O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикасининг
Қ О Н У Н И

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2010 йил 18 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2010 йил 3 декабрда маъқулланган

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 1, 3-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 9, 144-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 5–6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5–6, 153-модда; 2001 йил, № 1–2, 23-модда, № 9–10, 165-модда; 2002 йил, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 9–10, 149-модда; 2004 йил, № 1–2, 18-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 314-модда, № 12, 417, 418-моддалар; 2006 йил, № 6, 261-модда, № 12, 656-модда; 2007 йил, № 4, 158, 166-моддалар, № 6, 248-модда, № 9, 416, 422-моддалар, № 12, 607-модда; 2008 йил, № 4, 187, 188, 189-моддалар, № 7, 352-модда, № 9, 485, 487, 488-моддалар, № 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 4, 128-модда, № 9, 329, 334, 335, 337-моддалар, № 12, 470-модда; 2010 йил, № 5, 176, 179-моддалар, № 9, 341-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:
1) 571-модданинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
 
«571-модда. Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганида жазо тайинлаш»;
2) 66-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
 
«66-модда. Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан                        жавобгарликдан озод қилиш
 
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида алоҳида кўрсатилган ҳолларда, жиноят содир этган шахс ўз қилмишига амалда пушаймон бўлган тақдирда жавобгарликдан озод қилиниши лозим»;
3) 71-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
 
«71-модда. Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон
                            бўлганлиги муносабати билан жазодан
                            озод қилиш
 
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса, суд томонидан жазодан озод қилиниши мумкин.
Бошқа шахслар билан биргаликда жиноят содир этишда иштирок қилган ёки уюшган гуруҳ ёхуд жиноий уюшма аъзоси бўлган шахс, агар у айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг олдини олиш, жиноятни очиш ёки унинг ташкилотчиларини ёхуд бошқа иштирокчиларини аниқлаш ва фош қилишга ёрдам берган бўлса, башарти у оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда бевосита иштирок этмаган бўлса, суд томонидан жазодан озод қилиниши мумкин.
Ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида алоҳида кўрсатилган ҳолларда, жиноят содир этган шахс ўз қилмишига амалда пушаймон бўлган тақдирда суд томонидан жазодан озод қилиниши лозим».
 
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 2, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 269-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 5–6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5–6, 153-модда, № 7–8, 217-модда; 2001 йил, № 1–2, 11, 23-моддалар, № 9–10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 1–2, 18-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 418-модда; 2006 йил, № 6, 261-модда; 2007 йил, № 4, 166-модда, № 6, 248, 249-моддалар, № 9, 422-модда, № 12, 594, 595, 607-моддалар; 2008 йил, № 4, 177, 187-моддалар, № 9, 482, 484, 487-моддалар, № 12, 636, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 4, 136-модда, № 9, 335-модда, № 12, 469, 470-моддалар; 2010 йил, № 6, 231-модда, № 9, 334, 336, 337, 342-моддалар) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 84-модданинг:
биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 8-банд билан тўлдирилсин:
«8) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида шахснинг ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги туфайли жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилган бўлса»;
иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2, 3 ва 8-бандларида назарда тутилган ҳолларда, агар айбланувчи, судланувчи ёки вафот этган айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари талаб қилса, ишни юритиш умумий тартибда давом эттирилиши мумкин. Бундай ҳолларда ҳукм қилиш учун асослар мавжуд бўлса, айблов ҳукми жазо тайинланмасдан чиқарилади»;
бешинчи қисми 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса»;
2) 333-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ушбу Кодекс 84-моддаси биринчи қисмининг 1, 2, 3-бандларида назарда тутилган асослар бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад қилишга, агар ўзига нисбатан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги масала қўйилган шахс ёки вафот этган бундай шахснинг яқин қариндошлари бунга эътироз билдирса, йўл қўйилмайди»;
3)  362-модданинг иккинчи қисмидаги «тўртинчи» деган сўз «бешинчи» деган сўз билан алмаштирилсин;
4)  401-модданинг иккинчи қисмидаги «тўртинчи» деган сўз «бешинчи» деган сўз билан алмаштирилсин;
5)  421-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Агар суд мажлисида ушбу Кодекснинг 83-моддасида ва 84-моддаси биринчи қисмининг 1, 2, 3 ва 8-бандларида назарда тутилган асослар аниқланса, суд ишни кўришни давом эттиради ҳамда 83-моддада назарда тутилган асослар бўйича оқлов ҳукми, 84-модда биринчи қисмининг 1, 2, 3 ва 8-бандларида назарда тутилган асослар бўйича эса айбдор шахсга жазо тайинламай, айблов ҳукми чиқаради»;  
6)  463-модданинг учинчи қисми қуйидаги мазмундаги 6-банд билан тўлдирилсин:
«6) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 71-моддасига мувофиқ шахсни ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги туфайли жазодан озод қилиш учун асослар мавжуд бўлса»;
7) 493-модданинг матнидаги «1 ва 4-қисмларида» деган сўзлар «биринчи ва бешинчи қисмларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
 
3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти
И.КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,
2010 йил 27 декабрь
№ ЎРҚ-277

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati