Cарҳисоб
Мукаммал Қонунлар — тараққиётимиз асоси
2006 йил мамлакатимиз тараққиёти, юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишда алоҳида аҳамият касб этди. Албатта, фуқаролик жамияти қуришда унинг ҳуқуқий базасини яратиш муҳимдир. Шу боис, ўтган йили Олий Мажлис Сенатида бу борада муайян ишлар амалга оширилди. Мухбиримизнинг юқори палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси Абдурашид Алтиев билан суҳбати қўмитанинг қонунчилигимизни янада такомиллаштириш, амалдаги қонунлар ижросини назорат қилиш борасида бултурги қилинган ишлари хусусида бўлди.
— Абдурашид Султонович, қўмита ўтган йили қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолияти бўйича қандай ишларни амалга оширди?
— Айтиш лозимки, ўтган ўн икки ой мобайнида қўмитанинг асосий иш йўналишлари — қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолияти анча сермаҳсул бўлди. Бултур қўмитада иқтисодиётимизнинг ривожи учун муҳим бўлган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, масалан, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тартиб-таомиллари соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Истеъмол кредити тўғрисида”ги, “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги, “Микромолиялаш тўғрисида”ги, “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги каби қонунлар чуқур ўрганиб чиқилди ва улар юзасидан хулосалар тайёрланди.
2006 йилда қўмита томонидан Сенатнинг бўлиб ўтган тўртта ялпи мажлиси муҳокамасига жами йигирмадан ортиқ қонун ҳужжатлари киритилди ва уларнинг барчаси маъқулланди.
Албатта, қабул қилинган ҳар қандай қонун амалдаги ижроси билан аҳамиятлидир. Шу боис, қўмитамиз ўтган йили ўзининг назорат-таҳлил фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, 2006 йилнинг май ойида қўмитада Марказий банкнинг 2005 йилдаги фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботи тингланди ва у бўйича қўмитамиз хулосалари Сенат Кенгаши ҳамда унинг олтинчи ялпи мажлиси муҳокамасига киритилди. Шу билан бирга, ўша ойда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2005 йилги ҳисоботи ҳам тингланди ва тегишли хулосалар қилинди.
Ўтган йилнинг июль ойида Навоий вилояти ҳокимлигида “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Бухоро ва Навоий вилоятларида ижро этилиши ҳамда Навоий вилояти иқтисодиётини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш юзасидан қўмитанинг халқ депутатлари Бухоро ва Навоий вилояти Кенгашлари билан қўшма сайёр мажлиси ўтказилди. Мажлисда ҳар иккала масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди ва ижро учун тегишли вазирлик ҳамда идораларга юборилди. Ноябрнинг охирида қўмита томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2007 йилги Давлат бюджети юзасидан хулоса ва таклифлар тайёрланди. Ушбу ҳужжат қўмита тавсиясига кўра Сенат Кенгаши муҳокамасига киритилди ва унинг саккизинчи ялпи мажлисида маъқулланди. Декабрь ойида эса Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитасида “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси натижалари ўрганилди. Ушбу масала бўйича ҳам қўмитанинг қарори қабул қилиниб, ижро этиш учун мутасадди идораларга юборилди.
— Қонунлар ижроси, етилган таклифларни умумлаштирувчи турли тадбирлар ўтказиш ҳам қўмитанинг асосий фаолиятларидан бири ҳисобланади. Ушбу йўналишда қилинган ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз...
— Маълумки, юқори палата томонидан Президентимизнинг ўтган йилнинг 10 февралида Вазирлар Маҳкамасидаги 2005 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва 2006 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган ҳамда Сенатнинг ўтган йили 24 февралда бўлиб ўтган бешинчи ялпи мажлисидаги маърузаларидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш юзасидан Ҳаракат дастури ишлаб чиқилган эди. Ўтган йили фаолиятимизда асосий эътиборни ана шу дастурни ҳаётга татбиқ этишга ҳам қаратдик. Жумладан, дастур доирасида йигирмадан зиёд давра суҳбати, конференция, семинар ва бошқа турли тадбирлар ўтказилди. Хусусан, март ойида “Ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва иқтисодий ривожлантириш имкониятлари ва вазифалари” мавзуида бўлиб ўтган давра суҳбатини алоҳида қайд этгим келади. Чунки бу мавзу бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. Мазкур тадбирда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда тегишли корхоналар мутасаддилари иштирок этдилар. Яна қўмита томонидан сентябрь ойида ўтказилган “Хусусийлаштирилган корхоналар мониторинги ҳамда корпоратив бошқарувнинг норматив-ҳуқуқий асослари” мавзуидаги давра суҳбати ҳам қизғин кечди. Анжуманда қатнашган Адлия ва Молия вазирликлари, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси мутасадди вакилларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари ҳам ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлади.
Қўмитамиз октябрь ойининг охирида ўтказган “Истеъмол кредити ва микрокредитлаш жараёнларининг қонунчилик базасини янада такомиллаштириш” мавзуидаги семинари эса кредит соҳасида ҳуқуқий пойдеворни янада мустаҳкамлашда ўзига хос аҳамият касб этди.
Таъкидлаш лозимки, ушбу анжуманларда ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар Вазирлар Маҳкамаси, Адлия, Молия, Иқтисодиёт, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Ички ишлар вазирликлари ҳамда тегишли давлат қўмиталари ва бошқа идораларга юборилди.
Умуман ўтган давр ичида қўмита аъзолари томонидан Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисларида кўрилган масалаларни кенг оммага тушунтириш мақсадида ўзлари сайланган ҳудудларда тўрт юзга яқин бевосита учрашувлар ўтказилди. Уларда юқори палата маъқуллаган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш жараёнида қонун ҳужжатининг мақсади, келажакда аҳоли учун қандай имкониятлар ва қулайликлар яратиши ҳақида сўз юритилди. Ўтган давр мобайнида қўмита аъзолари томонидан 800 нафардан зиёд фуқаро қабул қилинди ва уларнинг мурожаатлари бўйича тегишли ташкилотларга сенатор сўровлари юборилди.
Дарҳақиқат, ўтган йили қўмитамиз аъзолари ўз зиммасидаги масъулиятни теран ҳис этган ҳолда фаолият юритишга ҳаракат қилдилар. Насиб бўлса, жорий йилда ҳам мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ижтимоий-иқтисодий самарасини янада оширишнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш юзасидан барча имконият ва салоҳиятимизни сафарбар этамиз.
|