O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикасининг
Қ О Н У Н И


«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 27 июлда қабул қилинган
Сенат томонидан 2011 йил 26 августда маъқулланган

1-модда.  Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 25 майда қабул қилинган «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги 71–II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, № 5–6, 142-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 4, 154-модда, № 10, 536-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1) 3-модданинг тўртинчи хатбошисидаги «лицензияни қайта расмийлаштириш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш» деган сўзлар «лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

2) 9-модданинг биринчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан ташкил этилган давлат унитар корхоналари ва муассасалари, башарти Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларида фаолиятнинг лицензияланадиган турларини амалга ошириш назарда тутилган бўлса, фаолиятнинг мазкур турларини тегишли лицензияни олмасдан амалга оширишга ҳақлидир»;

3) 14-модданинг биринчи қисми учинчи хатбошисидаги «нотариал тасдиқланган» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

4) 15-модданинг иккинчи қисми «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан» деган сўзлардан кейин «лицензияловчи органнинг мазкур аризани кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлари доирасида» деган сўзлар билан тўлдирилсин;

5) 16-модданинг олтинчи қисми қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

«Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак»;

6) 20-модданинг биринчи ва иккинчи қисмларидаги «бир ҳафталик» деган сўзлар «бир ой» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

7) 23-модданинг биринчи қисми еттинчи хатбошиси «лицензияловчи орган» деган сўзлардан кейин «ёки суд» деган сўзлар билан тўлдирилсин;

8) 25-модданинг учинчи ва тўртинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан алмаштирилсин:

«Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади».

2-модда.  Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти
И.КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,
2011 йил 7 сентябрь
№ ЎРҚ-292

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati