O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикасининг
Қ О Н У Н И


«Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 27 июлда қабул қилинган
Сенат томонидан 2011 йил 26 августда маъқулланган

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 2, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 269-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 5–6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5–6, 153-модда, № 7–8, 217-модда; 2001 йил, № 1–2, 11, 23-моддалар, № 9–10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 1–2, 18-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 418-модда; 2006 йил, № 6, 261-модда; 2007 йил, № 4, 166-модда, № 6, 248, 249-моддалар, № 9, 422-модда, № 12, 594, 595, 607-моддалар; 2008 йил, № 4, 177, 187-моддалар, № 9, 482, 484, 487-моддалар, № 12, 636, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 4, 136-модда, № 9, 335-модда, № 12, 469, 470-моддалар; 2010 йил, № 6, 231-модда, № 9, 334, 336, 337, 342-моддалар, № 12, 477-модда; 2011 йил, № 4, 103, 104-моддалар) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 38-модда 4-бандининг ўзбекча матнидаги «изоляторлари» деган сўз «ҳибсхоналари» деган сўз билан алмаштирилсин;
2)  97-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қамоқда сақлаш жойларида, реабилитация марказларида, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар сўроқ қилиш учун мазкур жойлар ва муассасаларнинг маъмурияти орқали чақиртирилади»;
3)  216, 229, 231, 232, 233-моддалар чиқариб ташлансин;
4) 225-модда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Милиция ходими ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органнинг ходими амалга оширилган ушлаб туриш ҳақида ушланган шахс милиция муассасасига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилган пайтдан бошлаб ўн икки соат ичида прокурорга ёзма шаклда хабар бериши шарт»;
иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари тегишинча учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
5) 228-модда:
биринчи қисмининг ўзбекча матнидаги «авахтага» деган сўз «гауптвахтага» деган сўз билан алмаштирилсин;
иккинчи қисмидаги «кемаларда» деган сўз «денгиз ва дарё кемаларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи қисмидаги «жазони ижро этиш колонияларида» деган сўзлар «жазони ижро этиш муассасаларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
тўртинчи, бешинчи ва олтинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан алмаштирилсин:
«Ушлаб турилганларни қамоқда сақлаш жойларида сақлаш тартиби ва шарт-шароитлари қонунда белгиланади»;
6) 244-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинган гумон қилинувчилар ва айбланувчилар тергов ҳибсхонасининг камераларида сақланади. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд бир жиноят иши бўйича ёки бир неча ўзаро боғлиқ жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчиларни ва айбланувчиларни алоҳида-алоҳида сақлаш тўғрисида тергов ҳибсхонасининг маъмуриятига ёзма кўрсатма беришга ҳақли.
Агар қамоққа олинганлар Жиноят кодекси 15-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда айбланаётган бўлса, прокурорнинг қарорига ёки суднинг ажримига кўра тергов ҳибсхонасининг бир кишилик камерасида қамоқда сақлаб турилиши мумкин. Бу чора вояга етмаганларга, олтмиш ёшдан ошганларга, шифокорнинг ёзма хулосаси билан тасдиқланган оғир касалларга ва руҳий касалликка чалинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Қамоққа олинганлар вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида ўн суткагача сақланиши мумкин. Қамоққа олинганларни тергов ҳибсхонасига олислиги ёки лозим даражадаги қатнов йўллари мавжуд эмаслиги туфайли олиб боришнинг имконияти бўлмаган ҳолларда, бундай шахслар вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида терговчининг прокурор билан келишилган қарорига, шунингдек прокурорнинг қарорига ёхуд суднинг ажримига кўра ўттиз суткагача сақланиши мумкин.
Қамоққа олинган ҳарбий хизматчилар гауптвахталарда кўпи билан йигирма суткагача, олис жойларда эса, бу эҳтиёт чорасининг бутун амал қилиш муддати мобайнида сақланиши мумкин. Ҳарбий хизматчини гауптвахтада сақлаш муддати ҳарбий судлар томонидан ишни судда кўриб чиқиш вақтига, лекин кўпи билан ўн беш суткага узайтирилиши мумкин. Интизомий қисмга юборишга ҳукм қилинган ҳарбий хизматчилар ҳукм қонуний кучга киргунига қадар гауптвахталарда сақланиши мумкин.
Тергов ҳаракатларини бажариш ёки жиноят ишларини тергов ҳибсхоналари жойлашган аҳоли пунктлари ҳудудидан ташқарида судда кўриб чиқиш учун зарур бўлган ҳолларда, қамоққа олинганларни мазкур ҳаракатларни амалга ошириш ва суд мажлисларини ўтказиш учун ҳар куни олиб бориш имконияти бўлмаганда улар тергов ҳибсхоналаридан вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига ўтказилиши, лекин бир ой мобайнида кўпи билан ўн суткага ўтказилиши мумкин. Бундай ўтказиш учун қамоққа олинганни бошқа ерга кўчириш тўғрисидаги терговчининг, прокурорнинг қарори ёхуд суднинг ажрими асос бўлади.
Башарти маҳкум бошқа жиноят иши бўйича гувоҳ ёки жабрланувчи бўлса, у суд ҳукми қонуний кучга кирганидан кейин жазони ижро этиш муассасасидан тергов ҳибсхонасига ўтказилиши ёки тергов ҳибсхонасида қолдирилиши мумкин. Бу ҳолда маҳкум: Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорларининг, шунингдек уларга тенглаштирилган прокурорларнинг розилиги билан уч ойгача муддатга, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари розилиги билан олти ойгача муддатга, суднинг ажримига кўра эса иш судда кўриб чиқилиши вақтига тергов ҳибсхонасида сақланиши мумкин.
Бошқа туманда (шаҳарда) турган маҳкум бошқа ерга кўчириш тўғрисидаги терговчининг прокурор билан келишилган қарорига, шунингдек прокурорнинг қарорига ёхуд суднинг ажримига мувофиқ бошқа ерга ўтказилади. Маҳкумни бошқа ерга кўчиришни ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмалари зиммасига юкланади.
Қамоққа олинганларни қамоқда сақлаш жойларида сақлаш тартиби ва шарт-шароитлари қонунда белгиланади»;
7) 388-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Агар айбланувчи қамоқда сақланаётган бўлса, ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар прокурорнинг топшириғига кўра унга қамоқда сақлаш жойининг маъмурияти томонидан улар келиб тушган куни тилхат олиб топширилади, тилхат ҳужжатлар топширилган сана ва вақт кўрсатилган ҳолда судга тақдим этилади»;
8) 475-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Агар маҳкум қамоқда сақланаётган бўлса, ҳукмнинг кўчирма нусхаси унга қамоқда сақлаш жойининг маъмурияти томонидан ҳукм келиб тушган куни тилхат олиб топширилади, тилхат кўчирма нусха топширилган сана ва вақт кўрсатилган ҳолда судга тақдим этилади»;
9) 538-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Бошқа шахс содир этган жиноят ҳақидаги иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб бориш зарур бўлганда жазони ижро этиш муассасасида жазони ўташ шарти билан озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган маҳкум тергов ҳибсхонасига Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорларининг ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорларнинг розилиги билан — уч ойгача муддатга, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарларининг розилиги билан эса олти ойгача муддатга ёки иш судда кўрилиши муносабати билан — суд ажримига кўра иш судда кўриб чиқиладиган вақтга қадар ушлаб турилиши мумкин».
 
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 9, 193-модда, № 12, 269-модда; 1996 йил, № 5–6, 69-модда, № 9, 144-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 4–5, 126-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 3, 38-модда, № 5–6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5–6, 153-модда, № 7–8, 217-модда; 2001 йил, № 1–2, 23-модда, № 9–10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, № 1, 20-модда, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда, № 9–10, 149-модда; 2004 йил, № 1–2, 18-модда, № 5, 90-модда, № 9, 171-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 312-модда, № 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, № 6, 261-модда, № 9, 498-модда, № 10, 536-модда, № 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, № 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, № 9, 416, 421-моддалар, № 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, № 4, 181, 189, 192-моддалар, № 9, 486, 488-моддалар, № 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 9, 334, 335, 337-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 462, 468, 470, 472, 474-моддалар; 2010 йил, № 5, 175, 179-моддалар, № 6, 231-модда, № 9, 335, 339, 341-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, № 1, 1-модда, № 4, 104, 105-моддалар) 210-моддасининг номи ва диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
 
«210-модда. Қамоқда сақлаш жойларида, жазони
                             ижро этиш муассасаларида, махсус
                             даволаш-олдини олиш ёки махсус
                             ўқув-тарбия муассасаларида
                             сақланаётган шахсларга тақиқланган
                             нарсаларни бериш
 
Қамоқда сақлаш жойларида, жазони ижро этиш муассасаларида, махсус даволаш-олдини олиш ёки махсус ўқув-тарбия муассасаларида сақланаётган шахсларга берилиши тақиқланган нарсаларни кўздан кечиришдан яшириб бериш ёки бошқа ҳар қандай усул билан беришга уриниш».
 
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 607–I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, 5–6-сонга илова; 2003 йил, № 1, 8-модда; 2004 йил, № 1–2, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 157-модда; 2008 йил, № 4, 189-модда; 2009 йил, № 9, 328-модда; 2010 йил, № 9, 334, 335-моддалар) 217-моддасининг ўзбекча матнидаги «изоляторларида» деган сўз «ҳибсхоналарида» деган сўз билан алмаштирилсин.
 
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти
И.КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,
2011 йил 29 сентябрь
№ ЎРҚ-299

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati