O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикасининг
Қ О Н У Н И


«Давлат статистикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 14 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2011 йил 5 декабрда маъқулланган

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган «Давлат статистикаси тўғрисида»ги 441–II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, № 12, 219-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 415-модда; 2010 йил, № 9, 333-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 5-модда:
қуйидаги мазмундаги биринчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси давлат статистикаси ваколатли органидир»;
биринчи – тўртинчи қисмлари тегишинча иккинчи – бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
2) қуйидаги мазмундаги 51-модда билан тўлдирилсин:
 
«51-модда.     Давлат статистикаси ваколатли органи
 
Давлат статистикаси ваколатли органи:
давлат статистикаси соҳасидаги ягона сиёсатни ишлаб чиқади ва амалга оширади, уни ташкил этишнинг самарали тизимини таъминлайди;
давлат статистикаси соҳасида мувофиқлаштириб бориш ва функционал тартибга солишни амалга оширади;
ягона статистика услубиятини ва давлат статистика кузатувларининг шаклларини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда жорий этади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг идоравий статистика кузатувлари шаклларини келишади;
статистика кўрсаткичларининг тезкорлиги, ишончлилиги ва холислигини таъминлайди, статистика ахборотидан фойдаланиш эркинлигини, унинг очиқлиги ва ошкоралигини кенгайтириш чора-тадбирларини амалга оширади;
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрини юритади;
давлат статистикаси соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва қабул қилади;
бошқа давлатларнинг статистика органлари ва халқаро статистика ташкилотлари билан ҳамкорлик тўғрисида белгиланган тартибда битимлар тузади.
Давлат статистикаси ваколатли органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин»;
3) 6-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Давлат статистикаси органлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, банклардан, бошқа юридик шахслардан (зарур ҳолларда уларнинг ваколатхоналари ва филиалларидан) давлат статистика ҳисоботларини олиш ҳамда улардан статистика мақсадларида фойдаланиш;
юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятининг давлат статистика кузатувларини ўтказиш ва олинган маълумотлардан статистика мақсадларида фойдаланиш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, давлат ташкилотларидан давлат статистика ишларини олиб бориш учун зарур бўлган маълумотларни (уларни тайёрлашнинг ҳар қандай босқичида), шунингдек уларга илова қилинадиган тушунтиришларни сўраш ва олиш;
олинаётган давлат статистика маълумотларининг тўлиқлиги, холислиги ва ишончлилигини экспертизадан ўтказиш;
давлат статистика маълумотларида қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш ҳақида кўрсатмалар бериш ҳамда жамланма давлат статистика маълумотларига тегишли тузатишлар киритиш;
давлат статистика ҳисоботларини тақдим этиш тартибини бузган мансабдор шахсларга нисбатан қонунга мувофиқ маъмурий жазо чораларини қўллаш;
юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлардан Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрини юритиш учун зарур маълумотларни олиш;
Давлат статистика ишлари дастурига киритилмаган, статистика, таҳлилий, ахборот, ноширлик хизматлари ва бошқа хизматларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома асосида кўрсатиш;
айрим вазифаларни бажариш учун функционал бўлинмалар ташкил этиш»;
4) 7-модда биринчи қисми бешинчи хатбошисининг русча матнидаги «обследования» ва «обследований» деган сўзлар тегишинча «наблюдения» ва «наблюдений» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
5) 9-модданинг учинчи қисмидаги «умумдавлат» деган сўз «давлат» деган сўз билан алмаштирилсин;
6) 11-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
 
«11-модда.  Давлат статистика кузатувлари
 
Давлат статистика кузатувлари иқтисодиётда ва жамиятда содир бўлаётган ҳодисалар ҳамда жараёнлар тўғрисидаги статистика маълумотларини мунтазам равишда йиғиб боришдан иборат бўлиб, улар бирламчи ҳисоб ҳужжатлари асосида ва бевосита кузатувлар йўли билан ўтказилади.
Давлат статистика кузатувларини ўтказиш услублари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, давлат статистикаси ваколатли органи ­томонидан белгиланади.
Давлат статистика кузатувларининг шакллари статистика маълумотларини тақдим этувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, банклар, бошқа юридик шахслар (уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари), жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар учун мажбурийдир.
Давлат статистикаси органлари давлат статистика кузатувларини ўтказиш учун шартнома асосида юридик ва жисмоний шахсларни жалб этиши мумкин.
Давлат статистика кузатувлари давлат статистикаси органлари томонидан Давлат статистика ишлари дастурига мувофиқ амалга оширилади.
Юридик шахслар давлат статистика кузатувлари ўтказилаётганида қонун ҳужжатларига мувофиқ хизмат бинолари ва ер участкаларига киришни таъминлаши шарт.
Уй хўжаликлари сўрови давлат статистика кузатувларининг турларидан биридир ва у қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Идоравий статистика кузатувлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилиши мумкин»;
7) 13-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
 
«13-модда.     Статистика маълумотларини тақдим этиш
 
Статистика маълумотлари тўлиқ, холис, ишончли бўлиши ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, банклар, бошқа юридик шахслар (зарур ҳолларда уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари), жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан давлат статистикаси ваколатли органи тасдиқлаган муддатларда ва давлат статистика кузатувлари шакллари бўйича бепул тақдим этилиши керак.
Давлат статистика кузатувларининг шакллари бўйича статистика маълумотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ қоғозда ёки электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.
Бухгалтерия ҳисоби, молиявий ва бошқа ҳисоботларни тартибга солувчи, қонун ҳужжатлари билан белгиланган нормалар статистика ҳужжатларини тўлдириш (статистика кўрсаткичлари ҳисоби) учун асос бўлиб хизмат қилади».
 
2-модда.  Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти
И.КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,
2012 йил 3 январь
№ ЎРҚ-315

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati