O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикасининг
Қ О Н У Н И

Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2010 йил 18 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2010 йил 3 декабрда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар
 
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари
 
Ушбу Қонуннинг мақсади дафн этиш ва дафн иши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
шахснинг ўлимидан кейин унинг жасадига (сақланиб қолган тана қисмларига) муносиб муносабатда бўлиш тўғрисидаги хоҳиш-иродасини (бундан буён матнда вафот этган шахснинг хоҳиш-иродаси деб юритилади) инобатга олган ҳолда вафот этган шахсни дафн этиш кафолатларини белгилаш;
дафн этиш учун нафақа бериш ҳамда моддий ва бошқа ёрдам кўрсатиш кафолатларини белгилаш;
дафн этиш жойларини танлаш ва сақлашда экологик нормаларнинг, санитария, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг ҳамда бошқа нормалар ва қоидаларнинг бажарилишини таъминлаш;
дафн ишини ташкил этиш асосларини белгилаш.
 
2-модда. Дафн этиш ва дафн иши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
 
Дафн этиш ва дафн иши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг дафн этиш ва дафн иши тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Дафн этиш
 
Дафн этиш вафот этган шахснинг жасадини (сақланиб қолган тана қисмларини) унинг хоҳиш-иродасини инобатга олган ҳолда санитария нормалари ва қоидаларига ҳамда бошқа нормалар ва қоидаларга зид бўлмаган урф-одатлар ва анъаналарга мувофиқ кўмишга доир маросим ҳаракатидир.
Дафн этиш вафот этган шахснинг жасадини (сақланиб қолган тана қисмларини) ерга (қабрга ёки сағанага) кўмиш орқали амалга оширилади.
Дафн этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.
 
4-модда. Дафн этиш жойлари    
 
Дафн этиш жойлари қабрлар, сағаналар, шунингдек дафн этишни амалга оширишга мўлжалланган бошқа бинолар ва иншоотларни барпо этиш учун экологик нормаларга, санитария, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳамда бошқа нормалар ва қоидаларга мувофиқ ажратиб берилган ер ­участкаларидир. Дафн этиш жойлари моддий маданий мерос объектлари жумласига киритилиши мумкин.
Дафн этиш жойлари туман, шаҳар давлат ҳокимияти органларининг бевосита тасарруфида бўлади.
Янги дафн этиш жойларини барпо этиш ва мавжуд бўлганларини реконструкция қилиш экологик экспертизанинг хулосаси ва санитария-гигиеник хулоса бўлган тақдирда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда диний ташкилотларнинг таклифлари инобатга олинган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Дафн этиш жойлари бузиб ташланиши мумкин эмас ва доимий равишда сув остида қолиш, кўчкилар ҳамда бошқа табиий офатлар таҳдид этган тақдирда белгиланган тартибда фақат туман, шаҳар давлат ҳокимияти органларининг қарорига биноан кўчирилиши мумкин.
Илгари дафн этиш жойлари жойлашган ҳудудлардан фойдаланишга улар кўчирилган пайтдан эътиборан йигирма йил ўтгач рухсат берилади. Бундай ҳолда ушбу ҳудудлардан фақат манзарали дов-дарахт кўчатлари ўтқазиш учун фойдаланилиши мумкин. Бу ҳудудларда бинолар ва иншоотларни қуриш тақиқланади.
Дафн этиш жойларида маросим ва ибодат иншоотлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда барпо этилиши мумкин.
Қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда амалга оширилиши мумкин.
 
5-модда. Вафот этган шахснинг хоҳиш-иродаси
 
Вафот этган шахснинг хоҳиш-иродаси оғзаки (гувоҳлар ҳозирлигида) ёки ёзма шаклда ифодаланган, патологик-анатомик ёриб кўришга розилиги ёки рози эмаслиги ҳақидаги, ўз жасадидан (сақланиб қолган тана қисмларидан) органлар ва (ёки) тўқималар ажратиб олинишига, у ёхуд бу жойга, у ёки бу урф-одатлар ва анъаналар бўйича, илгари вафот этган у ёки бу шахсларнинг ёнига дафн этилишига розилиги ёхуд рози эмаслиги тўғрисидаги, ўз хоҳиш-иродасини бажаришни у ёхуд бу шахсга ишониб топшириш ҳақидаги истагидир.
Вафот этган шахснинг жасадига (сақланиб қолган тана қисмларига) муносиб муносабатда бўлишга доир ҳаракатлар, агар хоҳиш-иродани бажариш мумкин бўлмайдиган ҳолатлар юзага келмаган бўлса ёки қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, унинг хоҳиш-иродасига тўла мувофиқ равишда амалга оширилиши лозим.
Вафот этган шахснинг хоҳиш-иродаси мавжуд бўлмаган тақдирда вафот этган шахснинг эри (хотини), ота-онаси, фарзанд лари ва бошқа қариндошлари ёки қонуний вакили, улар бўлмаганда эса дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахс ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳаракатларга ижозат бериш ҳуқуқига эга.     
  
6-модда. Вафот этган шахснинг хоҳиш-иродасини бажарувчилар
 
Вафот этган шахснинг хоҳиш-иродасида кўрсатилган шахс лар унинг хоҳиш-иродасини бажарувчилардир.
Вафот этган шахснинг хоҳиш-иродасида бажарувчилар кўрсатилмаган ёки улар вафот этган шахснинг хоҳиш-иродасини бажаришни рад этган тақдирда, мазкур хоҳиш-ирода унинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошлари ёхуд қонуний вакили томонидан амалга оширилади, шунингдек дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахс томонидан бажарилиши мумкин.   
 
2-боб. Дафн этишни амалга ошириш кафолатлари
 
7-модда. Вафот этган шахснинг хоҳиш-иродасини бажариш
 
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳар бир инсонга унинг ўлимидан кейин жасадини (сақланиб қолган тана қисмларини) вафот этган шахснинг хоҳиш-иродасини инобатга олган ҳолда ушбу Қонунга мувофиқ дафн этиш ва дафн этиш учун жойни текин бериш кафолатланади.
Вафот этган шахснинг унинг жасадини (сақланиб қолган тана қисмларини) илгари вафот этган шахслар ёнига дафн этиш тўғрисидаги хоҳиш-иродасини бажариш дафн этиш учун бўш жой ёки илгари вафот этган яқин қариндошининг қабри мавжуд бўлган тақдирда таъминланади.
Шахс бошқа аҳоли пунктида ёки хорижий давлат ҳудудида вафот этган тақдирда вафот этган шахснинг унинг жасадини (сақланиб қолган тана қисмларини) дафн этиш тўғрисидаги хоҳиш-иродасини бажариш дафн этишни амалга ошириш ва дафн этиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган шахсга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўлим ҳақидаги гувоҳномани (маълумотномани), вафот этган шахснинг жасадини (сақланиб қолган тана қисм ларини) олиб кетиш учун рухсатномани, йўл ҳужжатларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтишга доир ҳужжатларни олишга кўмаклашиш қисмида кафолатланади. Мазкур кўмакни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек ўз фаолияти турига кўра шундай ҳолларда зарур хизматлар кўрсатувчи бошқа юридик шахслар кўрсатиши шарт.
 
8-модда. Дафн этишни амалга оширишдаги кафолатлар       
 
Вафот этган шахснинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошларига ёки қонуний вакилига, улар бўлмаганда эса дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахсга қуйидагилар кафолатланади:
вафот этган шахсни дафн этиш учун зарур бўлган ҳужжатларни ўлим сабаби аниқланган пайтдан эътиборан дарҳол бериш. Вафот этган шахснинг жасадини (сақланиб қолган тана қисмларини) ўлим сабабини аниқлаш учун ўликхонага жойлаштириш асослари вужудга келган ҳолларда, унинг жасадини (сақланиб қолган тана қисмларини) эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошлари ёки қонуний вакилининг, улар бўлмаганда эса дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахснинг талабига кўра бериш бир суткадан ортиқ муддатга кечиктирилиши мумкин эмас;
агар вафот этган шахснинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошлари ёки қонуний вакили, улар бўлмаганда эса дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахс ўлим ҳақида хабардор қилинган, аммо дафн этишни улар томонидан амалга оширишни қийинлаштирувчи объектив ҳолатлар мавжуд бўлса, вафот этган шахснинг жасади (сақланиб қолган тана қисмлари) ўлим сабаби аниқланган пайтдан эътиборан икки суткагача ўликхонада туришига имконият бериш. Вафот этган шахснинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошлари ёки қонуний вакили, улар бўлмаганда эса дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахс қидирилган тақдирда бу муддат уч суткагача узайтирилиши мумкин.
 
9-модда. Дафн этиш учун нафақа ҳамда моддий ва бошқа ёрдам кўрсатиш
               
Вафот этган шахснинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошларига ёки қонуний вакилига, улар бўлмаганда эса дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахсга дафн этиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан нафақа бериш кафолатланади.
Дафн этиш учун нафақани тўлаш мурожаат этилган кунда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими томонидан:
вафот этган шахс пенсия ёки ижтимоий нафақа олиб турган ёхуд ишламаган ва пенсионер бўлмаган ҳолларда — ўлим ҳақидаги гувоҳнома асосида;
ўлик бола туғилган ёки бола ҳаётининг биринчи ҳафтаси давомида вафот этган (перинатал ўлим) тақдирда — қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган перинатал ўлим тўғрисидаги маълумотнома асосида амалга оширилади.
Корхона, муассаса, ташкилотнинг ходими ёки ходимнинг қарамоғида бўлган оила аъзоси вафот этган тақдирда дафн этиш учун нафақани тўлаш мазкур харажатларнинг ўрни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланган ҳолда корхона, муассаса ёки ташкилот томонидан амалга оширилади.
Вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга корхона, муассаса ва ташкилот томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ моддий ва бошқа ёрдам кўрсатилиши мумкин.
 
10-модда. Вафот этган шахсни унинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа                     қариндошлари ёки қонуний вакили ёхуд  дафн этишни амалга ошириш
                    мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахс бўлмаганда дафн этиш 
 
Вафот этган шахснинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошлари ёки қонуний вакили ёхуд дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахс бўлмаганда ёки уларнинг дафн этишни амалга ошириш имконияти бўлмаганда, вафот этганнинг шахсини ички ишлар органлари аниқлаганидан кейин уни дафн этишни, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ички ишлар органлари томонидан шахси аниқланмаган вафот этганни дафн этишни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ташкил этиладиган махсус хизмат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.
 
11-модда. Вафот этган ҳарбий хизматчиларни,  ҳарбий йиғинларга чақирилган                            фуқароларни, ички ишлар органлари  ходимларини дафн этиш
 
Тинчлик вақтида ҳарбий хизматни (ҳарбий йиғинларни), ички ишлар органларидаги хизматни ўтаётганда вафот этган ёки майиб бўлиш (яраланиш, шикастланиш, контузия бўлиш), касалланиш натижасида вафот этган ҳарбий хизматчиларни, ҳарбий йиғинларга чақирилган фуқароларни, ички ишлар органлари ходимларини, шунингдек хизматда бўлиш ёшининг чегарасига етганлигига, соғлиғининг ҳолатига кўра ёхуд ташкилий-штат тадбирлари муносабати билан ҳарбий хизматдан ёки ички ишлар органларидаги хизматдан бўшатилган вафот этган фуқароларни дафн этиш вафот этган шахс ҳарбий хизматни (ҳарбий йиғинларни), ички ишлар органларидаги хизматни ўтаган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг маблағлари ҳисобидан ушбу Қонунга мувофиқ амалга оширилади. Мазкур шахс ларнинг дафн этилишини ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Уруш даврида хизматни ўташ вақтида ва жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган даврда вафот этган ҳарбий хизматчилар, ички ишлар органлари ходимларини дафн этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.          
 
12-модда. Қамоқда ёки жазони ижро этиш  муассасаларида сақлаб турилган вафот
                     этган шахсларни дафн этиш
 
Қамоқда ёки жазони ижро этиш муассасаларида сақлаб турилган вафот этган шахсларни дафн этиш ушбу Қонунга мувофиқ амалга оширилади. Қамоқда ёки жазони ижро этиш муассасаларида сақлаб турилган вафот этган шахсларни уларнинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошлари ёки қонуний вакиллари ёхуд дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахслар бўлмаганда ёки дафн этишни улар томонидан амалга ошириш имконияти бўлмаганда ёхуд улар дафн этишни амалга оширишни рад этганда дафн этиш, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаган вафот этган шахсларни дафн этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
 
3-боб. Дафн этиш жойини ташкил этиш
 
13-модда. Дафн этиш жойини ташкил этиш учун ер участкасини танлаш ва ажратиш
 
Дафн этиш жойини ташкил этиш учун ер участкасини танлаш жойнинг гидрогеологик тавсифлари, рельефи хусусиятлари, тупроғи таркиби, атроф табиий муҳитга тушадиган экологик юкнинг йўл қўйиладиган энг юқори чегараси ҳисобга олинган ҳолда шаҳарсозлик ҳужжатларига, аҳоли пунктларини ва ҳудудларини барпо этиш қоидаларига, шунингдек санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ амалга оширилади ҳамда у дафн этиш жойининг номуайян узоқ муддат мавжуд бўлишини таъминлаши керак.
Дафн этиш жойини ташкил этиш учун ер участкаси ажратиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Дафн этиш жойини ташкил этиш учун ер участкасининг ўлчами муайян аҳоли пунктида яшовчиларнинг сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Дафн этиш учун бериладиган жойнинг ўлчами Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
 
14-модда. Дафн этиш жойларини сақлаш ва ободонлаштириш
 
Дафн этиш жойларини лозим бўлган ҳолатда сақлаш ва ободонлаштириш мажбурияти маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юкланади ҳамда ушбу мақсадлар учун ажратиладиган алоҳида харажатлар моддаси бўйича маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу мақсадлар учун юридик ва жисмоний шахсларнинг хайр-эҳсонларидан ҳам фойдаланиш мумкин бўлиб, улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Дафн этиш жойларини ободонлаштириш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўмагида ҳашар йўли билан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Дафн этиш жойлари ўралган бўлиши, қўриқланиши, сув, электр, зарур бинолар ва ашё-анжомлар, шунингдек кириб бориладиган йўл билан таъминланиши лозим.
Дафн этиш жойларида мол ва бошқа уй жониворларини боқиш, мевали кўчатлар экиш, қишлоқ хўжалиги экинларини ўстириш тақиқланади.
 
15-модда. Дафн этиш жойларининг сақланиши  устидан экологик назорат ва
                     санитария-эпидемиология назорати
 
Дафн этиш жойларининг сақланиши устидан экологик назорат ва санитария-эпидемиология назорати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Дафн этиш жойларида ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш экологик нормаларга, санитария нормалари ва қоидаларига, шунингдек дафн этиш жойларини сақлашнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Экологик нормалар, санитария нормалари ва қоидалари, шунингдек дафн этиш жойларини сақлаш қоидалари бузилган тақдирда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари дафн этиш жойида ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилишини тўхтатиб туриши ёки тугатиши ҳамда йўл қўйилган қоидабузарликларни бартараф этиш ва дафн этиш жойининг инсон соғлиғи ҳамда атроф табиий муҳитга номақбул таъсирига барҳам бериш, зарур ҳолларда эса янги дафн этиш жойини барпо қилиш чораларини кўриши шарт.
 
16-модда. Эски ва илгари номаълум бўлган қабрлар
 
Мавжудлиги ҳақида ишончли маълумотлар бўлмаган қабрлар эски ва илгари номаълум бўлган қабрлар деб ҳисобланади.
Қабрлар борлиги эҳтимоли бўлган ҳудудларда ҳар қандай ишларни амалга оширишдан олдин маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бу ҳудудни текширувдан ўтказиши шарт.
Эски ва илгари номаълум бўлган қабрлар аниқланган тақдирда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қабрларни белгилаб қўйиши ва рўйхатга олиши, зарур ҳолларда эса дафн этилганларнинг сақланиб қолган тана қисмлари қайта кўмилишини ташкил этиши шарт.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли рухсатномасига эга бўлмаган юридик ёки жисмоний шахсларнинг эски ва илгари номаълум бўлган қабрларни қидириши ҳамда очиши тақиқланади.
Археология мероси объектлари бўлган эски ва илгари номаълум бўлган қабрларни қидириш ҳамда очиш археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
 
4-боб. Дафн иши
 
17-модда. Дафн ишини ташкил этиш
 
Дафн ишини ташкил этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юкланади.
Дафн этиш бўйича хизматлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ташкил этадиган махсус хизматлар томонидан кўрсатилиши мумкин.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ташкил этиладиган махсус хизматларнинг фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
 
18-модда. Дафн ишини молиялаштириш манбалари
 
Дафн ишини молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
 
5-боб. Якунловчи қоидалар
 
19-модда. Низоларни ҳал этиш
 
Дафн этиш ва дафн иши соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
 
20-модда. Дафн этиш ва дафн иши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун
жавобгарлик
 
Дафн этиш ва дафн иши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
 
21-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга  мувофиқлаштириш
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
 
22-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
 
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Ўзбекистон Республикаси
Президенти
И.КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,
2010 йил 27 декабрь
№ ЎРҚ-276

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati