O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
2017 йил 29 мартдаги
СҚ-164–III-сонли Қарорига
илова

Ўзбекистон Республикаси
Бош вазири
А.Н. Ариповга











ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ

(мамлакатдаги маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек бошқа маданий-кўнгилочар масканларда ўрнатилган юқори технологияли аттракционлардан фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан йўлга қўйилган давлат назоратининг ҳолати тўғрисида)

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мамлакатдаги маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек бошқа маданий-кўнгилочар масканларда ўрнатилган турли аттракционлардан фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан йўлга қўйилган давлат назоратининг ҳолати тегишли давлат органларидан олинган маълумотлар асосида дастлабки тарзда ўрганилди.

Таҳлиллар кўрсатишича, мамлакатимизда мустақиллик йилларида аҳоли, айниқса, болаларнинг маданий ҳордиқ чиқаришини муносиб таъминлаш мақсадида ўнлаб маданият ва истироҳат боғлари, дам олиш масканлари очилган. Уларда хорижда ишлаб чиқарилган мингдан ортиқ техник жиҳатдан мураккаб, замонавий технологиялар асосида яратилган аттракционлар ўрнатилган.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги 322-сонли Қарори билан тасдиқланган 2011–2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ 11 та маданият ва истироҳат боғи, 1000 га яқин дам олиш маскани барпо этилган, мавжуд 135 та боғ таъмирланган ҳамда 1000 дан ортиқ замонавий аттракцион билан жиҳозланган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг январь ойида Вазирлар Маҳкамасининг республикадаги барча ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисидаги қарорлари қабул қилиниб, мазкур дастурларнинг қурилиш ва ободонлаштириш масалаларига доир қисмида маданият ва истироҳат боғлари, шунингдек бошқа кўнгилочар масканлар барпо этиш назарда тутилди.

Жумладан, биргина Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастурининг (Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 январдаги 31-сонли қарори билан тасдиқланган) 22-бандида 2017–2021 йилларда Бектемир туманидаги Чирчиқ дарёси қирғоғида 70 гектар майдонда Марказий Осиёдаги энг катта замонавий аттракционлар боғини барпо этиш режалаштирилмоқда.

Мазкур чора-тадбирлар келгусида истироҳат боғларидаги аттракционлар хавфсизлигининг давлат томонидан назорат қилинишига эҳтиёж туғдиради.

Бироқ, амалдаги қонун ҳужжатларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги кунда маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционлар, ўйин қурилмалари, анжомлари ва жиҳозларининг хавфсизлигига доир мажбурий талабларга, стандартларга, улардан фойдаланиш муддатларига риоя этилишини назорат қилувчи махсус давлат органи мавжуд эмас.

Бу эса, инсонлар ҳаёти ва соғлиғи, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга доир давлат назоратининг лозим даражада амалга оширилмаслигига сабаб бўлмоқда.

Ўтган давр мобайнида фақат бир марта – 2008 йилда “Саноатконтехназорат” Давлат инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси топшириғига асосан маданият ва истироҳат боғлари, шунингдек бошқа маданий-кўнгилочар масканларда ўрнатилган турли аттракционлар ҳолати улардан фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ўрганилган. Сўнгги йилларда маданият ва истироҳат боғларига ўрнатилаётган аттракционларнинг техник ҳолатини назорат қилиш, уларни сертификатлаштириш ва ишга яроқлилиги масалалари эътибордан четда қолган.

Аксарият маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционларнинг ҳаво (пневматик) ва гидротизимда ўрнатилган назорат-ўлчов восита-манометрлари давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаган, аттракционларга хизмат кўрсатувчи ишчи-хизматчиларнинг билими текширилмаган, мавжуд аттракционларнинг ишлаб чиқарувчи завод томонидан тақдим этилган техник паспортлари ва улардан хавфсиз фойдаланиш бўйича йўриқномалари мавжуд эмас.

Янги технологиялар асосида яратилган замонавий аттракционларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва хавфсизлик қоидалари ишлаб чиқилмаган.

Бундан ташқари, мамлакатимизга хориждан келтирилаётган аттракционларни олиб кириш, сертификатлаш, синаш, ўрнатиш тартибларини, уларни ишлатишга ва таъмирлашга масъул ташкилотларни белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас.

Бугунги кунда мамлакатдаги 148 та маданият ва истироҳат боғида бор-йўғи 19 нафар муҳандис фаолият олиб бормоқда. Қорақалпоғистон Республикасидаги 10 та боғдан 9 тасида, Андижон вилоятидаги 25 та боғдан 22 тасида амалдаги талабларга зид равишда муҳандис штати умуман жорий этилмаган. Бундай ҳолат Самарқанд, Сирдарё, Навоий, Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги айрим маданият ва истироҳат боғлари фаолиятига ҳам хосдир.

Мамлакат боғларидаги аттракционларнинг қарийб 30 фоизини фойдаланиш муддати ўтиб кетган. Бу салбий кўрсаткич Сурхондарё вилоятида 58,2 фоизни, Жиззах вилоятида 52,9 фоизни, Фарғона вилоятида эса 47,3 фоизни ташкил этади.

Бундай ҳолат баъзида маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционларда одамларнинг тан жароҳати олиши, хатто инсон ўлими билан боғлиқ нохуш воқеалар юз беришига сабаб бўлмоқда.

Мисол учун, 2012 йилда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги, 2015 йилда эса, Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги маданият ва истироҳат боғида рўй берган кўнгилсиз ҳодисалар оқибатида икки нафар фуқаро (бир нафари – 11 ёшли бола) ҳалок бўлган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг 12-моддаси ҳамда “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қуйидагилар, яъни:

1. Мамлакатдаги маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек бошқа маданий-кўнгилочар масканларда ўрнатилган турли аттракционлардан фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг давлат назорати тизими деярли ишламаётганлигига сабаб бўлган ҳолатлар;

2. Мамлакатдаги маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек бошқа маданий-кўнгилочар масканларда ўрнатилган турли аттракционлардан фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг давлат назоратини йўлга қўйиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида;

3. Аттракционлардан фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан давлат назоратини амалга оширувчи махсус орган, ихтисослаштирилган ташкилотлар тузиш учун зарур бўладиган, шунингдек хорижий тажрибани чуқур таҳлил қилган ҳолда аттракционлардан хавфсиз фойдаланишнинг барча ташкилий, техник жиҳатларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (уларнинг лойиҳаларини тақдим этган ҳолда) тўғрисида ёзма шаклда асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарингизни баён қилиш талаби қўйилган

ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ

билан Сизга мурожаат этади ҳамда жавобингиз Сенатнинг навбатдаги мажлисида муҳокама қилиниши ва унинг якунлари бўйича қарор қабул қилинишини маълум қилади.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati