O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
2017 йил 25 августдаги
СҚ-224–III-сонли Қарорига
илова

Ўзбекистон РеспубликасиM
Бош вазири

А.Н. Ариповга











П А Р Л А М Е Н Т С Ў Р О В И

(“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфига кирмайдиган корхоналарда темир йўлларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ушбу корхоналарда темир йўл орқали ташувлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат назоратининг ҳолати тўғрисида)

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг темир йўлда ташиш ишлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат назоратига доир қисмининг “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда “ЎТЙ” АЖ деб юритилади) тасарруфига кирмайдиган темир йўл инфратузилмасига эга бўлган корхона ва ташкилотлар томонидан ижро этилиши ўрганиб чиқилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, бугунги кунда турли вазирлик ва идораларга қарашли темир йўл инфратузилмасига эга бўлган корхоналарда “ЎТЙ” АЖ тасарруфига кирмайдиган 2800 км. узунликдаги темир йўллар ва 1412 та темир йўл шохобча йўллари мавжуд.

Ушбу темир йўлларда 570 та ҳар хил турдаги локомотив, 5200 та вагон ҳаракатланади (вагонларда асосан хавфли ва тез ёнувчан нефть, газ, бензин ва дизель ёқилғиси, заҳарли, портловчи ва радиоактив юклар, шунингдек минерал ўғит ҳамда кислоталар ташилади).

Мазкур соҳада фаолият юритувчи корхоналарда 9556 нафар ходим хизмат қилади.

“ЎТЙ” АЖ тасарруфига кирмайдиган корхона ва ташкилотларда темир йўлда ташиш ишлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат назоратининг лозим даражада йўлга қўйилмагани оқибатида қатор жиддий камчилик ва муаммолар юзага келган.

Хусусан, “ЎТЙ” АЖ тасарруфига кирмайдиган 2800 км. темир йўлларнинг 1000 км. қисми таъмирталаб, 274 км. қисми эса узоқ йиллар давомида фойдаланилмаяпти ҳамда бу йўллар яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Темир йўлларни сақлаш ва жорий таъмирлаш учун махсус техник ва технологик воситалар етишмайди ёки кўпчилик корхоналарда умуман мавжуд эмас.

Оқибатда заҳарли ва ўта хавфли юкларни ташиш жараёнида вагонларни темир излардан чиқиб кетиши ҳамда бошқа авария ҳолатлари содир бўлмоқда. Бу эса, атроф муҳит ҳамда инсонлар соғлиғига жиддий хавф солмоқда.

Хусусан, 2015-2016 йилларда корхона ва ташкилотларда 36 марта юқорида кўрсатиб ўтилган ҳодисалар содир бўлган.

Жумладан, 2015 йил январда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхонада, 2015 йил апрелда “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхонада, 2016 йил декабрда “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхонада авариялар содир бўлган.

Бундан ташқари, жами 197 та локомотив ҳамда 631 та вагон ишлаш ресурслари тугаганлиги сабабли тўхтатиб қўйилган. Биргина “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятида мавжуд 78 та вагондан 68 таси ишлаш муддати тугаганлиги сабабли тўхтатиб қўйилган.

Тормоз бошмоқлари вагонларга юк ортиш ва улардан юк тушириш бўйича ишларни бажаришда ҳамда темир йўл транспортида хавфсизликни таъминлашнинг муҳим элементларидан бири ҳисобланади. Уларнинг ҳолати бугунги кунда ўрнатилган нормативлар талабига умуман жавоб бермайди. Аксарият темир йўл корхоналарида уларнинг миқдори вагонларни таркиблаш-бўшатиш бўйича маҳаллий йўриқномаларга мувофиқ маҳкамлаш учун етарли эмас, носоз ҳолатда ёки умуман йўқ.

Локомотив ҳамда вагонларнинг носозлигини аниқлаш, уларни ўз вақтида техник кўрикдан ўтказиб, хавфсиз ишлашини таъминлаш чоралари кўрилмаган. Баъзи ҳолларда уларни таъмирлаш “Ўздавтемирйўлназорат” давлат инспекциясининг тегишли рухсатномасисиз ёки ихтисослашувга эга бўлмаган корхоналар томонидан амалга оширилган.

Темир йўл инфратузилмасига эга корхона ва ташкилотларнинг ишчи-хизматчилари, хусусан ташиш хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган ходимларнинг билим ҳамда тажрибаси бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Уларнинг малакасини ошириш, тегишли аттестация ва тиббий кўрикдан ўтказиш тизими яратилмаган ёки “Ўздавтемирйўлназорат” давлат инспекциясининг мутахассислари иштирокисиз амалга оширилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан олинган маълумотларга қараганда 2016 йилда темир йўл инфратузилмасига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ҳаракатлар хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ 5500 дан зиёд, шу жумладан поездлар ҳаракат хавфсизлигига бевосита хатар солувчи 786 та ҳолат аниқланган.

Оқибатда 102 та темир йўл шохобчаси, 184 та темир йўл стрелкали ўтказгичи, 34 та локомотив, 161 та вагон ва 11 та крандан фойдаланиш тақиқлаб қўйилган.

Умуман олганда, корхона ва ташкилотларга қарашли темир йўлларда ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат назорати амалда йўлга қўйилмаган ҳамда бу ҳолат фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, мол-мулки, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг моддий манфаатлари учун жиддий хавф-хатарларни юзага келтирмоқда.

Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг 12-моддасига ҳамда “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қуйидагилар, яъни:

1. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфига кирмайдиган корхоналарга қарашли темир йўлларда ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат назорати тизими самарали йўлга қўйилмаганлигининг сабаблари тўғрисида;

2. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфига кирмайдиган темир йўл инфратузилмасига эга бўлган корхоналарда:

- темир йўлларда ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат назоратини намунали тарзда йўлга қўйиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар;

- яроқсиз ҳолга келиб қолган локомотивлар, вагонлар, темир йўл излари ҳамда бошқа техник воситаларни белгиланган тартибда эксплуатациядан чиқариш бўйича кўрилаётган чоралар;

- мутахассис кадрларни ишга жалб қилишда “Ўздавтемирйўлназорат” давлат инспекцияси иштироки ва назоратининг, шунингдек мутахассис кадрларга қўйиладиган касбий, тиббий ва бошқа талаблар ҳамда уларни амалда қўллашнинг бугунги ҳолати ҳақида ёзма шаклда асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарингизни баён қилиш;

3. Идорага мансуб ҳаракатдаги темир йўл таркибини, техникасини, темир йўл тўхташ йўлларини давлат рўйхатидан ўтказувчи, шунингдек мулкчилик шаклидан қатъи назар, давлат рўйхатидан ўтганлик гувоҳномасини берувчи ягона органни белгилаш бўйича кўрилаётган чоралар;

4. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфига кирмайдиган корхоналарга қарашли темир йўллардан хавфсиз фойдаланишнинг барча ташкилий, техник жиҳатларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш (уларнинг лойиҳаларини тақдим этган ҳолда) бўйича таклифлар тайёрлаш талаби қўйилган

П А Р Л А М Е Н Т С Ў Р О В И

билан Сизга мурожаат этмоқда ҳамда жавобингиз Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилинишини ва унинг якунлари бўйича Сенат қарори қабул қилинишини маълум қилади.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati