O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

o'zb | рус | eng

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси

Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонда қонун устуворлигини, қонунийликни таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш,  эркинлаштириш ва демократлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Судлар холислиги ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, қонунчиликнинг барча тармоқларини демократлаштириш, шунингдек мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни, тинч ва осуда ҳаётни таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз натижаларини бермоқда ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи таҳлил марказлари ва хорижий мамлакатларнинг экспертлари томонидан ижобий баҳоланмоқда.

Қонунчилик асослари ҳар жиҳатдан мустаҳкамланаётгани ҳамда қонунларга сўзсиз итоат этиш ва қонун устуворлиги таъминланаётгани, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ўсиб бораётгани демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорликнинг ривожини жадаллаштириш ҳамда ишончли ҳимоясини таъминлаш борасида бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттиришнинг муҳим шартлари ҳисобланади.

Ушбу чора-тадбирлар самарали амалга оширилишида прокуратура органларининг тутган ўрни муҳимдир. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқ уларнинг зиммасига «қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни» амалга ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш вазифалари юкланган.

Шу билан бирга, мамлакатимиз Конституциясида «прокуратура органларининг Олий Мажлис Сенати олдида ҳисобдорлиги» белгиланганига қарамай, Бош прокуратура ва жойлардаги прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратининг самарали механизмини яратиш ва амалга ошириш йўлга қўйилмаганлигини қайд этиш лозим.

Шу боис прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, прокуратура органларининг мамлакатимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга доир ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 31 мартдаги CҚ-81–III-сонли Қарори билан Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси шакллантирилди.

Комиссия аъзолари Сенат томонидан сенаторлар орасидан ўн беш кишидан иборат таркибда, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан камида бир нафар аъзодан Сенат ваколати муддатига сайланади.

Комиссия аъзолари орасидан сайланадиган раис Комиссияга раҳбарлик қилади.

Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

прокуратура органлари фаолияти устидан, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича улар зиммасига юклатилган вазифалар бажарилишининг самарадорлиги устидан мунтазам парламент назоратини амалга ошириш;

прокуратура органлари фаолиятида мунтазам учрайдиган тизимли камчиликлар ва ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида уларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳар томонлама ўрганиш ва умумлаштириш;

прокуратура органлари фаолиятини тартибга солиб турувчи қонун ҳужжатларини, шунингдек уларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва иш усулларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.

Ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида Комиссия қуйидаги функцияларни амалга оширади:

прокуратура органлари томонидан «Прокуратура тўғрисида»ги Қонунда мустаҳкамлаб қўйилган принциплар, қоидалар ҳамда вазифалар мунтазам ва сўзсиз бажарилаётганлигини ўрганиш;

прокуратура органлари зиммасига юклатилган вазифа ва топшириқлар самарали бажарилаётганлигини жойларга бориб ўрганиш, улар фаолиятида юзага келаётган муаммоларни таҳлил қилиш;

прокуратура органлари мансабдор шахсларининг ўз ваколатига кирадиган масалалар, шу жумладан Комиссия назорат тадбирларининг якунлари бўйича ҳисоботини эшитиш;

Комиссиянинг назорат тадбирлари материалларини, қарорларини прокуратура органлари ва бошқа органлар фаолиятида аниқланган камчиликлар ҳамда муаммоларни бартараф этиш  юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўриш учун уларга юбориш;

прокуратура органлари фаолиятида мунтазам учрайдиган камчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларга олиб келадиган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, прокуратура органлари фаолиятини тартибга солиб турувчи қонун ҳужжатларини, шунингдек уларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётини, иш усулларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.

Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Бош прокуратурадан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатларни, эксперт хулосаларини, умумлаштирилган, таҳлилий, статистик ва бошқа маълумотларни сўраб олиш;

прокуратура органлари мансабдор шахсларига парламент сўровини юбориш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари (комиссиялари), давлат органлари, илмий муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;

назорат тадбирларига тайёргарлик кўрилаётганда ва улар ўтказилаётганда  давлат органлари, илмий муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини жалб қилиш.

Комиссия қуйидагиларга ҳақли эмас:

текширувлар, тафтишлар, суриштирувлар ва дастлабки терговга тааллуқли аниқ ишлар ҳамда материалларнинг, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишларининг кўриб чиқилиши ҳамда ҳал этилиши жараёнини ўрганиш;

тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилишига аралашиш, шу жумладан тезкор-қидирувга оид маълумотлар ва материалларни сўраб олиш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини мазмунан кўриб чиқиш, бундан қонун ҳужжатларини ва прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифлар мустасно.

Комиссия ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажараётганда прокуратура органлари фаолиятининг:

вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан қонунлар ижро этилаётганлигини назорат қилиш;

фуқароларнинг, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган қонунлар ижро этилаётганлигини назорат қилиш;

қонун ижодкорлиги фаолиятида ва жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга доир ишларда иштирок этиш сингари йўналишларини ўрганишга ва текширишга алоҳида  эътибор қаратади.

Комиссия ўз фаолиятини Сенат Кенгаши томонидан тасдиқланадиган йиллик иш режалари асосида амалга оширади ҳамда ўз мажлисларини зарур бўлганда, бироқ йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказади.

Комиссия мажлисининг кун тартибига, қоида тариқасида, прокуратура органлари фаолияти тўғрисидаги масалаларни навбатма-навбат Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида кўриб чиқиш киритилади;

Комиссия ўз олдига қўйилган вазифалар бажарилишининг бориши тўғрисида бир йилда икки марта Сенат Кенгаши олдида ҳисоб беради.

Комиссиянинг фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлил жиҳатидан таъминлаш учун Сенат девони таркибида умумий сони 5 нафар бошқарув ходимдан иборат Комиссия котибияти тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг ҚЎШМА ҚАРОРИ "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тузиш тўғрисида".

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ҚАРОРИ "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тўғрисида"

 

Аввалгисига>>

[ tepaga ]

Sayt haqida Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati Manzil: 100078, Toshkent sh., Mustaqillik maydoni, 6 uy.
Telefon: +998 (71) 238-2638
E-mail: senat (at) tps.uz