O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикасининг
Қ О Н У Н И
Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2009 йил 25 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2010 йил 7 майда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

 
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
 

Ушбу Қонуннинг мақсади аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Аҳоли ўртасида микронутриент ­ етишмаслиги профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

 

Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 
3-модда. Асосий тушунчалар
 
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

микронутриентлар — инсон организмининг нормал ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган, ўрнини бошқа нарса боса олмайдиган озиқ-овқат моддалари (витаминлар ва минерал моддалар);

микронутриент етишмаслиги — инсон организмининг озиқ-овқат билан тушадиган микронутриентлар етарли эмаслиги сабабли касалликларнинг ривожланишига олиб келадиган ҳолати;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти — ишлаб чиқарилиши жараёнида микронутриентлар билан бойитилган (фортификация қилинган) озиқ-овқат маҳсулоти;

микронутриентлар саплементацияси — аҳолининг муайян гуруҳлари ўртасида микронутриентларнинг дори воситалари тарзида профилактик дозаларда қўлланилиши;

аҳолининг муайян гуруҳлари — микронутриент етишмаслиги профилактикаси чора-тадбирлари амалга оширилаётган аҳоли гуруҳлари.

 
2-боб. Аҳоли ўртасида микронутриент етишмас­лиги профилактикаси соҳасининг давлат томонидан тартибга солиниши
 

4-модда. Аҳоли ўртасида микронутриент ­ етишмас­лиги профилактикаси ­ соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

 Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

аҳолини бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлашга қаратилган ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотининг ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларнинг сифати ҳамда хавфсизлиги устидан давлат назоратини таъминлаш;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқарилишини ривожлантириш;

озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмалар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш;

микронутриентлар саплементацияси;

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасига қаратилган дастурлар амалга оширилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш;

микронутриент етишмаслигини аниқловчи замонавий технологияларни ва унинг профилактикаси усулларини ривожлантиришда илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

5-модда. Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси ­ соҳасидаги давлат бошқаруви

 Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон стандарт­лаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ­амалга оширади.

Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги давлат бошқаруви:

давлат бошқаруви органларининг, шунингдек бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти ва озиқ-овқат маҳсулотини бойи­тиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмалар ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боришни;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотининг ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларнинг сифати ҳамда хавфсизлиги устидан давлат назоратини амалга оширишни;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотининг ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларнинг хавфсизлигига доир мажбурий ­талабларга тааллуқли техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ишлаб чиқишни, ишларни ташкил этишни ва уларни бажаришни таъминлашни;

профилактика ва санитария-эпидемиология тадбирлари ўтказилишини ташкил этишни ўз ичига олади.

 

6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар ­ Маҳкамасининг аҳоли ўртасида ­ микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва амалга оширилишини таъминлайди;

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси масалалари бўйича давлат бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштиришни ҳамда унга раҳбарликни амалга оширади;

микронутриентлар билан бойитилиши лозим бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни ­ сақлаш вазирлигининг аҳоли ўртасида  микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги ­ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасида давлат санитария назоратини амалга оширади;

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

микронутриентлар билан бойитилиши лозим бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини аниқлайди;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотининг ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларнинг хавфсизлигига доир мажбурий ­талабларга тааллуқли техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ишларни ташкил этади ва уларнинг бажарилишини таъминлайди;

аҳолининг микронутриентлар саплементацияси ўтказилиши лозим бўлган муайян гуруҳларини аниқлайди;

озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун микронутриентларнинг нормалари ва тавсия этиладиган даражаларини ишлаб чиқади;

микронутриентлар саплементациясини ташкил этади;

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси бўйича санитария-гигиена ва тушунтириш ишларини олиб боради;

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасига қаратилган дастурларнинг амалга оширилишини мониторинг қилади ва баҳолайди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

8-модда. Ўзбекистон стандартлаштириш,  метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг аҳоли ўртасида  микронутриент етишмаслиги ­профилактикаси соҳасидаги ­                  ваколатлари

 

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги:

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотини ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларига юридик шахслар томонидан риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотини ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларни мажбурий сертификатлаштириш бўйича ишни ташкил этади.

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аҳоли ўртасида ­ микронутриент етишмаслиги ­ профилактикаси соҳасидаги ­ваколатлари

 
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги ҳудудий дастурларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси мақсадида тегишли давлат бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг ҳамда бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмалар ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотининг ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларнинг сифати ҳамда хавфсизлигини ва уларни сақлаш шароитларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 
3-боб. Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси чора-тадбирлари
 
10-модда. Аҳоли ўртасида микронутриент  етишмаслиги профилактикасининг ­турлари
 Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасининг қуйидаги турлари амалга оширилади:

бойитилган озиқ-овқат маҳсулотига бўлган эҳтиёжни аниқлаш ва уни истеъмол қилишни таъминлаш;

микронутриентлар саплементацияси;
санитария-гигиена ва тушунтириш ишлари.
 
11-модда. Бойитилган озиқ-овқат маҳсулотини ва  озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун  мўлжалланган витамин-минерал ­ аралашмаларни ишлаб чиқариш
 

Бойитилган озиқ-овқат маҳсулотини ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларни ишлаб чиқариш юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

 
12-модда. Бойитилган озиқ-овқат маҳсулотини ва  озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун  мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларни сертификатлаштириш
 

Бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбурий сертификатлаштирилиши лозим.

 
13-модда. Бойитилган озиқ-овқат маҳсулотини ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун  мўлжалланган витамин-минерал ­ аралашмаларни ўраш, тамғалаш, ­                                         ташиш, сақлаш, реализация қилиш ва  Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш
 

Бойитилган озиқ-овқат маҳсулотини ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларни ўраш, тамғалаш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 
14-модда. Аҳоли ўртасида микронутриент ­ етишмаслиги профилактикаси ­ соҳасидаги реклама
 

Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасига қаратилган нотижорат йўсиндаги реклама ижтимоий реклама ахборотидир. Ижтимоий реклама ахборотини текинга тайёрловчилар ва тарқатувчилар қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланади.

Бойитилган озиқ-овқат маҳсулотининг рекламаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 
4-боб. Якунловчи қоидалар
 
15-модда. Низоларни ҳал этиш
 

Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

 
16-модда. Аҳоли ўртасида микронутриент ­ етишмаслиги профилактикаси ­ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ­ бузганлик учун жавобгарлик
 

Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 
17-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга ­ мувофиқлаштириш
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 
18-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
 

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти
И.КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,
2010 йил 7 июнь
№ ЎРҚ-251

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati