Senat yangiliklari
<< Bosh cahifa|
2007 yil 5 yanvar
O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY MAJLISI SENATIDA

Тинч ҳаёт қадри
Ўтаётган ҳар бир йилнинг мамлакат ҳаётида кўзга ташланадиган муҳим аломатлари ва ўзига хос моҳияти борки, бу ҳақда гапирмасликнинг ҳеч бир иложи йўқ. Нега деганда, бугун онгу тафаккури тубдан янгиланиб, ички дунёси, ижтимоий ва сиёсий фаоллиги тобора ортиб бораётган юртдошларимизни кўриб беҳад қувонасан, киши.
Мен ҳам она, ҳам халқ­нинг ишонган вакили сифатида Президентимизнинг Ўзбекистон хал­қига табригини телевидение орқали оиламиз даврасида эшитиб, ниҳоятда таъсирландим. Чунки табрикнинг ҳар бир мисрасида инсон, унинг орзу-интилишлари, унга муносиб ҳаёт яратишдек эзгу тилаклар бор. Шу билан бирга, халқимизнинг ҳар қандай хавф-хатарлардан асраш, уйимиз, оиламиз, Ватанимизнинг осойишталиги ва бар­қарорлигини, сарҳадларимизнинг дахлсизлигини сақлаш доимий эътиборда эканлиги ҳам алоҳида қайд этилган.
Ўйлаб туриб, кириб келган Янги йил ўтган йилдагидек энг эзгу, хайрли ишларга тўла бўлсин, дегинг келади. Чунки 2006 йил ҳар биримизнинг ҳаётимизда, шунингдек, юртимиз равнақи, тараққиёти йўлида ўчмас саҳифа бўлиб қолди. Айниқса, мамлакатда тинчлик, осойишталик ҳукм сурганининг ўзи катта бахт. Зеро,тинчлик бор жойда инсонга тўй-томоша, шоду хуррамлик татийди. Шунинг учун ҳам биз осойишта, тинч ҳаётнинг қадрига етишимиз ва уни мустаҳкамлаш учун тинмай меҳнат қилишимиз зарур.
Эътироф этиш керак, айни вақтда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш, фуқароларимизни қабул қилинаётган қонунлардан хабардор қилиш ва уларнинг ижросини таъминлаш имконияти янада кенгайди. Шу боис биз юртдошларимизни 2007 йилда жамиятимизда барча соҳаларда эришилаётган ютуқлардан хабардор қилиш, қабул қилинаётган қонунларни ҳаётга кенг татбиқ этиш имконини кенгайтириш жамоатчилик назоратини  янада кучайтиришни ўз олдимизга мақсад қилганмиз. Холбуки, Ижтимоий ҳимоя йили муносабати билан муҳтож инсонлар, кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали жамиятимизда ўзаро қадр-қиммат, меҳр-оқибат, бағрикенглик муҳити мустаҳкамланади.

 


Ҳамротош ШОДИЕВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

“Халқ сўзи” газетаси 5 январь, 2007 йил

 

©2005 Oliy Majlis Senati - Designed by Olimjon