O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикасининг
Қ О Н У Н И


«Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 14 ноябрда қабул қилинган 
Сенат томонидан 2011 йил 5 декабрда маъқулланган

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил  21 сентябрда қабул қилинган «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги ЎРҚ–55-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 9, 497-модда; 2008 йил, № 12, 640-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 3-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Қуйидагилар солиқ маслаҳати ҳисобланмайди:
ўз ваколатларини амалга ошириш доирасида давлат солиқ хизмати органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат органлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тушунтириш;
солиқ солиш масалалари бўйича адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатиш;
аудиторлик ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг солиқ солиш бўйича консалтинг ҳамда бошқа хизматлари»;
2) 5-модда:
иккинчи хатбошисидаги «(бундан буён матнда солиқ солиш масалалари деб юритилади)» деган сўзлар чиқариб ташлансин; 
учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«солиқ ҳисоботини тузишда мижозга (ишонч билдирувчига) ёрдам кўрсатишни»;
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектларни аниқлашни ҳамда уларнинг ҳисобини юритишни»;
тўртинчи хатбошиси бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
3) 6-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг фуқаролик жавобгарлиги суғурта полисининг мавжудлиги солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузишнинг мажбурий шартидир»;
4) қуйидаги мазмундаги 61-модда билан тўлдирилсин:

«61-модда. Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома

Солиқ маслаҳатига доир фаолият солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ва мижоз (ишонч билдирувчи) ўртасида тузилган солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида амалга оширилади. 
Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномани тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мижоз (ишонч билдирувчи) билан унинг яшаш жойи ва жойлашган еридан (почта манзилидан) қатъи назар солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузишга ҳақли.
Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг муҳим шартлари қуйидагилардан иборат:
солиқ маслаҳатининг предмети;
солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш муддатлари;
солиқ маслаҳати бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўланадиган ҳақнинг миқдори, шартлари ва муддатлари;
солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг ҳамда мижознинг (ишонч билдирувчининг) ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг фуқаролик жавобгарлиги суғурта полисининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;
шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун, шунингдек учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузганлик учун тарафларнинг жавобгарлиги.
Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномага қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин»;
5) 7-модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси «норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни» деган сўзлардан кейин 
«шу жумладан миллий стандартларни» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
6) 11-модданинг биринчи қисми:
олтинчи хатбошисидаги
 «белгиланган тартибда» деган сўзлар «мижознинг (ишонч билдирувчининг) розилиги билан шартнома асосида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг вакили сифатида давлат солиқ хизмати органларида, шунингдек солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш олиб бориш;
солиқ текширувлари ўтказиш вақтида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш»;
7) 13-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатувчи солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мижозга (ишонч билдирувчига) солиқ маслаҳати бўйича миллий стандартларда белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади»;
8) 16-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«олий таълим муассасасини тамомлаганидан кейин камида беш йиллик, шу жумладан иқтисодий ёки юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлган шахс талабгор бўлиши мумкин».

2-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти
И.КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,
2012 йил 4 январь
№ ЎРҚ-316

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati