Senat yangiliklari |
|---|
| 2007 yil 18 oktyabr |
|---|
|
ҚОНУН КУЧГА КИРДИ |
|---|
|
Йўллар фаровонликка хизмат қилади Мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Президент Девонининг мустақиллигимизнинг 16 йиллигига бағишланган қўшма мажлисидаги дастурий маърузасида юртимизда транспорт коммуникация тизимини ривожлантириш масаласига давлатимизни тараққий топтиришнинг асосий шарти ва мезони сифатида эътибор берилаётганини алоҳида қайд этди. Дарҳақиқат, истиқлол йилларида соҳа ривожи давлатимизнинг диққат марказида бўлди. Қамчиқ довонидан ўтадиган тезкор автомобиль йўли, “Навоий — Нукус”, “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” темир йўл магистраллари соҳада эришилган ютуқлар салмоҚини ифодалайди, десак муболаҚа бўлмайди. Шу билан бирга, халқаро аҳамиятга эга йўллар мунтазам таъмирланиб, жаҳон стандартлари даражасида сақланмоқда. Юртимизнинг жуғрофий жойлашуви азалдан Мағриб ва Машриқ халқлари ҳаётида муҳим аҳамият касб этган. Хитойдан то Римга қадар чўзилган Буюк Ипак йўли икки тамаддунни бир-бирига боғлаб, кишилик жамияти равнақига катта ҳисса қўшган. Истиқлол йилларида мана шу буюк йўл аҳамиятини янада ошириш, унинг халқаро алоқалар ривожидаги нуфузини таъминлаш учун улкан ишлар амалга оширилди. Наинки бунёдкорлик, балки йўлсозликка дахлдор қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Соҳанинг бундан кейинги равнақи нафақат минг йиллик анъаналар тимсоли сифатида, балки бозор иқтисодиётининг ажралмас қисми ўлароқ модернизация қилинаётир. Хабарингиз бор, яқинда “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида маъқулланиб, Президентимиз томонидан имзоланди ва матбуотда эълон қилинди. Қонун автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилди. Айтиш жоизки, бултур Президентимизнинг “2007-2010 йилларда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ривожлантиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Айни шу ҳужжат ижроси тегишли давлат муассасалари зиммасига юкланиб, ҳаётга татбиқ этишга киришилди. Хусусан, юқорида номи келтирилган Қонун ҳам ана шу қарор асосида ишлаб чиқилди. Илгари ширкат хўжаликлари балансида бўлган хўжаликлараро автомобиль йўлларини инвентаризациядан ўтказиш белгиланди. Улардан фойдаланиш ва фаолиятини таъминлаш туман ҳокимликлари зиммасига юклатилди. Бу жуда муҳим эди. Негаки, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида босқичма-босқич амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ширкат хўжаликлари тугатилди. Бу эса, ўз навбатида, бир пайтлар уларнинг таркибида бўлган 60 минг километрдан зиёд ички хўжалик қишлоқ йўлларининг қаровсиз қолишига олиб келди. Оқибатда, юқорида қайд этилган йўллар емирилиб, яроқсиз ҳолга тушиб қолди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бу ноқулайликлардан азият чекар, маҳсулотларини ўз вақтида ва тўкис бозорга етказишга қийналишарди. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, мазкур Қонун ушбу муаммоларни ечишда муҳим аҳамият касб этади. Таъкидлаш жоизки, автомобиль йўлларига доир амалда бўлган Қонунга шаҳарлар, шаҳар посёлкалари ва қишлоқ аҳоли пунктлари кўчалари киритилмаган эди. Биз тилга олаётган ҳужжатда кўчалар давлат мулки сифатида белгиланиб, улар билан боғлиқ муносабатлар маҳаллий ҳокимият органлари томонидан амалга оширилиши таъкидланди. Йўлларни тасарруф этишнинг аниқ тамойиллари ишлаб чиқилаётгани соҳада юзага келиши мумкин бўлган барча вазиятларни тартибга солади. Хусусан, ноқулай об-ҳаво шароитида, ёнғинлар юз берганда, автомобиль йўли кўтариш қобилиятини йўқотганда, таъмирлаш-қурилиш ишлари олиб борилаётган кезларда йўл ташкилотлари маҳаллий ҳокимият органларига бу ҳақда билдириши, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши ҳамда зарур белгини қўйган ҳолда тегишли давлат ташкилотлари билан биргаликда транспорт воситалари ҳаракатини чеклаши ёки тақиқлаши мумкин. Шунингдек, автомобиль йўллари қайси юридик ёхуд жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша шахслар ажратилган минтақада иш олиб борилаётганда ҳам, агар бундай ишлар транспорт воситалари ҳамда пиёдаларнинг ҳаракат хавфсизлигига таҳдид қилса, йўллардаги ёки уларнинг айрим участкаларидаги ҳаракатланишни чеклаш ва тўхтатиш ҳуқуқига эга эканлиги янги ҳужжатда ўз аксини топди. Тамомила янгича қарашлар, вазиятлар нуқтаи назаридан ишлаб чиқилган мазкур Қонун юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг боришига монандлиги билан ҳам муҳим. Дарвоқе, мамлакатимизда бозор иқтисодиёти муносабатлари тобора ривожланаётган бир шароитда автомобиль йўллари соҳасидаги ишларнинг янада такомиллаштирилиши катта натижалар бериши турган гап. Чунки анча кенг истеъмолда бўлган ҳамда синалган усул — автомобиль йўлларининг мулк муносабатларига ўтказилиши, албатта, соҳа тараққиётига замин яратади. Қонундан кўзланган мақсад аслида шу.
Эгамберган КАРИМОВ, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси, Урганч автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи директори. |
|---|
©2005 Oliy Majlis Senati - Designed by Abror |
|---|