқеи устун мавқе деб эътироф этилади.Молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

7-модда. Товарнинг монопол юқори нархи

Товарнинг товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект томонидан белгиланадиган нархи, агар ушбу нарх:бундай товарни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун зарур бўлган харажатлар ҳамда фойда суммасидан юқори бўлса;асоссиз харажатларнинг ўрнини қоплашга ёки товарнинг сифатини пасайтириш натижасида қўшимча фойда олишга йўналтирилган бўлса, монопол юқори нархдир.Товарнинг нархи биржа савдолари якунларига кўра шаклланган тақдирда, у монопол юқори нарх деб эътироф этилмайди.Товарнинг молия бозоридаги монопол юқори нархи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аниқланади.

8-модда. Товарнинг монопол паст нархи

Товар бозорида сотувчи ёки сотиб олувчи сифатида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект томонидан товарнинг таннархидан паст даражада ва ушбу товарни сотишдан зарар келтирадиган даражада белгиланадиган, натижада рақобатнинг чекланишига олиб келадиган нарх товарнинг монопол паст нархидир.Товарнинг молия бозоридаги монопол паст нархи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аниқланади.

9-модда.    Товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги ваколатли орган

Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари (бундан буён матнда монополияга қарши орган деб юритилади) товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги ваколатли органдир.Монополияга қарши орган товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги, хўжалик юритувчи субъектларнинг рақобатга қарши ҳаракатларини, инсофсиз рақобатини чеклаш ва уларнинг олдини олишга ҳамда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ғайриқонуний ҳаракатларига йўл қўймасликка қаратилган давлат сиёсатини амалга оширади.

2-боб. Рақобатга қарши ҳаракатлар

10-модда. Устун мавқени суиистеъмол қилиш

Хўжалик юритувчи субъектнинг пировард натижада рақобатни чеклашга ва (ёки) бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлари, шу жумладан қуйидаги ҳаракатлари:
муомалада бўлган товарларнинг ҳажмини товар ёки молия бозорида тақчилликни келтириб чиқариш ёки сақлаб туриш мақсадида нархларнинг ошишига олиб келадиган тарзда қисқартириши;
товарнинг монопол юқори ёки монопол паст нархларини белгилаши;
шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни, шу жумладан молиявий маблағларни, бошқа мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни ўзга шахсга ўтказишга доир асоссиз талабларни, шунингдек рақобатнинг чекланишига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатларни содир этиш талабларини мажбуран қабул қилдириши; 
шартномага камситувчи шартларни киритиши, хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқа хўжалик юритувчи субъектлар (рақобатчилар) томонидан ишлаб чиқариладиган товарларни олишини ёки реализация қилишини тақиқлаши ёхуд чеклаши;
контрагент томонидан бошқа товарларни олиш ёки реализация қилиш ёхуд контрагентнинг товарларни ўзга хўжалик юритувчи субъектлардан олишдан ёки бошқа хўжалик юритувчи субъектларга реализация қилишдан ўзини тийиши шарти билангина шартнома тузишга розилик бериши;
тегишли товарни ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш имконияти бўла туриб, шартнома тузишдан асоссиз равишда бош тортиши;
товар ёки молия бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришига тўсиқлар қўйиши товар ёки молия бозорида устун мавқени суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади. 

11-модда. Хўжалик юритувчи субъектларнинг рақобатни чеклайдиган келишиб олинган ҳаракатлари ва битимларини тақиқлаш

Товар ёки молия бозорида ўзаро рақобатлашаётган хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан потенциал рақобатчилар бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар, агар бундай келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар:
сунъий равишда нархлар, тарифлар, чегирмалар, устамалар, қўшимча тўловларни ёки устама нархларни белгилашга ёки сақлаб туришга;
нархларни сунъий равишда оширган ёки пасайтирган ҳолда эркин бозор нархларининг қарор топишига тўсқинлик қилишга;
ишлаб чиқариш устидан, маҳсулот сотиш бозорлари ва капитал қўйилмалар устидан назорат ўрнатишга;
таклиф ҳажмини сунъий равишда ўзгартириш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмларини келишиб олишга;
шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни, шу жумладан молиявий маблағларни, бошқа мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни ўзга шахсга ўтказишга доир асоссиз талабларни, шунингдек рақобатни чекловчи бошқа ҳаракатларни содир этиш талабларини мажбуран қабул қилдиришга;
аукционларда, биржаларда ва бошқа савдоларда нархларни оширишга, пасайтиришга ёки сақлаб туришга;
шартномага камситувчи шартларни киритишга;
тегишли бозорни ҳудудий принцип бўйича, реализация қилиш ёки харидлар ҳажми бўйича, товарларнинг хиллари бўйича ёхуд товарларни сотувчилар ёки сотиб олувчилар, товар буюртмачилари доираси бўйича бўлиб олишга;
бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг тегишли товарларни сотувчилар ёки сотиб олувчилар, товар буюртмачилари сифатида бозорга киришини чеклашга ёки уларни бозордан четлаштиришга ёхуд хўжалик юритувчи субъектларни муайян товарлар бозорига қўймасликка олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса, тақиқланади.
Бири товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган, бошқаси эса сотувчи ёки сотиб олувчи бўлган, ўзаро рақобатлашмаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг келишиб олинган ҳаракатлари ва битимларига, агар бундай келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар пировард натижада рақобатни чеклаб қўйса ёхуд чеклаб қўйиши мумкин бўлса, шу жумладан:
сотувчининг ёки сотиб олувчининг ҳудудни ёки сотиб олувчилар доирасини товарни кейинчалик қайта сотиш мақсадида мустақил белгилашини чеклайдиган;
товарларни қайта сотиш учун нархларга чекловлар белгилайдиган;
хўжалик юритувчи субъектларга бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқариладиган товарларни реализация қилишни тақиқлайдиган келишиб олинган ҳаракатлари ва битимларига йўл қўйилмайди. Ушбу тақиқ товарларни товар белгиси, фирма номи ва сотувчининг интеллектуал мулк объектларига бўлган бошқа мутлақ ҳуқуқлари орқали реализация қилишни сотиб олувчи томонидан ташкил этиш тўғрисидаги битимларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг хўжалик юритувчи субъектлар иқтисодий фаолиятини мувофиқлаштириши, агар бундай мувофиқлаштириш ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган оқибатларга олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса, тақиқланади.
Рақобатни чеклайдиган келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларни аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

12-модда. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва юридик шахслар бирлашмаларининг рақобатни чеклайдиган ҳужжатлари ҳамда ҳаракатларини тақиқлаш 

Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг:
фаолиятнинг бирор бир соҳасида янги хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этишга чекловлар жорий этиши, шунингдек фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишни ёки муайян товарлар ишлаб чиқаришни ман этиши, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно;
шартномалар тузишда устунлик бериш, сотиб олувчиларнинг муайян доирасига товарларни биринчи навбатда реализация қилиш, молиявий маблағларнинг манбаларини танлаш ва улардан фойдаланиш йўналишларининг афзаллиги тўғрисида хўжалик юритувчи субъектга кўрсатмалар бериши, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно;
айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериши;
хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиши, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятига оқибатда рақобат чекланиши мумкин бўлган тарзда аралашиши;
ўз вазифаларини хўжалик юритувчи субъектларнинг вазифалари билан қўшиб бажариши;
айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти учун бошқа камситувчи ёки имтиёзли шартлар (шароитлар) белгилаши тақиқланади.
Алоҳида ҳолларда, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари табиий офатлар, ҳалокатларнинг оқибатларини тугатиш ҳамда эпидемияларнинг олдини олиш мақсадида ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган ҳужжатлар қабул қилиши ва ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.
Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва юридик шахслар бирлашмаларининг товар ёки молия бозорининг нормал фаолият кўрсатишига, рақобатни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситувчи ҳаракатларига, шу жумладан:
нархларни ёки тарифларни оширишга, пасайтиришга, сақлаб туришга;
тегишли бозорни ҳудудий принцип бўйича, реализация қилиш ёки харидлар ҳажми бўйича, товарларнинг хиллари бўйича ёхуд товарларни сотувчилар ёки сотиб олувчилар, товар буюртмачилари доираси бўйича бўлиб олишга;
хўжалик юритувчи субъектларнинг бозорга киришини чеклашга ёки уларни бозордан четлатишга олиб келадиган келишиб олинган ҳаракатлари ва битимларига йўл қўйилмайди.
Юридик шахслар бирлашмаларининг хўжалик юритувчи субъектлар иқтисодий фаолиятига пировард натижада рақобатни чеклаб қўядиган ёки чеклаб қўйиши мумкин бўлган тарзда аралашиши тақиқланади.

13-модда. Инсофсиз рақобатни тақиқлаш

Инсофсиз рақобат, шу жумладан:
бошқа хўжалик юритувчи субъектга зарар келтириши ёки унинг ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган нотўғри таққослашлар;
юридик шахснинг интеллектуал фаолияти натижаларидан ва уларга тенглаштирилган индивидуаллаштириш воситаларидан, товарни индивидуаллаштириш воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдаланган ҳолда товарни реализация қилиш;
товарнинг хусусияти, ишлаб чиқариш усули ва жойи, истеъмол хоссалари, нархи, сифати, ишлаб чиқарувчининг (бажарувчининг) кафолат мажбуриятлари хусусида истеъмолчиларни чалғитиш, хўжалик юритувчи субъект (рақобатчи) томонидан ишлаб чиқарилаётган товарни унинг ташқи безатилишини, номини, тамғаланишини, товар белгисини ва юридик шахсни индивидуаллаштиришнинг бошқа воситасини такрорлаш, реклама материалларидан, товарнинг фирма ўрови ва шаклидан нусха кўчириш орқали қалбакилаштириш;
фан-техникага, ишлаб чиқаришга ёки савдога оид ахборотни, шу жумладан тижорат сирини эгасининг розилигисиз олиш, ундан фойдаланиш, уни ошкор этиш; 
товар ёки молия бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектнинг киришига тўсиқ қўйиш тақиқланади.
Юридик шахсни индивидуаллаштириш воситаларига, товарни индивидуаллаштириш воситаларига бўлган мутлақ ҳуқуқни олиш билан боғлиқ инсофсиз рақобатга йўл қўйилмайди.
Монополияга қарши органнинг ушбу модда иккинчи қисмининг товар белгисига бўлган мутлақ ҳуқуқни олиш хусусидаги қоидалари бузилганлигини эътироф этиш тўғрисида чиқарган қарори товар белгисига ҳуқуқий муҳофаза бериш ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш учун манфаатдор шахс томонидан интеллектуал мулк бўйича ваколатли органга ёки судга юборилади.

3-боб.  Савдоларни ва иқтисодий концентрацияни монополияга қарши тарзда тартибга солиш

14-модда.  Танлов (тендер) савдоларига доир монополияга қарши талаблар

Танлов (тендер) савдоларини ўтказишда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан қуйидагилар тақиқланади: 
савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш;
савдоларнинг ташкилотчилари ва (ёки) буюртмачилари томонидан савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
хўжалик юритувчи субъектлардан савдоларда қатнашиш учун ҳужжатларни қабул қилишни асоссиз равишда рад этиш;
савдолар иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш;
савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш, шу жумладан ахборотдан фойдаланиш орқали имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
товарнинг аниқ ишлаб чиқарувчисини кўрсатиш, бундан товарларнинг мос келмаслиги ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳоллар мустасно.
Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган монополияга қарши талабларнинг бузилиши танлов (тендер) савдоларининг қарорларини ва шу савдолар натижалари бўйича тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади.

15-модда.  Биржа савдоларига доир монополияга қарши талаблар

Биржа савдоларини ўтказишда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан:
биржа савдоларини ўтказиш жараёнига таъсир кўрсатадиган ҳаракатлар, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
биржа савдолари иштирокчиларининг келишиб олинган ҳаракатлари натижасида жорий биржа нархларининг кескин кўтарилишига ёки қатъий белгиланишига олиб келадиган ҳаракатлар;
биржа савдоларида талабнинг ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин бўлган ёлғон маълумотларни тарқатиш билан боғлиқ ҳаракатлар тақиқланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган монополияга қарши талабларнинг бузилиши биржа савдолари натижалари бўйича тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади.

16-модда.  Хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш, қўшиб юбориш ва қўшиб олишга доир монополияга қарши талаблар

Монополияга қарши орган қуйидагиларга олдиндан розилик беради:
хўжалик юритувчи субъектларнинг бирлашмаларини ташкил этишга;
хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга.
Агар тегишли битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати энг кам иш ҳақининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёки уларнинг қўшиб юборилган ёки қўшиб олинган йилдан олдинги охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми энг кам иш ҳақининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд улардан бири товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса, хўжалик юритувчи субъектларни товар бозорида қўшиб юбориш ва қўшиб олиш учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олиниши зарур. 
Агар хўжалик юритувчи субъектлар активларининг жами баланс қиймати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдордан ортиб кетса ёки ушбу хўжалик юритувчи субъектлардан бири устун мавқени эгаллаб турган бўлса, уларни молия бозорида қўшиб юбориш ва қўшиб олиш учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олиниши зарур. 
Ушбу модданинг талаблари хўжалик юритувчи субъектлар бирлашмаларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра ташкил этилиши ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.

17-модда. Акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларни олишда монополияга қарши талаблар

Устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимлар, агар бу битимларни тузиш пайтида тегишли битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олган жами тушуми энг кам иш ҳақининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд битим иштирокчиларидан бири устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса, монополияга қарши органнинг қуйидагиларга нисбатан олдиндан розилиги бўлган тақдирда тузилади:
шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан акциядорлик жамияти акцияларини олишга нисбатан, агар бундай шахс ёки шахслар гуруҳи ушбу олишга қадар мазкур акциядорлик жамиятининг акцияларини тасарруф этмаган бўлса ёки мазкур акциядорлик жамиятининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг ўттиз беш фоизидан камини тасарруф этган бўлса, бунда ана шу шахс ёки шахслар гуруҳи устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг ўттиз беш ва ундан ортиқ фоизини тасарруф этиш ҳуқуқини олади;
масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушнинг кўпи билан эллик фоизини тасарруф этувчи шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан ушбу жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларни олишига нисбатан, бунда ана шу шахс ёки шахслар гуруҳи мазкур улушларнинг эллик фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олади;
шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан акциядорлик жамиятининг акцияларини олишга нисбатан, агар бундай шахс ёки шахслар гуруҳи ушбу олишга қадар мазкур акциядорлик жамиятининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг камида ўттиз беш фоизини ва кўпи билан эллик фоизини тасарруф этган бўлса, бунда ана шу шахс ёки шахслар гуруҳи устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг эллик фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олади;  
шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни олишга нисбатан, агар бундай шахс ёки шахслар гуруҳи ушбу олишга қадар ушбу жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларнинг камида эллик фоизини ва кўпи билан учдан икки қисмини тасарруф этган бўлса, бунда ана шу шахс ёки шахслар гуруҳи ушбу улушларнинг учдан икки қисмидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олади;
шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан акциядорлик жамиятининг акцияларини олишга нисбатан, агар бундай шахс ёки шахслар гуруҳи ушбу олишга қадар мазкур акциядорлик жамиятининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг камида эллик фоизини ва кўпи билан етмиш беш фоизини тасарруф этган бўлса, бунда ана шу шахс ёки шахслар гуруҳи акцияларнинг етмиш беш фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олади.   
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартлар жисмоний шахс томонидан тузиладиган битимларга нисбатан татбиқ этилади, бунда жисмоний шахс, агар у ариза билан мурожаат этган пайтда бирор бир хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг (улушларнинг) камида ўттиз беш фоизини тасарруф этган бўлса, устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) тасарруф этиш ҳуқуқини олади. 
Ушбу модданинг талаблари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
хўжалик юритувчи субъектни ташкил этишда унинг муассисларига, бундан молия-саноат гуруҳларини, холдинг компанияларини ташкил этиш ҳоллари мустасно;
хўжалик юритувчи субъект ўз акцияларини олганда;
акциядорлик жамияти ўз устав фондининг (устав капиталининг) миқдорини сақлаб қолган ҳолда бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга ўзгартирилганда;
устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар) ишончли бошқарувга берилганда, шунингдек акциялар (улушлар) кейинчалик қайта сотиш мақсадида инвестиция воситачилари томонидан олинганда;
устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар) хўжалик юритувчи субъект томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ олинганда.
Молия ташкилотлари иштирок этаётган устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимлар тузиш устидан назорат, агар битимда иштирок этаётган молия ташкилотларининг активлари жами баланс қиймати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдордан ошса, амалга оширилади. 
Кредит ва бошқа молия ташкилотлари иштирокчилар бўлган устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларни олишга доир битимларни кўриб чиқиш ҳамда бундай битимларни тузиш учун олдиндан розилик олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

18-модда.  Олдиндан розилик олиш тартиби

Хўжалик юритувчи субъектларнинг бирлашмаларини ташкил этишга, хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишга, қўшиб олишга доир ҳаракатларни амалга оширишда ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимлар тузишда шахслар ёки шахслар гуруҳлари бу ҳаракатлар содир этилгунига (битимлар тузилгунига) қадар монополияга қарши органга:
ҳаракатларни содир этишга (битимлар тузишга) олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризани;
юридик шахс учун — барча ўзгартишлар ҳисобга олинган таъсис ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини ёки жисмоний шахс учун — аризачининг паспортига оид маълумотларни (ҳужжатнинг серияси ва рақами, берилган санаси ва жойи, ҳужжатни берган орган);
аризачи ариза берган кундан олдинги икки йил мобайнида ёхуд агар фаолият икки йилдан камроқ муддатни ташкил этса, фаолият амалга оширилган муддат мобайнида олиб борган фаолият турлари, ишлаб чиқарган ва реализация қилган товар турларининг номлари ҳамда уларнинг ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни;
ўтган икки календарь йилга доир молиявий ва статистика ҳисоботини; 
шахслар гуруҳининг таркиби тўғрисидаги, бу шахсларнинг ушбу гуруҳга кириш асослари кўрсатилган маълумотларни ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича кўриб чиқилаётган битимларга тааллуқли бошқа ахборотни тақдим этади.
Монополияга қарши орган зарур ҳужжатлар ва маълумотлар олинган пайтдан эътиборан ўн календарь кундан кечиктирмай аризачига қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма шаклда хабар қилади. Акцияларнинг (улушларнинг) айни бир туркумини олишга олдиндан розилик олиш учун шахслар ёки шахслар гуруҳлари бир вақтнинг ўзида мурожаат этган тақдирда, монополияга қарши органнинг қарори аризачиларга айни бир кунда етказилади. Зарур ҳолларда, агар монополияга қарши органда ҳаракат (битим) рақобатнинг чекланишига олиб келади ёки олиб келиши мумкин, шу жумладан товар ёки молия бозорида устун мавқенинг вужудга келиши ёхуд кучайиши орқали рақобатнинг чекланишига олиб келади ёки олиб келиши мумкин деб тахмин қилиш учун асослар пайдо бўлса, аризани кўриб чиқиш муддати бир ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Монополияга қарши орган, агар:
ҳаракатларни содир этишга (битимлар тузишга) олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризанинг қаноатлантирилиши товар ёки молия бозорида тегишли хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келишига ёки кучайишига ва (ёки) рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлса;
тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишда уларда баён этилган ахборотнинг ишончсизлиги ёки ёлғонлиги аниқланса, аризачига олдиндан розилик беришни рад этишга ҳақли.
Монополияга қарши орган ҳаракатларни содир этишга (битимлар тузишга) олдиндан розилик беришга ва буни рақобатни таъминлашга қаратилган талабларни бажаришга боғлиқ қилиб қўйишга ҳақли. Бунда мазкур талаблар, шунингдек уларни бажариш муддатлари монополияга қарши органнинг хўжалик юритувчи субъектлар бирлашмаларини ташкил этишга, хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш, қўшиб олиш ҳамда устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларни олиш бўйича битимлар тузишга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги қарорида кўрсатилиши керак. Мазкур ҳаракатларнинг содир этилиши (битимлар тузилиши) товар ёки молия бозорида тегишли хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келишига ёки кучайишига ва (ёки) рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлган тақдирда, бу ҳаракатларни содир этиш (битимлар тузиш) тўғрисида қарор қабул қилган юридик ва (ёки) жисмоний шахслар монополияга қарши органнинг талабига кўра рақобатнинг зарур шарт-шароитларини тиклаш чора-тадбирларини кўриши шарт.
Монополияга қарши орган товар ёки молия бозорида ҳатто хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келиши ёки кучайиши ва (ёки) рақобатнинг чекланиши, нохуш оқибатлар юз бериши мумкин бўлган тақдирда ҳам, агар хўжалик юритувчи субъектларнинг бирлашмаларини ташкил этиш, хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ҳамда бошқа мулкий ҳуқуқларни олиш бўйича битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик ва (ёки) жисмоний шахслар ўз ҳаракатлари (битимлари) истеъмолчиларга сезиларли даражада наф келтиришини исботлаб берса, ҳаракатларни содир этиш (битимлар тузиш) учун олдиндан розилик бериш ҳақидаги аризани қаноатлантиришга ҳақли.
Монополияга қарши органнинг олдиндан берилган розилигисиз содир этилган, товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келишига ёки кучайишига ва (ёки) рақобатнинг чекланишига олиб келадиган ҳаракатлар (тузилган битимлар) суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

19-модда. Жисмоний шахснинг хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқарув органларидаги иштироки 

Жисмоний шахс товар ёки молия бозоридаги активларининг жами баланс қиймати охирги ҳисобот даврининг сўнгги ҳолатига кўра энг кам иш ҳақининг юз минг бараваридан ортиқ бўлган ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олган жами тушуми энг кам иш ҳақининг юз минг бараваридан ортиқ бўлган ёхуд хўжалик юритувчи субъектлардан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган икки ва ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектнинг ижро этувчи органларида ёки кузатув кенгашларида иштирок этган тақдирда, мазкур жисмоний шахс ижро этувчи органларга ёки кузатув кенгашларига тайинланганидан ёхуд сайланганидан кейин ўн беш календарь кун ичида монополияга қарши органни бу ҳақда хабардор қилиши керак. Бунда хўжалик юритувчи субъектлар шу муддат давомида монополияга қарши органга жорий йилдаги даврда ва жисмоний шахс уларнинг ижро этувчи органи ёки кузатув кенгаши таркибига тайинланган ёхуд сайланган йилдан олдинги йилда ишлаб чиқарилган ҳамда реализация қилинган товарларнинг турлари ва ҳажмлари тўғрисида ахборот тақдим этади.
Агар монополияга қарши орган ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда жисмоний шахснинг хўжалик юритувчи субъектларнинг ижро этувчи органларидаги ёки кузатув кенгашларидаги иштироки рақобатни чеклаётганлигини аниқласа, у ҳолда монополияга қарши орган рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

20-модда.  Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш

Товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этиш юзасидан илгари қўлланилган чоралар самарасиз бўлган тақдирда, монополияга қарши орган хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш ҳақидаги даъво билан судга мурожаат этади, бўлиш ёки ажратиб чиқариш хўжалик юритувчи субъект негизида икки ёхуд бир нечта алоҳида хўжалик юритувчи субъектни ташкил этиш орқали амалга оширилади.
Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш қуйидаги шартларнинг барчаси жам бўлганда амалга оширилиши мумкин:
бўлинаётган ёки ажратиб чиқарилаётган таркибий бўлинмаларнинг ташкилий ва ҳудудий жиҳатдан ажралиб чиқиш имконияти мавжуд бўлганда;
унинг таркибий бўлинмалари ўртасида ўзаро узвий технологик боғланиш мавжуд бўлмаганда;
бўлиш ёки ажратиб чиқариш натижасида ташкил топган таркибий бўлинмаларнинг товар ёки молия бозорида мустақил фаолият кўрсатиш имконияти мавжуд бўлганда.

4-боб. Монополияга қарши орган

21-модда.  Монополияга қарши органнинг ваколатлари 

Монополияга қарши орган:
товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;
хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг товар ёки молия бозорида устун мавқеи мавжудлигини аниқлайди;
Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритади;
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан, шу жумладан танлов (тендер) ва биржа савдоларини ўтказишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишларини аниқлайди, улар бўйича ишлар қўзғатади ва уларни кўриб чиқади;
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги иш юзасидан, шу жумладан хўжалик юритувчи субъектлардан рақобатга қарши ҳаракатлар натижасида асоссиз равишда олинган даромадни (фойдани) олиб қўйиш ва жарима солиш ҳақида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор қабул қилади;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хўжалик юритувчи субъектларга, давлат бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларини бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун хўжалик юритувчи субъектларни, давлат бошқаруви органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, уларнинг мансабдор шахсларини ва бошқа жисмоний шахсларни тегишли жавобгарликка тортади;
лицензиялашни жорий этиш ёки бекор қилиш тўғрисида, божхона тарифларини ўзгартириш тўғрисида, квоталарни жорий этиш ёки бекор қилиш ҳақида, шунингдек солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича имтиёзлар бериш, имтиёзли кредитлар бериш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турларини татбиқ этиш ёхуд уларни бекор қилиш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритади;
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги билан боғлиқ жиноят аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги масалани ҳал қилиш учун материалларни тегишли органларга юборади;
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қўлланилиши ва бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судда кўриб чиқилишида иштирок этади;
хўжалик юритувчи субъектлар, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширишлар ўтказади;
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган хўжалик юритувчи субъектлар, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг реестрини юритади ва эълон қилади;
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қўлланилиши масалалари юзасидан ўз ваколатлари доирасида тушунтиришлар беради.
Монополияга қарши орган рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳақидаги, шу жумладан:
давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва юридик шахслар бирлашмаларининг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига бутунлай ёки қисман мувофиқ бўлмаган ҳужжатларини ва ҳаракатларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги;
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган битимларни (шартномаларни) ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги;
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган битимларни (шартномаларни) бутунлай ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги;
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги натижасида олинган даромадни (фойдани) белгиланган тартибда ундириш ҳақидаги;
ушбу Қонуннинг 14 ва 15-моддаларида назарда тутилган асосларга кўра савдоларни ва мазкур савдолар натижасида тузилган битимларни (шартномаларни) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги;
хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисидаги;
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш ҳақидаги аризалар билан судга мурожаат қилади.
Монополияга қарши орган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

22-модда.    Ахборот олиш ҳуқуқи

Монополияга қарши органнинг мансабдор шахслари рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳақидаги аризалар ва ишларни кўриб чиқиш, шунингдек рақобатнинг ҳолатини аниқлаш учун белгиланган тартибда хўжалик юритувчи субъектнинг ҳужжатларини, ахборотини олиш ва унинг ҳудудига кириш ҳуқуқига эга.

23-модда.  Монополияга қарши органга ахборот тақдим этиш

Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг мансабдор шахслари монополияга қарши органнинг талабига кўра унга зарур ҳужжатларни ва ахборотни белгиланган тартибда текин тақдим этиши шарт.

24-модда. Тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг монополияга қарши орган томонидан ошкор этилишини тақиқлаш

Монополияга қарши орган ушбу Қонунга мувофиқ ўзига берилган ваколатларни амалга ошириши муносабати билан маълум бўлиб қолган тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас. 
Монополияга қарши органнинг ходимлари тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ошкор этилиши натижасида етказилган зарар учун жавобгар бўлади. Хўжалик юритувчи субъектга етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши керак.

5-боб.     Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

25-модда.    Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш оқибатлари


Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган тақдирда:
монополияга қарши органнинг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш ҳақидаги кўрсатмасини белгиланган муддатда бажариши;
етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши;
жарима тўлаши шарт.

26-модда.    Етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

Давлат бошқаруви органи, маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузувчи ҳужжат қабул қилинганлиги натижасида хўжалик юритувчи субъектга ёхуд бошқа шахсга етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши керак.
Агар давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва улар мансабдор шахсларининг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузувчи ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли хўжалик юритувчи субъектга ёхуд бошқа шахсга зарар етказилган бўлса, у ҳолда мазкур зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши лозим.

27-модда.    Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарималар

Монополияга қарши орган рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қуйидаги бузиш ҳоллари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жарима солади:
1) хўжалик юритувчи субъектларнинг рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган келишиб олинган ҳаракатлари ва битимлари учун, шунингдек товар ёки молия бозоридаги устун мавқеини суиистеъмол қилганлик учун:
юридик шахс бўлган хўжалик юритувчи субъектларга — товар ёки молия бозорида қоидабузарлик содир этишнинг бутун даврида товарни реализация қилишдан олинган тушум суммасининг бир фоизидан икки фоизигача бўлган миқдорда, бироқ энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан кўп бўлмаган миқдорда; 
жисмоний шахс бўлган хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда; 
2) хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишда, қўшиб олишда ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ҳамда бошқа мулкий ҳуқуқларни олиш бўйича битимлар тузиш чоғида рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қуйидаги миқдорларда:
юридик шахс бўлган хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам иш ҳақининг етмиш бараваридан юз бараваригача миқдорда;
жисмоний шахс бўлган хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда;
3) рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларини тугатиш ҳақидаги, дастлабки ҳолатни тиклаш тўғрисидаги кўрсатмаларни ижро этишдан бўйин товлаганлик ёки ўз вақтида ижро этмаганлик учун:
давлат бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва юридик шахс бўлган хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам иш ҳақининг етмиш бараваридан юз бараваригача миқдорда;
жисмоний шахс бўлган хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда;
4) монополияга қарши органга ахборотни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик учун давлат бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳамда юридик шахс бўлган хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда;
5) танлов (тендер) ёки биржа савдоларига доир монополияга қарши талабларни бузганлик учун юридик шахс бўлган хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам иш ҳақининг икки юз баравари миқдорида.  

28-модда.    Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарималар солиш тартиби

Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарималар солиш суд томонидан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор бўлган ҳамда жаримани ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда эса, монополияга қарши орган томонидан амалга оширилади. 
Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарима монополияга қарши органнинг жарима солинганлиги тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тўланади.
Агар рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйган юридик ёки жисмоний шахс жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг дарҳол ижро этилиши ўзининг молиявий ҳолатини ёмонлаштириши мумкинлигини исботлаб берса, монополияга қарши орган мазкур шахсга жаримани белгиланган тартибда кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконини беришга ҳақли.
Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун хўжалик юритувчи субъектнинг охирги ҳисобот санасидаги жорий активлари жами баланс қиймати суммасининг йигирма фоизидан ортиқ миқдорда жарима ундириш монополияга қарши орган томонидан мазкур субъектга ундириладиган суммани ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ой мобайнида кечиктириб ёки ойма-ой бўлиб тўлаш имкони берилган ҳолда амалга оширилади. 
Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарима тўлаш монополияга қарши органнинг қарорини (кўрсатмасини) ижро этиш ёки рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятидан озод қилмайди.
Рақобатни чекловчи ва рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ йўл қўйиб бўлмайдиган битимлар тузганлиги ҳамда келишиб олинган ҳаракатлар содир этганлиги ҳақида монополияга қарши органга биринчи бўлиб ихтиёрий равишда маълум қилган шахс ушбу қоидабузарлик учун жарима тўлашдан озод қилинади. 

6-боб.     Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишларни қўзғатиш ва кўриб чиқиш. Монополияга қарши органнинг қарори ва кўрсатмасини ижро этиш ҳамда бундай қарор ва кўрсатма устидан шикоят бериш 

29-модда.     Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишларни қўзғатиш ва кўриб чиқиш

Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишларни қўзғатиш ва кўриб чиқиш монополияга қарши орган томонидан амалга оширилади. 
Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишларни қўзғатиш ва кўриб чиқиш учун монополияга қарши органнинг ўз текширувлари, ўрганишлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аризалари ҳамда тегишли органларнинг тақдимномалари асос бўлади. 
Давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахслари томонидан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳақидаги ишларни монополияга қарши орган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ кўриб чиқади. 

30-модда.   Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишда иштирок этувчи шахслар

Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишда иштирок этувчи шахслар қуйидагилардир: 
ўзига нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақида иш юритилаётган шахс;
юридик ва (ёки) жисмоний шахсларнинг вакили;
гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва бошқа манфаатдор шахслар.
Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишда иштирок этувчи шахслар иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан иш материаллари билан танишиб чиқишга, бундан давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар мустасно, улардан кўчирмалар олишга, оғзаки ва ёзма тушунтиришлар беришга, далиллар тақдим этишга ва уларнинг текширилишида иштирок этишга, ишда иштирок этаётган бошқа шахсларга саволлар беришга, илтимосномалар киритишга ҳамда ишда иштирок этаётган бошқа шахсларнинг илтимосномалари ва важларига қарши эътирозлар билдиришга ҳақли. 

31-модда.     Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишларни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби

Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги иш қўзғатилган кундан эътиборан бир ойлик муддат ичида кўриб чиқилади. Алоҳида ҳолларда, ишнинг мураккаблигига қараб, мазкур муддат кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин. 
Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишни кўриб чиқиш кейинга қолдирилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин. Ишни кўриб чиқишни кейинга қолдириш, тўхтатиб туриш ва тиклаш тўғрисида монополияга қарши орган тегишли ажрим чиқаради, мазкур ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади. 
Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишларни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. 

32-модда.     Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги иш юзасидан монополияга қарши органнинг қарори 

Монополияга қарши орган рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишни моҳиятан кўриб чиқиш натижалари бўйича:  
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилганлиги факти аниқланиши ва тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини кўрилиши ҳақида;
иш юритишни тугатиш ҳақида қарор қабул қилади.
Монополияга қарши орган:
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тасдиқланмаган тақдирда;
ўзига нисбатан иш юритилаётган юридик шахс тугатилган ёки жисмоний шахс вафот этган тақдирда;
монополияга қарши орган кўриб чиқаётган рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги иш юзасидан суд томонидан қарор қабул қилинган тақдирда, рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишни юритишни тугатади. 
Монополияга қарши органнинг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги иш юзасидан қарори дарҳол эълон қилиниши лозим.
Монополияга қарши органнинг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги иш юзасидан қарорига асосан, ўзига нисбатан қарор қабул қилинган шахсга кўрсатма берилади. 

33-модда.     Монополияга қарши органнинг кўрсатмасини ижро этиш

Монополияга қарши органнинг кўрсатмаси унда белгиланган муддатда ижро этилиши лозим. Кўрсатмани муддатида ижро этмаганлик ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади. 
Монополияга қарши органнинг кўрсатмасини унда белгиланган муддатда ижро этмаганлик деганда кўрсатмани ижро этишни рад қилиш ёки қисман ижро этиш ёхуд ўз вақтида ижро этмаслик тушунилади. 
Монополияга қарши орган томонидан кўрсатма берилган шахслар кўрсатмани ижро этиш муддатини узайтириш тўғрисида илтимоснома бериши мумкин. Илтимосномада кўрсатилган ҳолат узрли деб топилган тақдирда, монополияга қарши орган кўрсатмани ижро этиш муддатини узайтиришга ҳақли. 
Монополияга қарши орган ўз кўрсатмалари ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.

34-модда.     Монополияга қарши органнинг қарори (кўрсатмаси) устидан шикоят бериш 

Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишда иштирок этувчи шахслар монополияга қарши органнинг қароридан (кўрсатмасидан) норози бўлган тақдирда, қарорни бутунлай ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга ёхуд қарорни (кўрсатмани) бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги ариза билан юқори турувчи монополияга қарши органга мурожаат қилишга ҳақли.
Ариза берилганлиги монополияга қарши органнинг қарори (кўрсатмаси) ижросини ариза кўриб чиқиладиган вақт мобайнида тўхтатиб туради. 

35-модда.     Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати 

Ўз уставларига мувофиқ рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш ва истеъмолчиларнинг манфаатларини рақобатга қарши ҳаракатлардан ҳимоя қилиш мақсадига эга бўлган жамоат бирлашмалари рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга ҳақли.

36-модда.    Низоларни ҳал этиш

Товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

37-модда.     Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

38-модда.    Айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш 

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
1) Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 27 декабрда қабул қилинган «Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида»ги 
355–I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 2, 54-модда);
2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 27 декабрда қабул қилинган «Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида»ги 356–I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 2, 55-модда);
3) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 832–I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 9, 229-модда) XIX бўлими;
4) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 15 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги 175–II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, № 1–2, 23-модда) I бўлимининг 18-банди
5) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–59-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 10, 536-модда) 15-моддаси.

39-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

40-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти
И.КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,
2012 йил 6 январь
№ ЎРҚ-319

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati