Senat yangiliklari
<< Bosh cahifa|
2007 yil 7 may
O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY MAJLISI SENATIDA

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг қўшма мажлиси бўлди. Сурхондарё вилояти ҳокимлигида ўтган мажлисда «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилишини мазкур вилоят мисолида ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Ушбу масалани муҳокама қилиш асносида аҳоли саломатлиги ҳолатини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ва такомиллаштиришга қаратилган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари, шунингдек Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури қабул қилинганлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.
Сенаторлар Сурхондарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг асосий натижаларини таҳлил этиб, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуннинг ижро этилиши юзасидан муайян ишлар олиб борилаётганлигини қайд этдилар. Воҳада шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизими шакллантирилган – шу соҳадаги Республика илмий марказининг, шунингдек кардиология ва жарроҳлик бўйича ихтисослаштирилган марказларнинг, ортопедия илмий-тиббий марказининг энг янги даволаш ва диагностика ускуналари билан таъминланган вилоят филиаллари ташкил этилган. Тиббий тикланиш ва физиотерапия илмий-текшириш институтининг Термиз филиали, 238 та қишлоқ даволаш пункти ишлаб турибди.
Мавжуд тиббий муассасалар капитал таъмирдан чиқарилмоқда ва янгилари қурилмоқда. 2006 йилнинг ўзидагина шу ишларга вилоят бюджетидан 515,6 миллион сўм, тиббиёт ускуналарини сотиб олишга 316 миллион сўм, шунингдек беғараз хайрия ҳомийлик ёрдами ҳисобидан 2 миллиард сўм сарфланди. Чет эл инвестициялари ҳам жалб этилди.
Кейинги йилларда оналар ва болалар ўртасида ўлим ҳоллари камайиб бориши тамойили қайд этилмоқда. Ҳар йили 10 мингдан ортиқ ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг саломатликларини амбулаторияларда ва стационар шароитларда тиклаш таъминланмоқда.
Шу билан бирга Қонун талаблари ҳар тарафлама мукаммал бажарилишига ҳамда вилоятдаги туғруқ муассасаларининг тиббиёт ускуналари билан бундан кейинги таъминотига, тиббиёт муассасаларининг рентгенолог, фтизиатр ва психиатр сингари юқори малакали мутахассислар билан таъминланиш даражасини оширишга доир ишлар кўламини кенгайтириш зарурлиги қўшма мажлис иштирокчилари томонидан таъкидлаб ўтилди.
Мажлис иштирокчилари аёлларнинг репродуктив саломатлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор бердилар. Фарзанд кўриш ёшидаги аёлларни, шунингдек болаларни соғломлаштириш, касалхоналар ҳамда поликлиникалардаги оналар ва болалар учун мўлжалланган, профилактика ва даволашга ихтисослашган марказлар ишини яхшилаш масалаларини ҳал этиш муҳим эканлиги ҳам айтиб ўтилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, атроф муҳит ҳолатини яхшилаш, Сурхондарё вилоятининг талай қисмида сезилаётган чегаралараро омилларнинг салбий таъсирини бартараф этиш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилиши зарур.
Анжуманда амалдаги қонун ҳужжатларини ижро этиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва илмий муассасаларнинг аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш масалаларидаги ролини ошириш ишларини янада кучайтиришга қаратилган тегишли таклиф ва тавсиялар баён этилди.
Муҳокама якунлари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.       
Қўшма мажлис ишида сенаторлар, халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг депутатлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.      

O`zbekiston Respublikasi
Oliy Majlisi Senatining
Matbuot xizmati
©2005 Oliy Majlis Senati - Designed by Abror