O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

o'zb | рус | eng

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга
кўмаклашувчи комиссияси тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясини (бундан буён матнда Сенат Комиссияси деб юритилади) тузишнинг мақсади ва вазифаларини, Сенат Комиссиясининг ваколатларини, Сенат Комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш ҳамда Сенат Комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари (бундан буён матнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари деб юритилади) билан ҳамкорлик қилиш тартибини белгилайди.

2. Сенат Комиссиясини тузишдан мақсад минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш механизмини такомиллаштириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари ваколатларини рўёбга чиқаришда уларга амалий ва услубий ёрдам беришдан, шунингдек халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти самарали ташкил этилиши учун масъулиятини оширишдан иборатдир.

3. Сенат Комиссияси Сенатнинг аъзолари орасидан Сенатнинг ваколат муддатига тузилади. Сенат Комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларига, Сенат, Сенат Кенгаши қарорларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.

II. Сенат Комиссиясининг ваколатлари

4. Сенат Комиссияси ўз ваколатлари доирасида:
1) ўз ташаббуси билан ёки Сенат, Сенат Кенгаши қарори асосида ёхуд Сенат Раисининг топшириғига мувофиқ халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш масалалари юзасидан Сенат, Сенат Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини ишлаб чиқади;
2) Сенат Комиссиясининг фаолиятига доир масалаларни Сенатнинг ялпи мажлислари кун тартибига киритиш ҳақида Сенат Кенгашига таклифлар киритади;
3) халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини мониторинг қилиш бўйича ишчи гуруҳлар тузади, уларнинг таркибига давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар вакилларини ва мутахассисларни жалб этади;
4) халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини тизимли равишда мониторинг қилиб боради ва шу мақсадда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидан, давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатлар, статистик ҳамда бошқа маълумотларни сўраб олади;
5) ўз мажлисларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолияти тўғрисидаги, Инқирозга қарши чораларнинг 2009–2012 йилларга мўлжалланган дастурини, 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ҳамда бошқа давлат дастурларини амалга оширишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг иштироки ҳақидаги ахборотини тинглайди;
6) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида тузиладиган Сенат Комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳлар (бундан буён матнда Сенат Комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳлар деб юритилади) фаолиятини мувофиқлаштиради, ушбу ишчи гуруҳларнинг фаолияти ҳақидаги ахборотни мунтазам ўз мажлисларида эшитиб боради;
7) халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан уларнинг ўзаро ҳамкорлигини яхшилаш ҳамда Сенат қўмиталарининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари билан ҳамкорлик қилиш механизмининг самарадорлигини ошириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқади;
8) халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятига доир услубий қўлланмалар ва бошқа материаллар тайёрлайди;
9) халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг раҳбарлари билан биргаликда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш юзасидан конференциялар, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ва бошқа тадбирлар ўтказилишини ташкил этади ҳамда уларни бу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштиради;
10) халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ишининг самарадорлигини таъминлаш учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш бўйича таклифлар тайёрлайди;
11) Сенат Кенгаши мажлисларида ёки Сенатнинг ялпи мажлисларида ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот беради;
12) Сенат Комиссиясининг иш режасини ишлаб чиқади ва Сенат Комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳларнинг иш режаси ўз вақтида ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини назорат қилади.

III. Сенат Комиссиясининг таркиби

5. Сенат Комиссияси Сенат Кенгаши томонидан тасдиқланадиган Сенат Комиссиясининг раиси, унинг ўринбосари, котиби ва аъзоларидан иборат бўлади.

6. Сенат Комиссиясининг раиси:
Сенат Комиссияси фаолиятига раҳбарлик қилади;
Сенат Комиссиясининг мажлисларини чақиради ва олиб боради;
Сенат Комиссиясининг қарорларини имзолайди;
Сенат Комиссияси аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
бошқа ваколатларни амалга оширади.

7. Сенат Комиссияси раисининг ўринбосари Сенат Комиссиясининг раиси йўқлигида унинг вазифасини бажаради, Сенат Комиссияси томонидан белгиланадиган бошқа ваколатларни амалга оширади.

8. Сенат Комиссиясининг котиби Сенат Комиссияси фаолиятининг самарали амалга оширилишини таъминлайди, Сенат Комиссияси мажлисларининг баённомаларини ва иш юритувини олиб боради.

9. Сенат Комиссиясининг аъзолари айни бир вақтда Сенат Комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳларнинг раҳбарлари ҳисобланадилар.
Сенат Комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳлар таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг депутатлари ҳамда тегишли ҳудудда жойлашган халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг бир нафардан депутати киритилади. Мазкур ишчи гуруҳлар таркибига, шунингдек бошқа давлат органлари, ташкилотлар, илмий муассасаларнинг вакиллари ва мутахассислар киритилиши мумкин.
Сенат Комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳларнинг таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг сессияларида тасдиқланади.
Сенат Комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳларнинг фаолият тартиби Сенат Комиссияси томонидан белгиланади. Ушбу ишчи гуруҳлар фаолиятининг ташкилий жиҳатдан таъминланиши учун жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг раҳбарларига юклатилади.

10. Сенат Комиссиясининг раиси, унинг ўринбосари, котиби ва аъзолари ўз вазифаларини жамоатчилик асосида бажарадилар.

IV. Сенат Комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш

11. Сенат Комиссиясининг мажлислари заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.
Сенат Комиссиясининг мажлислари Сенат Комиссиясининг раиси, у йўқлигида эса раис ўринбосари томонидан чақирилади.

12. Сенат Комиссияси мажлисларида кўриб чиқиш учун масалалар Сенат Комиссиясининг раиси, унинг ўринбосари ва аъзолари томонидан киритилади.
Сенат Комиссиясининг мажлислари, агар уларда Сенат Комиссияси аъзоларининг камида ярми иштирок этган бўлса, ваколатли ҳисобланади.
Сенат Комиссиясининг мажлисларини Сенат Комиссиясининг раиси, у йўқлигида эса ўринбосари олиб боради.
Сенат Комиссиясининг мажлислари очиқ, ошкора ўтказилади. Мажлисларга давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф этилиши мумкин. Зарурат бўлганда, Сенат Комиссияси ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

13. Сенат Комиссиясининг барча аъзолари тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар, Сенат Комиссиясининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади.

14. Сенат Комиссиясининг мажлисида баённома юритилиб, у Сенат Комиссиясининг раиси ва котиби томонидан имзоланади.

15. Сенат Комиссияси ўз ваколатига киритилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади. Сенат Комиссиясининг қарорлари унинг мажлисида иштирок этаётган Сенат Комиссияси аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан, очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Сенат Комиссиясининг тегишли орган ва ташкилотларга юбориладиган қарорлари улар томонидан кўриб чиқилиши шарт, натижалари ёки кўрилган чоралар ҳақида, агар қарорда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, бир ойлик муддатдан кечиктирмасдан хабар қилиниши керак.

16. Сенат Комиссиясининг аъзолари унинг мажлисларида ҳозир бўлишлари шарт. Сенат Комиссиясининг аъзолари Сенат Комиссиясининг мажлисида иштирок эта олмасликлари ҳақида Сенат Комиссиясининг раисини ёки котибини олдиндан хабардор қиладилар.

V. Сенат Комиссиясининг таркибига ҳамда Сенат Комиссияси
тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби

17. Сенат Комиссияси таркибига ҳамда ушбу Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар Сенат Кенгашининг қарори билан киритилади.

Аввалгисига>>

[ tepaga ]

Sayt haqida Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati Manzil: 100078, Toshkent sh., Mustaqillik maydoni, 6 uy.
Telefon: +998 (71) 238-2638
E-mail: senat (at) tps.uz