Senat yangiliklari
<< Bosh cahifa|
2007 yil 19 yanvar
O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY MAJLISI SENATIDA

Аҳолини шинам уй-жой билан янада тўлароқ таъмин этиш, уй-жой қурилишини айниқса кичик шаҳарлар ва қишлоқларда жадал ривожлантириш, уй-жой қурилишига узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити бериш тизимини кенг жорий этиш масалаларига муҳим аҳамият бериб, “Уй-жой қурилиши ва уй-жой бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори қабул қилинди. Якка тартибдаги уй-жой қурувчиларни ҳамда аҳоли учун уй-жой барпо этаётган хўжалик юритувчи субъектларни кредитлашга кўмаклашиш мақсадида мазкур қарор асосида “Ипотека-банк” акциядорлик-тижорат ипотека банки ҳамда Ипотека кредити беришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Қарор бу соҳадаги қонунчилик базасини ривожлантиришга қудратли омил бахш этди. “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2006 йил 30 декабрдаги 272-сонли ҳамда “Уй-жой қурилишига, уни реконструкция қилишга ва сотиб олишга ипотека кредити бериш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2007 йил 3 январдаги 2-сонли қарорлари қабул қилинди.
Ана шу муҳим масала 2007 йил 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда “Ипотека-банк” акциядорлик-тижорат иотека банки ҳамкорлигида “Ипотека муносабатларини ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларини такомиллаштириш йўллари” деган мавзуда ташкил этилган давра суҳбатида муҳокама мавзуи бўлди.
Давра суҳбати иштирокчилари таъкидлаганидек, ҳозирги кунда мамлакатимизнинг барча минтақаларида “Ипотека-банк”нинг 38 филиали ва 150 дан ортиқ мини-банклари аҳолининг кенг қатламларига банк соҳасида замонавий хизматлар кўрсатиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида банк ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан уй-жой қурилишига, уни сотиб олиш ва таъмирлашга ўз маблағлари ҳисобидан 7,1 млрд сўм миқдорида, шунингдек қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъктларга 22,8 млрд сўм миқдорида ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга 14,2 млрд сўм миқдорида ипотека кредитлари берилди. Ипотека кредити беришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан имтиёзли ипотека кредитлари бериш механизми йўлга қўйилмоқда.
Анжуманда ипотека муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ҳамда уй-жой қурилишига узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш тизимини жорий этиш тажрибаси, шунингдек юқорида зикр этилган қонун ҳужжатлари қабул қилинганлигидан келиб чиқиб, ипотека муносабатларининг ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.
Тадбирда мамлакатимизда, айниқса кичик шаҳарлар ва қишлоқларда уй-жой қурилишига ипотека кредитлари берилиши устидан мониторинг ташкил этиш ҳамда бундай кредитлашнинг рағбатлантирувчи механизмини жорий этишнинг, шунингдек ёш оилаларни аниқ тарзда ижтимоий ҳимоя қилишнинг аҳамияти ва зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Баҳс ва мунозаралар асносида ипотека бозорини ривожлантириш ҳамда ипотека муносабатларини рағбатлантириш, ипотекани рўйхатдан ўтказиш механизмларини такомиллаштириш, қимматли қоғозлар бозори ва ипотека билан боғлиқ бошқа молиявий бозорларнинг норматив-ҳуқуқий базасини шакллантириш масалалари юзасидан давра суҳбати иштирокчилари ўз таклифларини билдирдилар ҳамда тавсиялар қабул қилдилар.
Давра суҳбатида сенаторлар, Марказий банкнинг, вазирлик ва идораларнинг, тижорат банкларининг, муҳандислик-қурилиш компаниялари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.  

 

O`zbekiston Respublikasi
Oliy Majlisi Senatining
Matbuot xizmati
©2005 Oliy Majlis Senati - Designed by Olimjon