Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида
АХБОРОТ
2007 йил 30 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Парламент юқори палатасининг аъзолари ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунини “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқишдан бошладилар. Қонун этил спиртини, алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотларини контрабанда йўли билан олиб киришга, қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ва муомалага киритишга, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаган ҳолда ишлаб чиқариш, сақлаш ва ташишга, ўтказишга, ишларни бажариш ёки хизматларни кўрсатишга қарши курашни кучайтиришга қаратилганлиги кўрсатиб ўтилди. Қонунда истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғига реал хавф соладиган ана шундай қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларга чек қўйиш чора-тадбирлари назарда тутилмоқда, бундай қонунбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Қонунда чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик ёки муомалага киритганлик учун ҳам жавобгарлик назарда тутилмоқда. Қонунда назарда тутилган ҳуқуқий чоралар маҳсулотларни, агар уларни истеъмол қилиш фуқароларимизнинг соғлиғи ва ҳаётига хавф соладиган бўлса, қонунга хилоф равишда олиб киришнинг, ғайриқонуний тарзда ишлаб чиқаришнинг олдини олиш ва пайини қирқиш учун янада самаралироқ шароитлар яратилишига олиб келади.
«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 125-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Қонун ҳам сенаторлар томонидан кўриб чиқилди ва маъқулланди. Қонунда мужассам топган ҳуқуқий чоралар энг аввало автомототранспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилгандир.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикасининг халқаро фаолияти билан боғлиқ иккита ҳуқуқий ҳужжат кўриб чиқилди ва маъқулланди. Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, шулардан биринчиси «Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартномани (Семипалатинск, 2006 йил 8 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўлиб, у Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан илк бор 1993 йил 28 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида илгари сурилган ташаббуснинг мантиқий ҳосиласидир. Ўзбекистон Президентининг айни ана шу ташаббуслари 2006 йил 8 сентябрда Семипалатинскда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартномани имзолаш йўли билан халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилди. Бу Шартнома минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва тинчлик сақланишини таъминлашга қаратилган муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатдир.
Халқаро туркумга мансуб иккинчи ҳуқуқий ҳужжат – “Марказий Осиё Ҳамкорлиги” Ташкилотининг Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига интеграцияси тўғрисидаги Баённомани (Минск, 2006 йил 23 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун “Марказий Осиё Ҳамкорлиги” Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг Евросиё маконида интеграция жараёнларини янада ривожлантириш ҳақидаги Қарорини (Санкт-Петербург, 2005 йил 6 октябрь) амалга ошириш билан боғлиқ. Қарорда “Марказий Осиё Ҳамкорлиги” Ташкилотини Евросиё иқтисодий ҳамжамияти билан бирлаштириш ҳақидаги қоида мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, бу интеграциялашув жараёнлари ривожланишидаги янги босқичдан далолат беради.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йилдаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботни ҳам маъқулладилар.
Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2006 йилдаги фаолияти ҳақидаги, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаб, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2006 йилдаги фаолияти ҳақидаги масалани кўриб чиқиб, уларнинг ишини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқдилар.
Парламент юқори палатасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги масалаларни ҳамда Сенат ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Тўққизинчи ялпи мажлисда ҳаммаси бўлиб 24 та масала кўриб чиқилди, уларни муҳокама қилишда 67 нафар сенатор сўзга чиқди.
Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган ва маъқулланган барча қонунлар жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, унинг ҳаётий фаолияти билан боғлиқ ҳамма соҳаларни ислоҳ қилиш вазифаларини изчиллик билан ҳал этишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Айни шу жиҳатдан олганда сенаторлар томонидан маъқулланган хусусан қуйидаги қонунлар – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Қонунчилик палатасига лойиҳалари киритилган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий Қонун ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига (89-моддасига, 93-моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига) тузатишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун, шунингдек «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун алоҳида аҳамият касб этади.
Мазкур қонунлардаги қоидаларнинг амалга оширилиши бутун сиёсий, давлат қурилиши тизимига, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар жараёнларига, мамлакатни демократик жиҳатдан янгилаш бардавомлигига чуқур таъсир ўтказади.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.
|