Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди.
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш вазифаларини изчил ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонунлар ва масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.
Кеча, 2007 йил 28 мартда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.
Кенгаш аъзолари Олий Мажлис Сенатининг Раиси ўринбосари Ф.Муҳитдинованинг парламент юқори палатасининг тўққизинчи ялпи мажлисига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишлар ҳақидаги ахборотини тинглаб, маълумот учун қабул қилдилар.
Қўмиталарнинг раислари ялпи мажлис муҳокамасига киритилаётган қонунлар ва бошқа масалалар юзасидан хулосалар тайёрлиги ҳақида ахборот бердилар, мажлис ишини ташкил этиш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг прокуратура органларининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2006 йилдаги фаолияти ҳақидаги, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларига оид масалалар шулар жумласидандир.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Кенгаш тегишли қарорлар қабул қилди.
* * *
Шу куни Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари, шунингдек Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталари ўз мажлисларини ўтказди. Мажлисларда сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қонунчилик палатасига лойиҳалари киритилган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига (89-моддасига, 93-моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига) тузатишлар киритиш тўғрисида»ги Қонунни, шунингдек «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунни кўриб чиқишга эътиборни алоҳида қаратдилар. Шу нарса таъкидлаб ўтилдики, мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар сиёсий партияларнинг жамиятдаги ва ҳокимият тузилмаларидаги фаолиятини кучайтиради, бундан буёнги демократик ўзгаришларга кенг йўл очади, ҳокимият турли тармоқлари ўртасидаги мувозанатни янада мустаҳкамлайди, юртимизда барқарорлик сақланишига, жамиятни демократлаштириш ва мамлакатни модернизациялаш жараёни янада теранлик касб этишига кўмаклашади.
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида ана шу ҳуқуқий ҳужжатлардан ташқари бошқа қонунлар, хусусан тузнинг йодланиши тизимини такомиллаштириш ҳамда йод етишмаслиги касалликларининг режали асосдаги профилактикаси юзасидан тезлик билан чоралар кўрилишини таъминлашга, мамлакат аҳолисининг соғлиғини тубдан яхшилашга, йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасида давлат бошқарувини йўлга қўйишга қаратилган «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги, фуқароларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш, низоларнинг олдини олиш, оиланинг жамиятдаги нуфузи, ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда бошқа мақсадларда мужассам топадиган хайрли фаолият – ҳомийликка бағишланган «Ҳомийлик тўғрисида»ги қонунлар ҳам кўриб чиқилди. Ҳомийлик тўғрисидаги қонунда юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийликни ихтиёрий равишда ҳамда монеликсиз амалга оширишга бўлган ҳуқуқи мустаҳкамланиб, пул маблағлари ва бошқа моддий маблағлар бериш, шунингдек бошқа шаклда ёрдам кўрсатиш ҳомийлик ҳисобланмайдиган ҳоллар белгилаб қўйилмоқда. «Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзолари ҳам тўққизинчи ялпи мажлис кун тартибига киритилаётган масалаларни муҳокама қилдилар.
Парламент юқори палатаси аъзолари мажлисларда бўлажак ялпи мажлиснинг дастлабки кун тартибидаги масалалар билан бир қаторда Сенатнинг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни ҳам кўриб чиқдилар, ваколатлари доирасига кирадиган бошқа масалаларни муҳокама қилдилар.
|