O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Коррупцияга қарши курашиш бўйича Тошкент шаҳар идоралараро комиссиясининг ахбороти эшитилди

28.11.2017

2017 йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида бўлиб ўтган Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлисида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Тошкент шаҳар идоралараро комиссияси раҳбарининг Тошкент шаҳрида 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури юзасидан ахбороти эшитилди.
Қўмита мажлисида Сенат аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Тошкент шаҳар прокуратурасининг масъул ходимлари, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика ва Тошкент шаҳар идоралараро комиссияларининг аъзолари ва республика комиссиянинг эксперт гуруҳи аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Таъкидлаб ўтилганидек, жорий йилнинг 9 ойи давомида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Тошкент шаҳар идоралараро комиссияси томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупцияга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Тошкент шаҳар идоралараро комиссиясининг 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурини амалга ошириш бўйича иш режаси қабул қилиниб, ижроси таъминланмоқда.
Ушбу режага асосан, комиссия томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан мингга яқин учрашув, семинар ва давра суҳбати ўтказилди. Бевосита Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан аҳоли, давлат органлари ходимлари ҳамда тадбиркорлар ўртасида 250 та семинар, давра суҳбати ва бошқа тадбирлар ташкил этилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишиб боришларини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда ҳар ҳафта “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни”да “Маънавият соатлари” ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, адлия, статистика, молия, солиқ, божхона бошқармалари ва уларнинг туман бўлинмалари ходимлари ўртасида ўтган давр мобайнида давлат ҳизматчиларнинг одоб-ахлоқ қоидалари мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича 100 дан ортиқ семинар ва давра суҳбати ўтказилди.
Комиссия фаолиятини телевидение, радио, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, 2017 йил давомида “Халқ сўзи”, “Правда Востока”, “Тошкент оқшоми” ва бошқа нашрларда “Коррупция – хавфли иллат”, “Коррупцияга қарши курашиш – давр талаби”, “Департамент фош этади” каби рукнларда мунтазам равишда материаллар чоп этилмоқда.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида 593 та ҳуқуқ-тарғибот тадбири ўтказилди, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинди.
Тошкент шаҳар прокуратураси органлари томонидан ўтган давр мобайнида уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишининг ҳамда иқтисодиётга зарар етказилишининг олдини олиш, ҳокимият ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг коррупциялашган жиноятларини фош этиш, порахўрликка ва мансабни суиистеъмол қилишга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Натижада Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан 2017 йилнинг 9 ойи давомида қўзғатилган ва судга оширилган жиноят ишлари сони ўтган йилга нисбатан
26 фоизга, жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар сони эса 39 фоизга камайди.
Тергов қилинган жиноят ишлари якуни бўйича ҳар бир қонунбузарлик ҳолати юзасидан тегишли идораларга тақдимномалар киритилиб, аниқланган қонунбузарлик ҳолатларини бартараф қилиш чоралари кўрилди.
Қўмита мажлисида сенаторлар бир қатор мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида сусткашликка йўл қўйилаётганини таъкидладилар. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари юзасидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва ташкилотлар билан самарали ўзаро ҳамкорликни таъминлашга тўлақонли аҳамият берилмаган. Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижтимоий сўров ва тадқиқотлар камдан-кам ўтказиб келинмоқда.
Мажлис якунида тегишли тавсиялар ва таклифлар билдирилиб, улар қўмита томонидан қабул қилинган қарорда ўз аксини топди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati