O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 27 майдаги
СҚ-187–III-сонли Қарорига
илова

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири
ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги
вазири З.Т.Мирзаевга











ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ

(давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларининг таъминотчи, хизмат кўрсатувчи ҳамда бошқа ташкилотлар олдидаги қарздорлигини келтириб чиқарувчи сабаблар тўғрисида)

Мамлакатимизда аграр соҳада бозор муносабатларини, турли мулк шаклларини жорий этишга, жумладан фермерликни ривожлантиришга, фермер хўжаликларининг том маънодаги мустақиллигини таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилди.

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–4478-сонли Фармони ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, 2012 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ва унинг ҳудудий бўлинмалари фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда пахтачилик ва ғаллачилик йўналишида 53 862 та фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2 973 000 гектар ер майдонида 2016 йилда 6 016,9 минг тонна бошоқли дон ва 2 959 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилган.

Бироқ, аксарият фермер хўжаликлари томонидан контрактация шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилаётган бўлишига қарамасдан, 2017 йилнинг 1 апрель ҳолатига уларнинг кредитор қарздорлиги жами 1 587 млрд. сўмни ташкил қилади.

Бунинг сабаблари ўрганилганда кредиторлик қарздорликнинг юзага келишига қатор омиллар сабаб бўлаётгани аниқланди.

Хусусан, фермер хўжаликлари томонидан етиштирилаётган пахта ва бошоқли дон экинлари учун сарфланадиган харажатлар маҳсулот харид қийматига нисбатан юқорилигича қолмоқда.

Жумладан, 2016 йилда 1 тонна пахта хом ашёсининг давлат харид нархи 1 218,4 минг сўм бўлса, унга сарфланадиган харажатлар 1 508 минг сўмни, 1 тонна бошоқли дон экинлари харид нархи 503,5 минг сўм бўлса, унга сарфланадиган харажатлар 595 минг сўмни ташкил этган.

Кейинги 10 йилда пахта харид нархи 4,8 ва бошоқли дон харид нархи 6,1 баробарга ошган бир пайтда, минерал ўғитлар нархи 12,1 баробар, шу жумладан азотли ўғитлар 13,2, фосфорли ўғитлар 14,8, калий 6,9 баробарга, нефть маҳсулотлари нархи эса 12,9 баробарга ошган.

Оқибатда 2017 йилнинг 1 апрель ҳолатига фермер хўжаликларининг минерал ўғитлар учун кредитор қарздорлиги 810,1 млрд. сўмни, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари учун қарздорлиги эса 502,6 млрд. сўмни ташкил қилмоқда.

Суғурта бозори фаолияти, хусусан фермер хўжаликларининг суғуртага оид муносабатлари бозор иқтисодиёти талаблари асосида йўлга қўйилмаганлиги, енгиб бўлмайдиган куч ҳолатларининг (форс-мажор) содир бўлиши оқибатлари бўйича фермер хўжаликларига суғурта товонлари тўлиқ тўлаб берилмаслиги ҳам уларнинг кредитор қарздорликлари вужудга келишига сабаб бўлмоқда.

2010–2016 йиллар мобайнида пахта етиштирувчи фермер хўжаликларининг даъво аризасига кўра “Ўзагросуғурта” суғурта компанияси томонидан 119,2 млрд. сўм ўрнига 85,8 млрд. сўм тўланган.

Қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг ҳосилдорлигини белгилаш ва ернинг унумдорлигини сақлаш борасида ҳам муаммолар мавжуд.

Мустақилликка эришганимизга 25 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлишига қарамасдан, тупроқ унумдорлиги, сув таъминоти ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда, қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг ҳосилдорлигини белгилашни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас.

Шу боис, ҳосилдорлик фақатгина ер майдонининг ўртача балл бонитетидан келиб чиққан ҳолда белгиланиб келинмоқда. Ҳосилдорликни ер майдонининг ўртача балл бонитетидан келиб чиққан ҳолда белгилаш тартибига ҳам риоя этилмаяпти.

Хусусан, Фарғона вилоятида ўртача 56 балл бонитетли ер майдонларида пахта хом ашёсини етиштиришда ўртача ҳосилдорлик 28 ц. этиб белгиланган бўлса, Тошкент вилоятида бу кўрсаткичлар тегишинча 59 балл ва 26 ц.ни ташкил этади.

Бундай номутаносибликлар 2016 йил якуни бўйича 2 294 та фермер хўжаликлари томонидан 1 547 минг тонна бошоқли дон, 10 112 та фермер хўжаликлари томонидан 422,6 минг тонна пахта хом ашёси жами 585,9 млрд. сўмлик маҳсулот кам топширилиб, шартнома мажбуриятларини бажармаслик сабабларидан бири бўлган.

Фермер хўжаликларига имтиёзли кредитларни ажратиш пул маблағларига бўлган ҳақиқий эҳтиёжни инобатга олмаган ҳолда амалга оширилмоқда.

Жорий йилда Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси томонидан 2017 йил пахта ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун меъёр бўйича ажратилиши лозим бўлган 1 трн. 162 млрд. сўм ўрнига 892 млрд. сўм ёки эҳтиёжга нисбатан 270 млрд. сўм кам маблағ ажратилган.

Қолаверса, фермер хўжаликлари томонидан етказилган маҳсулотлар учун тайёрлов корхоналари томонидан аванс бериш амалиётининг йўқлиги, фермер хўжаликлари томонидан банк кредитини расмийлаштириш ва кредит фоизи учун биргина 2016 йилда 74,6 млрд сўм тўловни амалга оширишга мажбур бўлган.

Фермер хўжаликларининг даромади ҳисобидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига ҳамда Мониторинг марказларига 0,4 фоиздан маблағ ундириб олинмоқда.

2016 йилда фермер хўжаликлари томонидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига 8,1 млрд. сўм тўланган бўлса, Мониторинг марказига 2017 йилда 15,5 млрд. сўм тўланиши белгиланган.

Мазкур ҳолатлар ҳам фермер хўжаликлари томонидан ортиқча харажатлар қилиниши ва кредитор қарздорликлар вужудга келишига сабаб бўлмоқда.

Фермер хўжаликлари томонидан ягона ер солиғини тўлашда ҳам муайян муаммолар кўзга ташланмоқда.

Солиқ кодексида белгиланишича, фермер хўжалиги ягона ер солиғини ҳисобот йилининг 1 сентябригача 30 фоиз миқдорида, 1 декабригача эса тўлиқ тўлаши шарт.

Бироқ, пахта етказиб бериш бўйича контрактация шартномаларига асосан фермер хўжаликларига тегишли маблағларнинг 90 фоизи жорий йилнинг якунига қадар, қолган 10 фоизи келгуси йилнинг 1 апрелига қадар тўлаб берилиши белгиланган. Амалда фермер хўжаликларига 1 сентябрга қадар тўловлар амалга оширилмаётганлиги оқибатида, улар ушбу муддатга қадар солиқни тўламаганлиги учун қўшимча пеня тўлашга мажбур бўлмоқда.

2017 йил 1 апрель ҳолатига фермер хўжаликларининг солиқ ва давлат мақсадли жамғармаларидан 310,5 млрд. сўм асосий ва 30,6 млрд. сўм пенядан қарздорлиги мавжуд.

Юқорида баён этилганларга асосланиб ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни, “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати:

1. Давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларининг таъминотчи, хизмат кўрсатувчи ҳамда бошқа ташкилотлар олдидаги қарздорлигини келтириб чиқарувчи сабабларни чуқур ўрганган ҳолда улар юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг нуқтаи назарини баён қилиш;

2. Ушбу қарздорликлар келиб чиқишининг олдини олиш, шу жумладан амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш талаби қўйилган

П А Р Л А М Е Н Т С Ў Р О В И

билан Сизга мурожаат этади ҳамда жавобингиз Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши ва унинг якунлари бўйича қарор қабул қилинишини маълум қилади.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati